Россиядаги қотиллик: "Пушкинхонлар қаерда қолди?"

Павел ушланган ва қотиллик содир этганлигини тан олган Фото муаллифлик ҳуқуқи Mk.ru
Image caption Павел ушланган ва қотиллик содир этганлигини тан олган

Москвада ўзбекистонлик сартарошнинг кундуз куни ошкора ўлдирилиши ижтимоий тармоқларни ларзага солди. Муносабат билдираётганлар қотилликни кескин қоралаган ва бундай ҳолатлар олди олиниши кераклигини урғулашган.

"Шўрлик ватандошим, ўша ифлосларга зор термулиб жон берганингни кўриб менинг юрагим парча-парча бўлгандай бўлди! Лаънат, сенинг шу аҳволга тушушингга сабабчи бўлганларга. Аллоҳ кифоя қилсин уларга", - деб ёзади Erkin Eshmatov

Илька Илькаев яхши кунлар келишидан умидвор эканини билдирган.

"Яхши кунлар келиб ҳамма ўзбеку тожиклар орқага кайтсак эдик, ўша кунлар келишини орзиқиб кутаман. Қанчалик оғир шунақа ҳодисани эшитиш, хўрлигинг кеб кетади".

Москвада сартарошлик қилган 24 яшар Достонбек Адхамов 13 октябр куни маҳаллий аҳоли вакили бўлмиш Павел исмли шахс томонидан ўлдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Ўзбекистонликлар Пушкинни танишини турли акциялар орқали "исботлаган"ди

"Ўзбек йигитларга, Россияда ишлаётганларга раҳмим келади. Россияга борманглар демоқчиман", дейди Мамарайим Менглиев.

- Шунчалик ҳам осонми, бир инсонни пичоқ тиқиб ўлдириб ташладия, жаллод. Аллоҳим жазосини бер. Ҳар нима дегим келяпти, ўзимни зўрға тутиб турибман. Худо жазосини берсин, чирисин қамоқда", деб ёзади Дилдора Раҳимова.

Муниса Юсупова Достонбек Адхамов Москвага бориб пул топишга мажбур бўлганини айтади.

Фикр қолдирувчиларнинг орасида Россия билан виза режимини жорий қилиш керак деганлар ҳам бўлган.

Dilshodbek Xalilov бу ҳолатга нима учун Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси жим турганини сўраган. У ўзбеклар Пушкинни танимайди, деган Навальнийга қарши пушкинхонлик қилган қатламни ҳам фаол бўлишга чақирган.

"Агар сартарош бола рус бўлиб бошқа жойда ўлдирилганда, Россия уруш очворарди. Ўзбек оч қорним тинч қулоғим, зато тинчмиз. Қани Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси, Қани бош прокурор, қани бу Ёшлар иттифоқи? Қани Пушкинчилар ролик тайёрламайсизларми. Эссиз, ўзбегим ўзга юртда ўлиб кетяпти, хор бўляпти. Аллоҳ бу укамизни шаҳидлар билан бирга қилсин. Оиласига энг чиройли сабр берсин. Ота-онаси касал экан жуда қийин бўлди бу оилага", - дейди Dilshodbek Xalilov.

"Ватанида иш йўк, яхши ният билан иш топиб, оиласи ва ота-онасига ҳар ойда пул юбориб, ҳаёт қийинчиликларига бардош бериб, ҳамма дарди ичида бўлган ўзбек фарзанди шафқатсизларча ўлдирилди. Ота-она дод солади, фарёд чекади, лекин уни хеч ким эшитмайди. Ўзбек фарзандлари қачонгача увол бўлаверади? Кўнглим, юрагим ёриламан дейди", деб ёзади Ganizhon Atabekov.

Наргиза Нуритдинова видеодаги қотиллик ота-онаси кўз ўнгида бир умрга қолишини айтади.

"Такдир, пешонасида ёзилганакан шунака ваҳшийни қўлида ўлиши, уни инсон ҳам, - деб бўлмайди. Ота-онаси бу видеони кўриб, бир умр кўзларида қолиб кетади. Одамлар бунчалик ҳам бефарқ бўлишмаса. Достонбекни жойи жаннатда бўлсин, охирати обод булсин. Ҳамма мусофирда юрган ватандошларимизни Аллоҳим турли бало-қазолардан, бемаҳал ўлимдан Ўзи асрасин", - деб ёзади Наргиза Нуритдинова.

Она шаҳри Фарғонага самолёт орқали олиб келинган Достонбек Адхамов 17 октябр куни тупроққа қўйилган.

Жиноят содир этган шахс тез орада ушланган, дастлабки тергов вақтида у қотиллик содир этганлигини тан олган.

Олдинроқ ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий матбуот 24 ёшли Ўзбекистондан келиб сартарошлик қилувчи Достонбек Адхамовнинг сих билан берилган зарба натижасида ҳалок бўлганини ёзганди.

Youtube тармоғида қотиллик онлари акс этган видео жойлаштирилган.

Кўчадан ўтиб кетаётганлар воқеага аралашмаган. Зарба еган шахс ерга йиқилган, аммо ўтиришга ҳаракат қилган.

Ўзи ҳужум қилган шахснинг ҳамон ётиб қолмаганини кўрган бу одам ортга қайтиб келган ва у йиқилгач яна йўлида давом этган.

Видеони жойлаштирган киши ушбу сартарошни яхши таниганини ва жанжал арзимаган 200 рублни деб келиб чиққанини ёзган.

Видеога ёзилган изоҳда айтилишича, мижоз ўзига ёқмаган соч турмаги учун сартарошдан ана шу тарзда ўч олган.

Видеони жойлаштирган шахс сартарош ўзбекистонлик 24 ёшли Достонбек Адхамов эканлигини айтган.

У ушбу ҳудудда қўли гул сартарош сифатида ном чиқарган бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар