Ёш вазир ўринбосарининг тинмасдан ишлаши муҳокамага сабаб бўлди

Алишер Саъдуллаев

Сурат манбаси, Facebook

Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари Алишер Саъдуллаевнинг дам олишсиз, тинмасдан ишлаши Би-би-си Ўзбек ўқувчиларининг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

Алишер Саъдуллаев Facebookдаги саҳифасида якшанба бўлишига қарамасдан Самарқандга келганини ва 1,5 йил тинмасдан ишлашини ёзиб қолдирди.

Би-би-си Ўзбек томонидан ушбу фикрга муносабат сўралганда ижтимоий тармоқлардаги ўқувчиларимиз жуда кўп фикр қолдиришди.

Уларнинг айримлари якшанба бўлса ҳам ишда ўтиришганини ёзган бўлса, баъзилар дам олишсиз ишлаш соғлиққа зиён эканлигини ёзди.

Вазир ўринбосарини мақтанчоқликда айблаганлар ҳам бўлди.

"Ишини ўзи дам олиш-ку, Самарқандда нима бор аввал Тошкентдан бошладинми Тошкентни эплаб қўй. Қанча мактаблар ва боғчалар муаммоли, қанчаси қишга тайёрми, спорт заллар тайерми, ўқув лабаратория мавжудми ва ҳаказо. Иш тиқилиб ётибди-ку. Агар чала-чулпа ишлашни ёки кўзбўямачилик килишни давом эттириб ишладим, деб ўйласа, унда бунақа ишни кераги йўқ", - деб ёзади Тўлқин Юлдашев.

"Ҳа энди ёш-да ҳали... Куч-ғайрати бор, ўзи ишлайверсин, дей дейман-у, мана ўзим ҳам якшанба куни ишда ўтирибман", - деб ёзади Ibn Ma'ruf.

Кўпчилик фикр қолдирувчилар дам олишсиз ишлаш нотўғри эканлигини айтган.

"Инсон боласи ҳам 9 ойда дунёга келади, айрим ҳолларда 7 ойда. Биз хоҳлаган такдиримизда ҳам демократик ислоҳатларни тезлаштириб ҳаетга татбиқ этишимиз иложиси йўқ. Ҳар бир ишимизни етти ўлчаб бир кесадиган қилишимиз керак. Дам олмасдан ишлаб бир нарсага эришмаймиз. Кўз бўямачиликни, пахта қўйишни йиғиштириш керак", дейди Abdumannof Nigmanov.

Komil Yusupov : Стив Жобс айтганидек, 12 соат эмас, балки калла билан ишлаш керак, дейди.

Abdul Ahad Abdurahmon Ғарб жамияти ҳафтада икки кун дам олиш учун курашганини айтаркан, Ўзбекистонда жума кунини дам олиш қилиш кераклигини таъкидлайди.

"8 соат иш, 8 соат уйқу, 8 соат оилавий ҳаёт, ҳафтада бир кун (якшанба куни черковга боргани, кейинчалик ҳафтада икки кун (шанба куни синегогга боргани)) дам олиш учун Ғарб жамияти курашди ва бунга эришди.

Бизда нафақат дам олиш куни керак, балки Жума кунига кўчирилса улуғ иш бўларди. Шунда ҳамма, болалардан тортиб катталаргача, ҳотиржам жума ибодатларини адо этиб, кейин яна ишига давом этаверарди".

Xusan Yulchiev 4 йилдан бери якшанба куни ҳам ишлашини айтади.

"Бизани якшанба куни ишлашни бошлаганимизга мана 4 йил бўлди. Буларда янгилик экану. Барибир фойдаси йўқ. Фойда ва самара бериши учун бутун давлат ишида ишлайдиганлар дунёқарашимизни тубдан ўзгартиришимиз керек. Агар бу ишни қилмасаканмиз, 1000 йил дам олмай ишласак ҳам, натижа бўлмайди".

"Халкимизда яхши дам мехнатга хамдам деган бир макол бор. Хар бир нарсани ўз вақтида ва меъёрида бўлгани маъқул. Агар шу иш вақтида ишни рисоладагидек бажарилса дам олиш кунига ишни ўзи қолмайди", деб ёзади Sarvinoz Sotiboldiyev.

Айримлар вазирнинг ёш ўринбосари неча соат ишласа ҳам бошқаларни бундай қилишга мажбурламаслик кераклигини таъкидлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев бир йиғилишда Ўзбекистонда 2 йил "фавқулодда ҳолат" жорий қилинишини ва амалдорлар ҳамда давлат хизматчилари бу вақт давомида дам олишсиз ишлашини таъкидлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02