Мирзиёев ал-Хоразмий ҳақида Би-би-си лавҳасини тилга олди

Президенг Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашган Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz
Image caption Президенг Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашган

Президент Шавкат Мирзиёев буюк ўзбек алломаси ал-Хоразмий ҳақида Би-би-си томонидан тайёрланган махсус лавҳани мисол тариқасида келтирди.

Нью Йоркда бир гуруҳ ўзбекистонликлар билан учрашувда Президент Мирзиёев Ўзбекистонда Мирзо Улуғбек ва ал-Хоразмий мактабларини очиш тўғрисида бежизга қарор чиқармаганини айтди.

Видеони YouTube каналимизда томоша қилинг

Ҳозирги ёшлардан ҳам Мирзо Улуғбек ва Хоразмийга муносиб авлод чиқишини орзу қилишини таъкидлаган Ўзбекистон Президенти Би-би-си томонидан тайёрланган туркум лавҳалар ичида Муҳаммад ибн Муса ал-Хоразмийга аталган лавҳани эътироф этган.

"Мана Би-би-си мухбири Хоразмий бобомиз тўғрисида гапирганини сизлар кўргансизлар. Бутун дунё телефонида ал-Хоразмий, буюк ўзбекни тасаввур қилинглар, деб гапирганини. Кечирасизу, керак бўлса Ўзбекистондаги кўп фуқароларимиз ҳам бунинг чуқур маъносини охиригача билмайди, десак адолатдан бўлади", - деган Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёевнинг ушбу гаплари Ўзбекистон Президентининг Би-би-сини кузатиб боришидан далолат бериши мумкин.

Шу билан бирга ўқувчиларимиз Ўзбекистонда Би-би-си Ўзбек саҳифасига киришда тўсиқлар бўлаётганини ҳам айтишади.

Би-би-си томонидан тайёрланган "Дунё Тарихи" туркум лавҳаларида бугунги Ўзбекларнинг аждодлари алоҳида ҳурмат билан тилга олингани ҳақидаги мақола ва видео 2017 йилнинг 30 январ куни Би-би-си Ўзбек саҳифасида чоп қилинган эди.

Хусусан, мазкур дастурларда ўз даврида бутун Ислом олами олимларига етакчилик қилган Муҳаммад ибн Муса ал-Хоразмий даҳосига аталган лавҳа ҳам ўрин олган.

Муаллиф ва бошловчи - Британиядаги энг донгдор журналистлардан бири Эндрью Марр.

У Ғарбда исми Алгоритм, деб бузиб талаффуз қилинадиган олим ёки ал-Хоразмий бўлмаса, компьютер ё қўл телефонлари кашф этилмас эди, деб тан олади.

"Ҳар гал қўлингга мобил телефонингни олганда, унутма!" - хитоб қилади атоқли журналист.

"Ҳар бир қўл телефони ичида мусулмон Ўзбек бор".

Бу алломанинг исми эса - Муҳаммад ибн Муса ал-Хоразмий.

Ал-Хоразмий ҳақидаги лавҳани ушбу ҳаволада томоша қилинг

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ