Москвада ўзбекистонлик сартарошни ўлдирган шахс қўлга олинди

москва Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

Қотиллик кундуз куни гувоҳларнинг кўз ўнгида содир бўлган. Хабарларда айтилишича, ўзбекистонлик сартарош Достон Адхамовни маҳаллий мижозлардан бири сих билан яралаб ўлдирган. Гумонланувчи ушланган ва қотиллик содир этганлигини тан олган.

Россия Федерацияси тергов бошқармасининг хабар беришича, Москва шаҳрида 26 ёшли шахсга нисбатан қотиллик айби бўйича тергов олиб борилмоқда.

"Тергов маълумотларига кўра, 13 октябр куни Первомаский аҳоли яшаш жойида эркаклар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Жанжал вақтида шахсий адоватдан келиб чиқиб эркак киши олдиндан тайёрлаб қўйилган ва учи ўткирлаштирилган металл тиғ билан 24 ёшли йигитнинг кўкрагига камида тўрт марта зарба берган", - дейилади тергов идораси хабарида.

Зарба натижасида йигит ўлган, тиғ урган шахс ҳодиса жойидан яширинган.

Жиноят содир этган шахс тез орада ушланган, дастлабки тергов вақтида у қотиллик содир этганлигини тан олган.

Олдинроқ ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий матбуот 24 ёшли Ўзбекистондан келиб сартарошлик қилувчи Достонбек Адхамовнинг сих билан берилган зарба натижасида ҳалок бўлганини ёзганди.

Youtube тармоғида қотиллик онлари акс этган видео жойлаштирилган. Тасвирларда кўринишидан осиёлик бўлган шахсни, сариқдан келган одам қувиб юргани акс этган.

Рақибини ушлаб олган шахс унинг юрак қисмига ўткир тиғли металл билан зарба берганини кўриш мумкин.

Кўчадан ўтиб кетаётганлар воқеага аралашмаган. Зарба еган шахс ерга йиқилган, аммо ўтиришга ҳаракат қилган.

Рақибининг ҳамон ётиб қолмаганини кўрган шахс ортга қайтиб келган ва у йиқилгач яна йўлида давом этган.

Видеони жойлаштирган киши ушбу сартарошни яхши таниганини ва жанжал арзимаган 200 рублни деб келиб чиққанини ёзган.

Видеога ёзилган изоҳда айтилишича, мижоз ўзига ёқмаган соч турмаги учун сартарошдан ана шу тарзда ўч олган.

Видеони жойлаштирган шахс сартарош ўзбекистонлик 24 ёшли Достонбек Адхамов эканлигини айтган.

У ушбу ҳудудда қўли гул сартарош сифатида ном чиқарган бўлган.

Унинг собиқ мижозлари Достоннинг жасадини Ўзбекистонга юбориш учун маблағ йиғаётгани маълум қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар