Президенлик сайлови: Ўшликлар кимга овоз беради?

жимжитлик Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Якшанба куни Қирғизистонда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Президент бўлиш учун 11 номзод курашмоқда. Сайловдан бир кун олдин "жимжитлик" куни жорий қилинган.

Бир ой давомида президентликка номзодлар республика бўйлаб ўзларининг сайловолди тарғибот ишларини ўтказди.

Номзодлар орасидан "Социал Демократлар партияси"дан Сўўрўнбай Жээнбеков ҳамда мухолифат "Республика" партиясидан Ўмурбек Бабанов асосий даъвогар дея кўрилмоқда.

Савол: 'Қирғиз-Қозоқ чегарасида нималар бўлмоқда?'

Марказий Осиё: "Атамбаевдек президент ҳалича бўлмаган..."

Бу икки номзоднинг сўнгги кунлари нафақат ўзаро баҳслашуви, балки бир-бирларига қарши қоралов кампанияси ҳам авжига чиққан.

Биз Ўш аҳолисининг сайловолди кайфияти билан қизиқдик.

"Менинг сайловга боришим ҳам даргумон бўлиб турибди. Сабаби ҳеч бир номзодга ишонмайман. Улар ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлигини 10000 сўмдан 30000 сўмгача кўтарамиз демоқда. Қайси пулнинг ҳисобидан кўтаришади? Ўтган олти йил ичида ҳеч бир яхши иш қилмадилар. Муҳожирларни ватанга қайтарамиз дейди. Агар бизда иш ўринлари йўқ бўлса, қандай уларни қайтаради?" - дея савол остига олади Усмон исмли таксист.

Давлатнинг "Социал Демократлар партияси"дан 61 ёшли номзод Сўўрўнбай Жээнбеков, 2010 йилда Ўшда бўлиб ўтган этник низолар пайтида вилоят раҳбари бўлган ва бу лавозимда 2016 йилгача ишлаган. Кейин эса президент маъмурияти раҳбарининг муовини лавозимига тайинланган.

"Мен Сўўрўнбай Жээнбековга овоз бераман. У яхши, хушмуомала инсон. 2010 йилнинг июнь воқеалари пайтида қирғиз билан ўзбекни яхши гаплар билан яраштирган. Губернатор бўлиб ҳам яхши ишлади" - дейди маҳаллий фаол Дилноза.

Сўнгги кунлари Ўшда президентликка номзод Ўмурбек Бабановнинг тарафдорлари сайловчиларнинг овозини сотиб олишмоқда деган иддаолар ҳукумат томонидан кенг тарқатилмоқда.

Шаҳар милициясининг маълумотига кўра, 10 октябрь куни кечки пайт икки инсон мошинада "Амир Темур" шаҳарчасига, сайловчиларнинг овозини сотиб олиш учун мўлжалланган 185 минг сўмни олиб кетаётган, деган айб билан тўхтатилган.

"Бизни тўхтатиб, тинтув қилди ва пулни қаерга олиб кетаётганимизни сўрашди. Бу пуллар Бабановни ташвиқот ишларини олиб борган инсонларнинг маошлари эканини айтдик. Улар бизга босим ўтказиб, гўёки бу овоз сотиб олишга ажратилган пул деб ариза ёздирдилар. Аслида ундай эмас" - дейди Собиржон Алимов.

Бу маълумот 11 октябрда давлат қарамоғидаги ахборот воситаларида елдек таради. Ундан аввал эса, ҳудди шу "Амир Темур" мавзейида президентликка номзод Ўмурбек Бабанов аҳоли билан учрашуви пайтида, ноҳақликларга қарши курашишга даъват этиб: "Тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлган яхши" - деб айтган сўзи, махсус монтаж қилинган ҳолда миллатлараро низога чақирув қатори баҳоланган.

Натижада Қирғизистон Сайлов Қўмитаси Ўмурбек Бабановга расман дакки берди.

Президентликка асосан икки номзод рақиб қилиб кўрсатилар экан, улардан бири Сўўрўнбай Жээнбековни президент Алмазбек Атамбаев ўзи дастаклаётгани сир эмас.

Рақиб мухолиф номзод Ўмурбек Бабановни эса Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев шахсан ўзи қўллов кўрсатаётгани жамоатчиликка айтилмоқда.

Бу холатдан жанбушга келган президент Алмазбек Атамбаев қўшни давлат раҳбариятини кескин танқид қилиб ғазабланишда давом этмоқда.

Оқибатда неча йиллардан бери икки давлат аҳолиси ҳеч бир тўсиқларсиз ўтган, Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида 4 кундирки узундан узун машина ҳамда пиёдалар навбати пайдо бўлган.

"Чегара ёпиқлиги сотаётганимиз қурилиш моллари нархларининг кўтарилишига сабаб бўлди. Президент деган ўйланиб гапириш керакда. У баёнотлари билан, қайтангига ўзининг президентликка номзоди Сўўрўнбай Жээнбеков обрўйига путур етказмоқда" - дейди шаҳар мавзейларидан бирида савдо қилувчи Илҳомжон.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02