Россия: Ўзбекистон фуқароларини тупроқ босиб қолди

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Кутилмаган машъум ҳодиса Иркутск вилоятида юз берган.

Тупроқ босиб қолган уч ишчидан фақат биттаси қутқариб олинган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, қолган икки ишчининг жасади топилган.

Шу соатларда бу хусусда расмий маълумотлар имконли эмас.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг юз берган воқеа юзасидан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчилиги ва консуллиги билан боғланиш уринишлари ҳозирча самара бергани йўқ.

Россия йирик ахборот агентликларининг хабарлари эса, бундан бир неча соат аввалги маълумотларга асосланганича қолмоқда.

Аммо, IrkutskMedia интернет нашрининг ёзишича, бахтсиз ҳодиса юз берган пайтда сатҳда жаъми тўрт ишчи бўлган.

Ҳандақ тепасида қолган ишчи тупроқ босиб қолган уч ҳамкасбидан бирини кавлаб чиқаришга муваффақ бўлган.

У турли тан жароҳатлари билан касалхонага етказилган, ҳозир аҳволи барқарор, у қадар оғир эмас.

Айни шу интернет нашрининг хабар беришича, қутқарув ходимлари бироз кейин ҳандақдан қолган икки ишчининг жасадини олиб чиқишган.

Шу соатларда уларнинг шахслари ва Ўзбекистоннинг айнан қай бир вилоятидан эканликлари маълум эмас.

Полиция аниқлашга муваффақ бўлган дастлабки маълумотларга кўра, улар Россияда қонуний мақомда бўлишган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари энди иш берувчиларнинг қанчалик мавжуд қонунчиликка риоя этишганини ҳам текширишмоқчи.

Новосибирск мигрантлар оқимини камайтирмоқчи

Ҳандақдаги бахтсиз ҳодиса

Россиядан олинган хабарларга кўра, бахтсиз ҳодиса маҳаллий вақт билан кеча - сешанба куни кечга яқин юз берган.

Ҳандақни тупроқ босиб қолган пайтда ишчилар оқава сув қувурлари учун жой ҳозирлаш - ер қазиш ишларида банд бўлишган.

Шоҳидларнинг айтишларича, иш техника хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилган бир аҳволда олиб борилаётган бўлган.

Ўзбекистонлик ишчилар "Захарова кўчасидаги 14-уй рўпарасида олиб борилаётган қурилиш ишларида банд бўлишган".

Тупроқ кўчиши " узунлиги 10, чуқурлиги 4 метрдан ортиқ бўлган ҳандақда" содир бўлган.

"Натижада 3 нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланган", дея маълумот берди "Новости" фавқулодда хизматлардаги ўз манбасига таяниб.

Россия Тергов қўмитасининг билдиришича, жорий пайтда ҳандақдаги бахтсиз ҳодиса қандай юз бергани тафсилотлари ўрганилмоқда.

Иркутск МУП "Водоканал" раҳбари Сергей Пыхтиннинг IrkutskMedia интернет нашрига айтишича, икки ишчининг ўлимига Захарова кўчасида якка тартибда иморат солаётган қурилиш ширкати масъул.

Мазкур қурилиш ширкатидагиларга кўра, бунга ўзлари жавобгар эмас: бу саволни пудратчига бериш керак.

Аммо, интернет нашрининг ёзишича, мақолани чоп этаётган соатларда ҳам пудратчи билан боғланишнинг уддасидан чиқа олишмаган.

"Интерфакс" ахборот агентлигига кўра, ўтган ҳафта Россиянинг Тамбов вилоятида ҳам худди шунга ўхшаш ҳодиса юз берган.

Янги қурилаётган уй учун ерости кабелига жой ҳозирлаётган тўрт ишчини тупроқ босиб қолган.

Уч ишчи тупроқ остидан қутулиб қолишга муваффақ бўлишган, аммо бир нафари ҳаётдан кўз юмгани айтилган.

Аммо уларнинг қай бир давлат фуқаролари экани тафсилотлари очиқланмаганди.

Москвадаги мухбиримиз Соҳиба Ҳайитбоеванинг айтишича, Россияда, одатда, бу каби юмушларда Марказий Осиё фуқаролари банд бўлиб келишган.

6 октябрь тунида Владимир вилояти Петушинский тумани Покров қишлоғидаги темир йўл переездида юз берган автоҳалокатда ҳам 20 инсон ҳаётдан кўз юмган, уларнинг 19 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб чиқишганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар