Президент Мирзиёев АҚШга Алишер Усмонов самолётида учиб бордими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz
Image caption Президентнинг Нью-Йоркда кутиб олиниши акс этган суратда "Бурхон"нинг пастки жигарранг қисмини кўриш мумкин.

Би-би-си кузатувларига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни АҚШга миллиардер Алишер Усмоновнинг хусусий самолётида учиб борганининг эҳтимоли жуда катта.

Президент Мирзиёев қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган БМТнинг Бош ассамблеясида нутқ сўзлаши ва Ўзбекистон-АҚШ Бизнес форумида қатнашиши кўзда тутилган.

Алишер Усмоновга тегишли Airbus A340-313 самолёти M-IABU регистрацион рақамига эга. "M-IABU"нинг охирги тўрт ҳарфи "Мен Алишер Бурхонович Усмонов (I'm Alisher Burkhanovich Usmanov) деганини англатади.

Би-би-си Ўзбекистон Президентининг ўз самолётида эмас, балки Усмоновникида учаётгани борасида Тошкентдаги манбасидан хабар олгач, M-IABU ҳаракатини flightradar24 сайтида жонли равишда кузатиб турди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи flightradar24
Image caption Усмонов учоғининг Тошкентдан Нью-Йоркка парвози

Мазкур самолёт Тошкент аэропортидан маҳаллий соат 09:19да ҳавога кўтарилди ва 13 соату 5 дақиқа тўхтовсиз учиб Нью-Йоркнинг JFK аэропортига етиб борди.

Самолёт дунёдаги энг қимматбаҳо шахсий учоқлардан бири саналиб, нархи 350 миллион доллар экани айтилади.

Самолет бортига Алишер Усмоновнинг отасининг исми - "Bourkhan" (Бурхон) сўзи ёзилган.

Аммо, нега Ўзбекистон президенти ўзининг самолёти эмас, балки ўзбек ҳукумати аъзоси саналмаган Алишер Усмоновникида бу каби нуфузли сафарга чиқишга қарор қилди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи flightradar24
Image caption Сафар тафсилоти

Нега ушбу сафар тафсилотлари телевидение орқали намойиш этилмади?

Президентга Усмоновнинг ўзи ҳамроҳлик қилаётгандими?

18 сентябрь куни эфирга узатилган "Ахборот" кўрсатувида Президент Мирзиёевнинг афтидан бир қўриқчиси билан Тошкент аэропортидан чиқиб кетаётгани намойиш қилинди, аммо одатга айланган учоққа чиқиб кетиш кадрлари кўрсатилмади.

19 сентябрь куни uza.uz Президентнинг АҚШга етиб келгани ҳақидаги мақоласига унинг Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Каролин Ламм томонидан кутиб олинаётгани акс этган суратини илова қилди.

Суратда Алишер Усмонов самолётининг пастки жигарранг қисми кўринган.

Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, Алишер Усмонов Ўзбекистонга тез-тез келадиган бўлди.

Россия Президенти Владимир Путинга яқин экани айтиладиган Усмонов Ўзбекистон Президенти билан қудачилик ришталарига эга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Axborot
Image caption Нега "Ахборот" Президент Мирзиёевнинг қандай учоққа чиққанини намойиш қилмади?

Президент Мирзиёев рафиқасининг жияни Диёра Алишер Усмоновнинг 2013 йилда ҳалок бўлган жияни Бобурнинг бевасидир.

Би-би-си Усмоновнинг самолёти нега АҚШга учганини билиш учун Усмоновга тегишли "Металлоинвест" компаниясининг жамоатчилик билан ишлаш масалалари бўйича котиби Юлия Мазанова билан уланишга уринди.

Мазанованинг котиби Би-би-сига уларда бундай маълумот йўқлигини айтди, ҳамда ёзма равишда мурожаат қилишни тавсия қилди.

Би-би-си "Бурхон" самолётида Алишер Усмоновнинг ўзи ҳам президент билан учган ё учмаганидан бехабар.

Ўзбекистон-АҚШ Бизнес форумининг иштирокчилари рўйхатида Ўзбекистон ҳукуматининг қатор расмийлари ва тадбиркорлар исмлари келтирилган, аммо улар орасида Алишер Усмонов йўқ.

Аноним тарзда Би-би-сига гапирган тошкентлик журналистнинг айтишича, Президент Мирзиёев хавфсизлик хавотирлари туфайли Президент учоғи эмас, балки Усмоновникида учаётган бўлиши мумкин.

Президент Мирзиёев Нью-Йоркка жўнаб кетди

Мирзиёев Америкадан неча миллиард долларлик шартнома билан қайтади?

Алишер Усмонов Ўзбекистонга қайтмоқчи

Алоқадор мавзулар