"Мирзиёев хавфсизлик сабаб Алишер Усмонов самолётини ижарага олган"

Мирзиёев Усмонов самолётида илк бор Нью Йоркка учиб боргани маълум бўлганди Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz
Image caption Мирзиёев Усмонов самолётида илк бор Нью Йоркка учиб боргани маълум бўлганди

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг маълум қилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг учоғини ижарага олган. Хабарда айтилишича, хавфсизлик ва қулайлик сабаб айнан шу учоқ Президент учун танлаб олинган.

"Ўзбекистон ҳукумати "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясига Ўзбекистон Республикаси Президентининг олис парвозларида расмий самолет сифатида фойдаланиш учун учоқларни ижарага олиш вариантларини излаш ва танлаб олиш топшириғини берди", - дейилади хабарда.

Унда айтилишича, қулайлик, хавфсизлик ва техник тайёргарлик нуқтаи назаридан GlobalJet оператори томонидан таклиф қилинган Airbus 340 M-IABU учоғи танлаб олинган.

Миллий авиакомпания Klaret Aviation Limited ширкати раҳбари билан ижара шартномасини тузган. Тўлов бозор нархларидан келиб чиқиб белгилангани айтилган. Бироқ унинг миқдори маълум қилинмаган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси Ўзбекистон ҳукумати номидан миллиардер Алишер Усмоновга самолётини Президент Шавкат Мирзиёевга бериб тураётгани учун миннатдорчилик билдирган.

Би-би-си Мирзиёев 18 сентябрь куни БМТнинг Бош ассамблеясида нутқ сўзлаш учун АҚШга ҳам Усмоновнинг хусусий самолётида учиб борганини хабар қилганди.

Кейинчалик Мирзиёев Усмоновнинг самолётида Сочига учиб борди.

Марказий телеканалларда Мирзиёевнинг Усмонов самолётида учиб юргани яширишга ҳаракат қилинган.

Тасвирларда Алишер Усмонов самолёти тўлиқ кўрсатилмаган.

Россия Президенти Владимир Путинга яқин экани айтиладиган Усмонов Ўзбекистон Президенти билан қудачилик ришталарига эга.

Мирзиёев ва Усмоновни қариндошлик ришталари боғлаган - Мирзиёев рафиқасининг жияни Усмоновнинг 2013 йили автоҳалокатда оламдан ўтган жиянига турмушга чиққан эди.

Сентябрь ойида бўлиб ўтган бошқа жиянининг тўйида жаноб Усмонов Мирзиёевнинг рафиқаси билан бирга рақсга тушди.

Ўзбекистон президентининг бегона учоқда парвоз қилиш қарори қатор саволларни юзага келтирган. Бу саволларнинг аксари масаланинг ахлоқий томони билан боғлиқ.

"На президентнинг ўзи, на ҳукумат бу борада тушунтириш бераётгани йўқ. Кузатувчиларда эса дарҳол Президент Мирзиёев билан Алишер Усмоновнинг муносабатлари шаффоф эмаслиги ҳақидаги савол туғилади. Шу билан бирга, манфаатлар конфликти эҳтимоли ҳақидаги савол ҳам ўртага чиқади - қайси шартларга биноан бу самолёт ёлланмоқда, нима сабадан мамлакат президенти хусусий хизматдан фойдаланмоқда, - дейди Лондондаги SOAS - Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг илмий ходими Алишер Илҳомов. - Хусусий самолётдан фойдаланилаётгани - бир масала, ҳокимият томонидан бу ҳақда шарҳ берилмаётгани эса - мамлакатдаги бошқарувнинг аҳволи қандай эканини намойиш этадиган сигнал".

Экспертнинг фикрича, бундай бўлаётганининг асосий сабабларидан бири шуки, Ўзбекистон қонунчилигида ҳукумат амалдорларидан манфаатлар конфликти эҳтимоли ҳақида хабар бериш талаб қилинадиган меъёрларнинг йўқлигидир.

"Манфаатлар тўқнашуви" деган тушунчанинг ҳокимиятнинг юқори эшелонларида, ҳукуматда ўрнашиши қийин кечмоқда, - деб ҳисоблайди Алишер Илҳомов. - "Манфаатлар конфликти" деган тушунча аҳоли орасида ҳам сингиб кетади деб ўйламайман. Бу нарсадан одамлар ҳам бехабар ва улар бу каби суистеъмолчиликларни чеклайдиган механизмлар мавжудлигини ҳам билмайдилар", дейди Алишер Илҳомов.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар