Президент Мирзиёев Сочига ҳам Алишер Усмонов самолётида учиб бордими?

Image caption Радар сайтидаги M-IABU регистрацион ҳарфли Airbus A340-313 самолётининг парвози Мирзиёев парвозига мос тушади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Сочига афтидан яна миллиардер Алишер Усмоновнинг самолётида учиб борди.

Би-би-си кузатиб турган парвозлар ҳаракатини намойиш қилувчи радар вебсайтида Алишер Усмоновнинг M-IABU регистрацион рақамли самолёти бугун Тошкентдан ҳавога кўтарилиб, Россиянинг Сочи шаҳрига маҳаллий вақт билан 17:12да қўнгани намоён бўлади.

Ўзбекистон телевидениеси орқали соат 19:30да намойиш қилинадиган рус тилидаги "Ахборот" кўрсатуви Президент Мирзиёевнинг Сочига етиб борганини хабар қилди, аммо президент тушган кадрлар ўрнига, ҳаводаги "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" учоғининг суратини кўрсатди.

Ҳукуматнинг расмий УзА агентлиги эса президент Мирзиёевни Сочи халқаро аэропортида Россия расмий доиралари ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари кутиб олганини хабар қилди, аммо сурат илова қилмади.

Image caption "Ахборот" кўрсатуви президент самолётга чиқаётганини кўрсатмай, бир сурат билан чекланди.

Хабарни тарқатган бошқа ўзбек сайтлари, хусусан кун.уз ўз хабарида архив суратини чоп қилди.

Самолёт эгаси бўлмиш Алишер Усмоновнинг айни саммитда иштироки режаланмаган.

Саммитда тадбиркорлар эмас, балки фақат МДҲ давлат раҳбарлари иштироки кўзда тутилган. Мажлис кун тартибига Ҳамдўстлик доирасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 20га яқин масала киритилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, бу Президент Мирзиёевнинг "Бурхон" номли Алишер Усмоновга тегишли самолётдан иккинчи марта расмий сафар учун фойдаланишидир.

Image caption Алишер Усмонов самолёти парвози тафсилоти.

Би-би-си Мирзиёев 18 сентябрь куни БМТнинг Бош ассамблеясида нутқ сўзлаш учун АҚШга ҳам Усмоновнинг хусусий самолётида учиб борганини хабар қилганди.

Россия Президенти Владимир Путинга яқин экани айтиладиган Усмонов Ўзбекистон Президенти билан қудачилик ришталарига эга.

Аммо, мамлакат раҳбарининг ўз самолёти туриб, ўзга мамлакат фуқаросининг хусусий учоғида расмий сафар қилиши ғайриоддий ҳолдир.

Аноним тарзда Би-би-сига гапирган тошкентлик журналистнинг айтишича, Президент Мирзиёев ўзининг хавфсизлик хавотирлари туфайли Президент учоғи эмас, балки Усмоновникида учаётган бўлиши мумкин.

Би-би-сининг 18 сентябрда тарқатган хабарини Ўзбекистон ҳукумати на рад этди ё на тасдиқлади.

Президент Мирзиёев АҚШга Алишер Усмонов самолётида учиб бордими?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02