"Владимирдаги автобус йўловчи ташишга яроқсиз бўлган"

Владимир вилоятида поезд бориб урилган автобус Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Транспорт прокуратураси хабар тарқатишича, Россиянинг Владимир вилоятида кўп инсон ўлимига сабабчи бўлган "Мерседес-Бенц" автобуси йўловчи ташишга яроқли бўлмаган.

Поезд остидан омон қолганлар депортация қилинади

Владимирдаги ҳалокат: Мирзиёев ҳукумат комиссиясини тузишни буюрди

Мирзиёев Путинни табриклади, президентлар ҳалок бўлган мигрантларни хотирламади

"Аниқландики, 2017 йилнинг 6 октябрида Владимир вилоятидаги Покров қишлоғидаги темир йўл ўтиш жойида носозлиги туфайли тўхтаб қолган, ўзининг техник характеристикалари бўйича пассажир ташишга яроқли бўлмаган "Мерседес-Бенц" автобусига №60 Санкт-Петербург - Нижний Новгород йўловчи поезди тўқнашган", дейилади прокуратура хабарида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Текшириш натижасида автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш инсон ташиш хавфсизлиги талабларини бузган ҳолда ташкил қилинган", дейилади хабарда.

Россия прокуратураси "техника хавфсизлиги талабларини бузган ҳолда йўловчи ташиш" ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

6 октябрь тунида Владимир вилояти Петушинский тумани Покров қишлоғидаги темир йўл переездида ичида 58 инсон бўлган автобуснинг двигатели ўчиб қолган.

Автобуснинг Қозоғистон давлат рақамига эга бўлгани ва икки ҳайдовчининг Қозоғистон фуқаролари бўлгани хабар қилинмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Темир йўл устида тўхтаб қолган автобусга йўловчи поезд бориб урилгани оқибатида 20 инсон ҳаётдан кўз юмган, уларнинг 19 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлганлар.

Ҳалокат туфайли Ўзбекистон ҳукумати махсус комиссия тузди.

8 октябрь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус самолёти 22 сурхондарёлик автобус йўловчиси ва 15 инсон жасадини Термиз аэропортига Владимирдан олиб келди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ