Туркия-Ўзбекистон: Хотин-қизларга тегажоқлик шу даражадами?

Туркия Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хабарларга кўра, Туркиянинг яна бир шаҳрида хотин-қизлар учун махсус автобус хизмати йўлга қўйилган.

Яъни, Малатья шаҳридаги пушти рангли бу автобуслар фақат хотин-қиз йўловчилар учун мўлжалланган.

Унга ёш йигитлар ва эркакларнинг чиқишлари буткул маън этилган.

Бу автобуслар ҳозир кунига 1000 дан ортиқ хотин-қиз йўловчига хизмат кўрсатишмоқда.

Хабарларга кўра, бу яқин келажакда уларнинг турини янада кўпайтириш режалари ҳам йўқ эмас.

Аммо янгича автобус хизмати ҳақида малатьяликларнинг фикрлари иккига бўлинган.

Бирлари бу янгиликни хуш қаршилашган, бошқалари эса, шу даражага бориш шартмиди, дея иккилангансимон фикр билдиришган.

Яна айримлари наздида, бу каби ташаббус Малатья дохил бутун Туркиядаги эркакларга нисбатан ҳақоратдир.

Ижтимоий минбар: Аёл ва эркак тенг бўлиши керакми?

Туркиядаги марказий осиёлик энагалар

Истанбул ва Тошкентдан ҳам муносабат

Би-би-си Ўзбек Хизматининг Туркия ва Ўзбекистондан уюштирган суҳбатига мана бу линк орқали қулоқ тутинг.

Сўнгги янгилик манзарасида Би-би-си Ўзбек Хизмати узоқ йиллардан буён Туркияда яшаб, ишлаб келаётган ўзбекистонлик хотин-қизлардан бири билан боғланди.

Унинг айтишича, ростдан, ҳам ҳолат хотин-қизлар учун махсус автобус хизмати йўлга қўйиш даражасида.

Яъни, тегажоқлик, ҳурматсизлик ва зўравонлик ҳоллари транспорт воситаларида ҳам, оилаларда ҳам, кўча-куйда ҳам бор.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, биргина махсус автобус хизмати ташкил қилиш мавжуд муаммонинг ечими бўла олмайди, бу ўринда энг асосий эътибор таълим-тарбия масаласига қаратилмоғи керак.

Худди шу манзарада пойтахт Тошкентдан фаол суҳбатдошимиз Дилором Исҳоқованинг айтишича, бу каби ҳолатлар Ўзбекистонга ҳам ёт эмас.

"Айниқса, ёш қизларга нисбатан...Телефонингизни берасизми, ёнида хунук бир гапларни гапириб, ҳиринг-ҳиринг, "танишсак бўладими", - деган ана шунақа гаплар бўлади", - дейди у киши.

Суҳбатдошимизга кўра, фақат хотин-қизлар учун мўлжалланган махсус автобус хизмати Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилса, жуда яхши бўлади, жуда катта қулайлик туғдиради.

"Бу, албатта, мажбурий эмас. Бошқа транспорт воситалари ҳам юраверарди. Аёл киши истаса унга чиқсин...Аммо фақат аёлларгина мана шу транспортдан фойдаланиши мумкин, деган пушти ранг бўладими, ҳаворанг бўладими, унинг аҳамияти йўқ, бир траснпорт тури бўлса, бу - жуда яхши бўларди", - дейди Тошкентдан бу суҳбатдошимиз.

Бундан 5 йил бурун Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳам аёллар учун хизмат кўрсатувчи пушти рангли автобус-метробуслар қатнови йўлга қўйилишига оид хабарлар олинган.

Уларнинг ҳам ёш қизлар, ҳомиладор ва кекса аёллар учун мўлжаллангани айтилган.

Бундан бир неча йил бурун Покистоннинг айрим шаҳарларида ҳам бу каби ташаббусга қўл урилганига оид хабарлар пайдо бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар