Президентнинг яна бир қарори ўзгарди: Тошкентда электричка ўрнига метро

Фото муаллифлик ҳуқуқи zamin.uz

Ўзбекистон ҳукумати Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб икки изли электропоездлар қатновини йўлга қўйиш лойиҳасидан воз кечди. "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатининг 17 октябрдаги баёнотида "бино ва иншоотларнинг оммавий бузилишининг олдини олиш" учун шундай қарорга келингани айтилади.

Ўзбекистонга визасиз кириш кечиктирилди

Президент Мирзиёев Тошкентда электрлаштирилган тезюрар ҳалқа темирйўлини қуриш тўғрисидаги қарорни 2017 йил 19 май куни имзолаган эди. Орадан беш ой ўтиб Президент бошқачароқ кўрсатма бергани маълум қилинди.

"Бино ва иншоотларнинг оммавий бузилиши олдини олиш ҳақидаги Президент кўрсатмаси, шунингдек, бундай қурилишлар соҳасидаги хорижий мутахассисларни жалб этиб олиб борилган қўшимча ўрганишлар натижасида, янги оптимал қарор — эстакада типидаги ер усти метросини қуришга келишилди", дейилади "ЎТЙ" баёнотида.

Бу қарорга қачон келингани, Президент томонидан тасдиқланган лойиҳани ўзгартириш бўйича қўшимча ҳужжат қабул қилинганми-йўқлиги номаълум. Ҳалқа электричкаси қурилиши 320,1 млн долларга тушиши айтилган эди. Янги лойиҳа баҳоси эса 422,3 млн доллар.

52,1 километрли янги ер усти метроси Яшнобод, Яккасарой, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели ҳудудларидан ўтади. "ЎТЙ" баёнотига кўра, 2021 йилгача - тўрт йил ичида 35 та янги метро бекати қурилади.

Метрочи Президент

Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгач, Юнусободда 2000 йиллар бошида тўхтаб қолган метро қурилишига қайта жон кирган, Сергелида эса ер усти метроси қурилиши бошланган эди.

2017 йил октябри бошида Тошкент автомобиль ҳалқа йўлининг бир қисми бўлмиш Оҳангарон шоссесида тушунарсиз қурилиш ишлари бошланди. 6 октябрь куни "Тошкент жамоат транспорти" форумида бу метронинг янги йўналиши қурилиши экани айтилди.

"Ҳозирда Оҳангарон шоссесида юз бераётган ишлар бўйича ишонса бўладиган манбалардан нисбатан аниқроқ ахборот олдим. У ерда метронинг "Ўзбекистон" йўли давоми, "Дўстлик" (собиқ "Чкалов")дан Роҳатгача давом этадиган бўлаги қурилмоқда. Эски трамвай йўли бўйлаб, худди Сергелидагидек қурилади", дейди форумнинг rolly нуфусли фойдаланувчиси.

Ўзбек интернет-нашрлари бу қурилиш, транспорт форумларидаги гап-сўзларга 8 октябрь куни эътибор қаратди. Ўзбекистон ҳукумати эса жараён ҳақида ахборот беришни номаълум сабабларга кўра яна бир ҳафта кутди.

Ҳукуматнинг бошланиб бўлган қурилиш ҳақида сўнгги лаҳзага қадар сукут сақлагани баъзи интернет-фойдаланувчиларнинг "беш ойда шунчалик ўзгарган бу бир неча юз млн долларлик лойиҳа тўрт йилда яна саноқсиз марта ўзгартирилади ва ҳеч ким ҳисобот ҳам бермаса керак" деган эътирозларига сабаб бўлган.

"Трамвай арзонроққа тушмасмиди?"

Ижтимоий тармоқлар бу янгиликка, табиийки, турлича муносабат билдирган. Қувонганлар, албатта, кўпроқ. "Тезроқ ишга туширсайди!", дейди Рашида Ахатова. "Ҳар хил стадионлар, маданият, ёшлар ва бошқа саройлардан кўра фойдаси кўпроқ тегади", деб ёзади Muzaffar Narbayev.

ELENA ELENA хурсанд, лекин саволи ҳам бор: "Мутахассисларнинг изоҳи билан ҳам танишишни истардим. Бундай метро яқин атрофда истиқомат қилувчилар учун жуда шовқинли бўлмайдими? Эстакада баландлиги қанча бўлади? Дарахтларнинг кесилишига сабабчи эмасми?".

Лойиҳадан норозилар шаҳар ичидаги метро ўзини оқлай олмаётган вақтда унинг атрофидаги метро бюджет учун янада зарарлироқ бўлишини таъкидлаган. "Бу пулларга йўлларни барча учун қулай қилиб капитал таъмирлаш ва автобуслар сонини кўпайтирса ҳам бўларди", деб ёзган Igor Vladimirovich.

Алексей Хакимов: "Ер усти метросининг ҳам ўзига яраша муаммолари бор — об-ҳаво шароити, жазирама ва ёғингарчиик", деб ёзган. Muzaffar Narbayev ҳам унинг фикрига қўшилгану, "кондиционерсиз автобусларга кўникиб кетдик, бунга ҳам кўникамиз", деб қўшимча қилган.

Бундай метродан кўра эски трамвай йўлларини қайта тиклаш фойдалироқ ва арзон бўлишини айтаётганлар ҳам бор. "Тезюрар трамвайлар қатновини йўлга қўйиш нисбатан арзон, уларга хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш осонроқ. Янгидан "велосипед кашф этиш" шарт эмас, МДҲ ва Европадаги пойтахт шаҳарлар тажрибасини ўрганиш кифоя", дейди Руслан Пуртов.

"Вақти келиб, трамвай йўлларини ҳам қайта қуришга тўғри келади", деб ўксинади Москвада истиқомат қилувчи facebookчи. Яна бир фойдаланувчи янги метро 10 йилларда қуриб битказилишига ишонч билдирган, бошқаси эса: "Йўғе? Бир чиқиб, сайр қилишга улгурарман", деб киноя қилган.

Ҳукумат ўз қарорларида собит эмаслигидан эътироз билдирганлар ҳам йўқ эмас. "Ҳар доимгидек — бир нарсани ваъда қилиб, бошқасини бошлашади", деб ёзган Гуля Исраилова. "Яна озгина вақт ўтади-да, автобуслар билан кифояланишга қарор қилдик, деб айтишади", дейди Denis Korotchenko.

Ўзгарувчан фармонлар

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил февралида Тошкент аэропортининг Жанубий Корея билан ҳамкорликда Ҳумо қуши шаклида қуриладиган янги терминали техник-иқтисодий асосини тасдиқлаган эди. Июнда эса қурилиш президентнинг бошқа қарори билан тўхтатилди.

Бунга "турар ва нотурар жой биноларини бузишга, Қорасув каналининг ўзанини ўзгартиришга, аҳолини кўчиришга, буларнинг бари биргаликда қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудуддаги аҳоли норозилигига сабаб бўлиши" важ қилиб кўрсатилди. Кейинроқ қурилиш яна қайта бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Лекин энг шов-шувли ўзгариш бу эмас. Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги фармони билан 2017 йил 1 апрелдан бошлаб жаҳоннинг 27 мамлакати, хусусан, Буюк Британиядан келаётган маълум тоифадаги сайёҳлар учун кириш визалари бекор бўлишини эълон қилди.

Президентнинг бу илғор фармони жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Хусусан, Британиядаги қатор машҳур нашрлар ҳам айнан шу янгиликка ишониб, 2017 йилда бориш лозим бўлган жаҳон мамлакатлари рейтингларига Ўзбекистонни кирита бошлади.

Бироқ 22 декабрь куни (биринчи фармондан 20 кун ўтгач) Шавкат Мирзиёев бошқа бир фармон билан визасиз тартиб жорий этилишини 2021 йилгача кечиктирди. Қизиқ томони, ваъда қилинган визасиз тартиб кечиктирилгани ҳақидаги ахборот 2017 йил 9 январида, фармон имзоланганидан 18 кун ўтиб эълон қилинган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02