Владимирдаги автобус ҳайдовчиси ҳибсга олинди

Владимир вилоятида поезд бориб урилган автобус Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия суди Владимир вилоятидаги темир йўл ўтиш жойида бузилиб тўхтаб қолган ва поезд келиб урилгани оқибатида инсонлар ҳаётдан кўз юмган автобус ҳайдовчиси ёрдамчиси Нургали Сармановни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

"Владимирдаги автобус йўловчи ташишга яроқсиз бўлган"

Поезд остидан омон қолганлар депортация қилинади

Владимирдаги ҳалокат: Мирзиёев ҳукумат комиссиясини тузишни буюрди

Айбдорликда гумонланаётган Нургали Сармановни 7 декабргача қамоқда қолдиришга қарор қилинган.

Матбуот хабарларига кўра, "Мерседес-Бенц" автомобили Қозоғистонда давлат рўйхатидан ўтган бўлган ва автобус ҳайдовчилари Жанубий Қозоғистон вилояти яшовчилари бўлганлар.

"Мен ҳайдовчининг ёрдамчисиман. Ўшанда дам олаётган эдим, рулда бошқа ҳайдовчи эди. Мотор ўчиб қолди, ўт олдирмоқчи бўлганида ўт олмади. Биздан кейин шлагбаум ёпилмаганди. Биз ташқарига чиқдик, автобусни ўт олдириш учун итардик. Шу вақт қизил чироқ ёнаётганини кўрдик, шлагбаум ёпила бошлади. Биз қичқириб, ҳаммани автобусдан чиқармоқчи бўлдик. Айримлар маст эди. Ҳа, мен ўз айбимни ҳис қиламан", — деб айтган Москванинг Мешанский туман судида Нургали Сарманов.

Поезднинг автобусга урилгани оқибатида автобуснинг 47 ёшли ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Мешанский туман судида Нургали Сармановнинг айтишича, автобус соз бўлган.

Бироқ бир кун илгари Россия Транспорт прокуратураси 1993 йилда ишлаб чиқарилган "Мерседес-Бенц" автобуси йўловчи ташишга яроқсиз бўлган деган хулоса чиқарди.

Россия прокуратураси "техника хавфсизлиги талабларини бузган ҳолда йўловчи ташиш" ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатган.

6 октябрь тунида Владимир вилояти Петушинский тумани Покров қишлоғидаги темир йўл переездида ичида 58 инсон бўлган автобуснинг двигатели ўчиб қолган.

Темир йўл устида тўхтаб қолган автобусга йўловчи поезд бориб урилгани оқибатида 20 инсон ҳаётдан кўз юмган, уларнинг 19 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлганлар.

Ҳалокат туфайли Ўзбекистон ҳукумати махсус комиссия тузди.

8 октябрь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус самолёти 22 сурхондарёлик автобус йўловчиси ва 15 инсон жасадини Термиз аэропортига Владимирдан олиб келди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ