Халқаро ташкилотлар АҚШдан Рустам Иноятовни "қора рўйхат"га киритишни сўради

Рустам Иноятов Фото муаллифлик ҳуқуқи official
Image caption Рустам Иноятов 1995 йилдан бери СНБ раиси бўлиб ишлайди

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (СНБ) раиси Рустам Иноятовни АҚШнинг "қора рўйхати" деб ном чиқарган Магнитский рўйхатига киритишни тавсия қилди. Иноятов Ўзбекистонда кенг ёйилган қийноқларга бош-қош бўлишда айбланмоқда.

23 халқаро ташкилот номидан АҚШ ҳукуматига ёзилган мурожаатда Иноятов билан бирга турли давлатлардаги яна 14 расмий исми келтирилган.

Мактубда айтилишича, МХХ (СНБ) раиси Рустам Иноятов Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакилини ноҳақ тутқунда ушлаш ва Ўзбекистон кенг ёйилган қийноқ қўллаш сиёсатига бош-қош бўлишда масъул.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Рустам Иноятов кетадими?

Мурожаатда ноҳақ қийноқларга тутилган ҳуқуқ ҳимоячисининг исми шарифи келтирилмаган.

Бироқ Human Rights Watch нинг минтақадаги вакили Стив Свердловнинг Би-би-сига айтишича гап Аъзам Фармонов ҳақида бормоқда

Жабрланувчи Ўзбекистонда камбағал ҳамда имконияти чекланган одамларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилганлиги айтилган.

Мактубда келтирилишича, Аъзам Фармонов 2006 йилнинг 29 апрелида СНБ томонидан товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган. Халқаро ташкилотларнинг таъкидлашича, ушбу айблар 2005 йил 13 май Андижон қирғинидан сўнг ҳукумат танқидчиларининг овозини ўчириш учун махсус кучлар томонидан уюштирилган.

Жабрланувчини қамоқда ўтирган умри давомида бир неча маротаба қийноқларга тутилган. У ҳозир ҳам қамоқда қолмоқда. Қамоқда уни дўппослашган, осиб ўлдиришга билан қўрқитишган ва ҳафталаб қаҳратон совуққа чиқариб қўйишган.

Фармонов аввалига 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган, бироқ озодликка чиқишига 2 ҳафта қолганида яна 5 йил қўшиб берилган. Бир неча хасталиклар кузатилган бўлса-да, унга қамоқхонада зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

"Ижрочи, МХХ (СНБ) раиси, СНБ назорати остида бўлган маҳбусларнинг сақланиш шароитлари учун масъул ҳисобланади. Шу билан бирга у Қийноқларга қарши қўмита 2013 йилда таъкидлаган "тизимли, кенг ёйилган ва олқишланадиган" қийноқлар амалиёти ва сиёсатини бошқарган", - дейилади мактубда.

Мактуб АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон ва Молия вазири Стив Мнучин номига ёзилган.

Магнитский рўйхати 2009 йилда Москва полицияси идорасида вафот этган ҳуқуқшунос Сергей Магнитский шарафига тузилган. Магнитский ва унинг сафдошлари Россия бюджетидан ўмарилган катта маблағ ишини фош этаётган бўлган.

АҚШ сенати ушбу молиявий фирибгарликка алоқаси бор россиялик амалдорларга персонал санкция қўллаш таклифи билан чиқди.

Кейинчалик ушбу рўйхатга дунёнинг бошқа давлатларида молиявий фирибгарлик, қийноқлар, инсон ҳуқуқларини топтаган амалдорларни ҳам киритиш жорий қилинди.

Ушбу рўйхатга тушган амалдорларга қарши молиявий санкциялар ва виза тақиқлари қўлланилади.

Мактубга имзо чеккан Human Rights Watch ташкилотининг минтақадаги вакили Стив Свердловнинг таъкидлашича, Магнитский рўйхати коррупционер ва мансабини суистеъмол қилувчи амалдорларни жазолаш учун жуда ҳам самарали воситадир.

"Бу рўйхат шуниси билан аҳамиятлики, у бутун давлатга қаратилмайди. Хос амалдорларни нишонга олиш эвазига унинг самарадорлиги ошади. Рўйхатга тушган мансабдорларнинг хориждаги банк ҳисоб рақамлари музлатилади ва виза олишда муаммоларга дуч келади", - дейди Стив Свердлов.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ