Пахта-2017: Касалманд мардикор оналар ва ташландиқ болалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида ўқитувчи ва шифокорларнинг ўрнига ёлланган оналар болаларини аянчли аҳволдаги казармаларда қолдириб, пахта теришга мажбур.

Шу йилнинг 3 октябр куни айни туманда мониторинг ўтказган инсон ҳақлари фаоллари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Елена Урлаевалар аянчли шароитларда касалликка чалинган аёллар ва қаровсиз қолган болаларнинг устидан чиқишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

"Биз борган пайтимиз оналар пахтага кетган, ёш болалар эса 7-сонли ўрта мактабнинг авария ҳолатидаги биносида ташлаб кетилган экан", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Унинг сўзларига кўра, бу ердаги "ҳашарчи" аёллар Фарғона ва Андижон вилоятларидан келган мардикорлардир.

Улар Паркент тумани ҳокимининг буйруғи билан пахтага ҳайдалган ўқитувчи ва шифокорлар томонидан ёлланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Бир ойлик иш ҳақи-500 минг сўм.

Далага ҳайдалган ўқитувчи ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимлари ҳуқуқ фаолларига совуқдан, озиқ-овқат ва санитария талабларига риоя этилмаётганидан шикоят қилишган.

Фаолларга кўра, бу йилги мажбурий меҳнат кампанияси махфий ва жуда қаттиқ ниқобланган ҳолда олиб борилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Ўқитувчи ва шифокорлар асл касбларини яширишади, қаерда ишлашларини айтмаслик ҳақида огоҳлантирилганлар.

Шу йилнинг 21 сентябр куни Бош вазир Абдулла Арипов ўқитувчи ва шифокорларни пахта далаларидан қайтаришга буйруқ берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Буйруқ Президент Мирзиёевнинг Нью-Йоркда Жаҳон Банки Президенти Жим Ёнг Ким билан музокаралари ортидан берилган.

Жаҳон Банки Ўзбекистон раҳбари мамлакатда мажбурий меҳнатни тугатишга ваъда берганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Жойларда талабалар ва бюджет ташкилотларининг ходимлари пахтадан қайтарилган, аммо айни пайтда улардан пахта учун пул ундирилаётгани ҳақида ҳам хабарлар олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, улар билан бирга пахта даласида бўлган хорижий кузатувчилар "ўзга сайёрага тушиб қолгандек" бўлганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

"Суратлар ҳам тасвирлаб беролмайди у ердаги аянчли ҳолатни", - дейди Би-би-си билан суҳбатда журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Малоҳат Эшонқулова.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар