Тошкентда ишлаётган вилоятлик қизлар

Вилоятдан келган қизлар ночор шароитда ишлашга мажбур Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Вилоятдан келган қизлар ночор шароитда ишлашга мажбур

Она-оналар пул топиш учун энди қизларини ҳам йирик шаҳарларга юборишга мажбур бўлаяпти. Қишлоғидан олисда ишлаб, 50-55 доллар ойлик оладиган бу қизларга совчи келиши қийин бўлмоқда.

Эсингизда бўлса ўтган сафар биз бугунги ўзбек қишлоғи одамлари ҳаётидаги бир оғриқли нуқта - эркаклар қолиб аёллар рўзғор қилиш учун бозор қилишга одатлангани ҳақида гапирган эдик.

Блоггер фикрлари: 'Бозор тўла аёллар...'

Пахта – кўпчиликка келган тўй

Бугун қишлоқлардаги яна бошқа бир ҳолат ҳақида сўз юритамиз. Гап шундаки, бугунда айрим қишлоқларда қизларни пойтахтга, умуман, марказий шаҳарларга ишга юбориш урфга кирмоқда.

Тирикчиликнинг айби йўқми?

Бу муаммога биринчи марта пойтахтда кўплаб очилган миллий таомлар кафеларида эътибор қиратдим. Яъни бу ердаги "Бухоро таомлари", "Ғиждувон шашликлари", "Андижон оши", "Самарқанд зиғир оши", "Қашқадарё жиз" каби у ёки бу вилоят таомларига пиширишга ихтисослашган кафеларда одатда худди шу юртлардан бўлган йигит-қизлар официант бўлиб ишлашади.

Аввалига, бирон узоқроқ қариндоши очган, ёки талаба бўлса, бўлса, кечқурун ишласа-ишлаётгандир, деб ўйладим.

Бу ёшлар билан суҳбатда уларнинг кўпчилиги қишлоғидан айнан ишлаш учун Тошкентга келгани, яхшироқ жойлашганлари бирон бир қариндошиникида туриб ишлаётгани, қолганлари кўпинча беш-олти киши бўлиб ижарада туриб яшаётгани маълум бўлди.

Гап шундаки, аксар қишлоқларда ёшларга иш йўқлиги боис, иложсиз қолган ёшлар, агар ўқишга киролмаган бўлса (йилига ўзбек ёшларининг атига 10-12% олий таълим муассасаларига ўқишга киради, қолганлари меҳнат бозорига йўл олади), бирон бир иложини қилиб пойтахтга, ёки вилоят марказига бирон бир ишга киришга ҳаракат қилишади.

Бир фарқи - олдин бу гап фақат йигитларга тегишли бўлса, ҳозир қизларга ҳам таалуқли бўлиб қолди. Яъни қишлоқ ота-оналари қизларини бошқа бегона шаҳарларга ишга жўнатишга ҳам рози - пул топса бўлди. "Уйда ўтиргандан кўра ҳарна-да - ҳеч бўлмаса сепига ишлатади".

Ҳамма жойда бир хил эмас

Бу ҳолат вилоятларга кўра турлича. Яъни Фарғона водийсида яшовчи қизлар кўпинча одатда Россияда ишлашга кетишса, мамлакатнинг жанубий вилоятларидан бўлган қизлар пойтахтда иш топишга ҳаракат қилишади.

Масалан, бир танишимнинг жияни Тошкентдаги кўпқаватли уйлардан бирида маҳаллий участкавой томонидан очилган тикув цехида ишлаётган экан.

6 кунлик иш ҳафтаси учун бу ердаги 5 қиздан ҳар бирига 500 минг сўмдан ойлик маош берилади, қўшимчасига озиқ-овқат билан ҳам таъминланади.

Ҳаммаси коллежни битирган, турмушга чиқмаган қизлар.

Яна бир мисол. Ҳалима (исмлар ўзгартирилган) пойтахтдаги қандолат цехларидан бирида ишлайди.

Ёзда музқаймоқ ишлаб чиқарадиган корхона қишда ширинликлар чиқаради. Ҳалима 400 минг сўм (+овқатланиш ҳаражатлари ва турар жой) эвазига бу ерда қадоқловчи бўлиб хизмат қилади. Ҳар икки-уч ойда уйига, онасини кўргани бориб келади.

Унинг айтишига кўра, бу иш унга ҳам ёқмайди. Лекин қишлоқдаги оилавий аҳволи ёмонлиги сабаб шу ерда ишлашган мажбур.

Одатда қиз боланинг шаҳарга ишга кетиши унинг ҳаётида яна бир муаммони келтириб чиқаради.

Яъни қишлоқда унча мунча ўзини билган оила энди бу қизни келин қилмайди. Шу сабабли шаҳарда ишлаб юрган қишлоқ қизларининг аксарияти турмушга чиқмаган.

Турли хил одамларга тўла шаҳар эса қизларнинг психологиясига кўпинча яхши таъсир қилмайди.

Бироқ бир нарсани айтиб ўтиш жоизки, аҳвол ҳамма жойда ҳам бир хил эмас: саноат яхши ривожланган туманларда ёш қизларга ҳам иш топилади. Лекин бундай туманлар унчалик ҳам кўп эмас.

Шу ўринда илгарилари қизлар тарбияси билан шуғулланган буви-момаларимиз қизларини ҳатто ўзлари яшаб турган қишлоғида ҳам кўчага ёлғиз чиқармагани, қиз болани унча мунча жойга, ҳатто қариндошлариникига ҳам меҳмонга юбормагани эсимга тушади.

Етмиш йиллик советлар замони ҳам ўзгартира олмаган ўзбеклар ҳаётида қандайдир биз ҳали тушуниб етмаган ички эврилишлар кетмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар