Тошкент коллеж ва лицейларида ёппасига пичоқ қидирилмоқда

Пичоқ ушлаган инсон Фото муаллифлик ҳуқуқи Press Association

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси раҳбариятига таяниб хабар тарқатишларича, Ўзбекистон пойтахтидаги барча коллеж ва лицейларда тақиқланган буюмларни ўқув муассасаси ҳудудига олиб кириш олдини олиш мақсадидаги текширишлар бошланган.

Бу Тошкент милициясининг Юридик коллеж ҳудудидаги пичоқлашишга нисбатан кўрган чораси бўлган.

"Юридик коллежда бу ҳодиса нега юз берди? Бу коллеж раҳбарияти томонидан Ўзбекистон қонунчилигини қабул қилмаслик, умумқабул қилинган қоидаларни қабул қилмаслик оқибатидир", деб айтган Тошкентда ташкил қилинган брифингда шаҳар Ички ишлар бош боқшармаси бошлиғи Баҳодир Қурбонов. - "Агар мактабда битта ўткир тиғли предмет топилса ҳам бонг уриш керак".

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги 115 коллеж ва лицейларнинг талабалари 2016- ва 2017-йилларда жиноятларга алоқадор бўлмагани ва бўлмагани ҳам таҳлил этилаётгани хабар қилинган.

Шу йил 6 октябрь куни Тошкентдаги Юридик коллеж ўқувчилари ўртасида жанжал келиб чиққан, ўқувчилардан бири икки ўқувчини пичоқлаган.

Икки ўқувчи ҳам шифохонага ётқизилган, кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, улардан бири ҳаётдан кўз юмган.

Ўтказилган текшириш натижасида Юридик коллеж раҳбарияти фаолиятида камчиликлар топилгани, коллеж директори лавозимидан четлатилгани хабар қилинган.

Кейинроқ директор устидан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан олдин Ўзбекистон телеканалларидан бири Юридик коллеж атрофидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган яшовчиларнинг коллеж ўқувчиларининг хулқи, ўзларини тутишларидан хавотирлари билдирилган кўрсатув ҳам намойиш этган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар