Фарғоналик ўқитувчилар Қорақалпоғистонга пахта теришга юборилади

пахта Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Фарғона водийсидаги барча бюджет ташкилотлари Қорақалпоғистон Республикасида пахта теришга сафарбар қилинган. Турли манбалар 30-40 минг ҳашарчи Қорақалпоғистонга юборилаётганини айтмоқда. Ҳукумат Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилганини айтаётган бўлса-да, жойларда мажбурий меҳнат авж олаётгани кузатилмоқда.

"Водийдан Қорақалпоғистонга 40 минг кишилик ҳашарчиларни юбориш ишлари бошланди. Ҳашарчилар йўлкира, озиқ-овқат билан таъминланадилар. 20 кун учун 500 минг сўм пул ҳам берилади. Имкон қадар эркаклар олиб кетилмоқда. Лицей ва мактаблардан ҳам эркакларимиз кетишди", деб ёзади Риштондаги лицей ўқитувчиси Баҳодир Элибоев.

Элибоевнинг ёзишича, Қорақалпоғистонга деб олиб кетилган "ҳашарчилар" Гулистонда тушиб қолган ва ўша ерда пахта тера бошлаган.

"Ўзимизда пахта ҳали териб бўлингани йўқ. Бир ҳафта ҳаво бузилиб, орада ёмғир ёғди. Пахталар очилиб сочилиб ётибди. Нима учун бошқа жойга олиб кеташаётганини очиғи тушмандим", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Қорақалпоғистонга Фарғона водийсидан ҳашарчилар чиқиши ҳақида вилоят ҳокимлари селектор мажлисида маълум қилишган. Барча мактаб, шифохона ва бошқа бюджет ташкилотларига одам чиқариш талаби қўйилган.

"Лицейимизда 61 киши ишлайди. Бизга 60 киши юборасан дейишди. Дарслар қолиб кетади, деб тортишиб рақамни бир амаллаб 10 тага туширдик. Шунинг ичидан мактаб қоровули, қозонхоначи, Ёшлар иттифоқи вакили каби дарс ўтмайдиган 4-5 киши Қорақалпоққа кетадиган бўлди. Қолганига ўқитувчилар 40 минг сўмдан ташлаб пул йиғиб одам ёллаймиз", - дейди Фарғонадаги лицей ўқитувчиси.

Кун.уз сайти ҳам пахтага одамларнинг мажбурий жалб қилинаётганига бағишлаб мақола ёзган.

Мақола Ўзбекистоннинг турли жойларидан мактуб юборган бюджет ташкилоти ходимларининг шикоятлари ўрин олган.

Унда Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги ўқитувчининг ҳам мактуби ўрин олган.

"Директор ва директор ўринбосари уйимизга келиб, эртадан узоқ Қорақалпоғистон Республикасига пахта йиғим-терими учун сафарбар этилганлар қаторида эканлигимни, жами 20 та одам эканлигимизни айтиб (тахминимча ҳар бир мактабдан 20 та одам), эрталаб соат 9 да ҳокимлик олдига йиғилишимизни айтиб кетишди. Ўтириб ўйланиб қолдим, куни-кеча Сенатнинг «дабдабали» қарори ким учун чиқарилди-ю, 2 кун ўтиб ҳали мен шу пайтгача кўрмаган (шу пайтгача бунақаси бўлмаган) ҳарбий сафарбарликка ўхшаш мажбурий меҳнат кимлар учун?", деб ёзади ўқитувчи.

Мактублардан Наманган, Фарғона, Андижон, Қашқадарё, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятларида бюджет ходимларининг пахта теришга мажбурланаётганини билиш мумкин.

Ҳукумат мулозимлари баланд минбарлардан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилганини ва ҳатто бу нарса жиноятга тенглаштирилганини айтаётган бўлса-да аҳвол абгор эканлиги кузатилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нью Йоркда Жаҳон Банки Президенти Жим Ёнг Ким билан учрашуви ортидан Бош вазир Абдулла Арипов 21 сентябр куни ўқитувчи, шифокор ва талабаларнинг пахта далаларидан қайтарилиши тўғрисида топшириқ берган эди.

6 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Сенати мажбурий меҳнат депутутлик ва жамоатчилик назоратига олиниши тўғрисида қарор қабул қилган.

Унда "давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратининг барча шаклларидан фойдалансин", деб таъкидланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02