Бир ўзбекистонликка бир ойда яшаш учун қанча пул керак?

саватча Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Яқинда Facebook ижтимоий тармоғидаги энг йирик ўзбекистонликлар интернет ҳамжамияти бўлган "Потребитель" аъзолари бир кишига бир ойда яшаши учун қанча пул керак, деган масалани муҳокама қилди.

Муҳокама минглаб интернет фойдаланувчиларини ўзига жалб қилди, қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Кўпчилик бир кишига 3 млн. сўм ойига бемалол етади деган хулосага келди. Шунингдек, 2 млн. сўм, 4 млн. сўм, 5 млн. сўм каби суммалар ҳам кўп овоз олди. Бир кишининг кун кўриши учун зарур бўлган энг кам пул миқдори интернет фойдаланувчилари томонидан 1 млн. сўм деб кўрсатилди.

Ўзбекистон иқтисоди ҳавас қилгуликми?

Ўзбекистон қатор товарларга импорт божлари ва акциз солиқларини бекор қилмоқчи

Шу ўринда мамлакатда расмий энг кам иш ҳақи миқдори 149 775 сўмни ташкил этишини айтиб ўтиш зарур.

Боз устига, мамлакат ҳозирга қадар минимал истеъмол корзинаси кўрсаткичи (бошқача айтганда, инсон яшаши учун лозим бўлган минимал эҳтиёжларни қондиришга лозим бўладиган маблағ миқдори) ишлаб чиқилмаган дунёдаги ягона давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Расмий статистикага кўра, мамлакатда ўртача ойлик миқдори 500 АҚШ долларга (долларнинг 2017 йил 5 сентябргача амал қилган расмий курси - 4210.35 сўм билан ҳисоблаганда - 2, 105,175 сўм) тенг бўлса-да, аслида мамлакатда аксар соҳаларда иш ҳақлари бу кўрсаткичдан жуда йироқ.

Аксарият бюджет ташкилотларида ойлик маошлар 300-500 минг сўмга ёки тахминан 50 долларга тенг. Албатта, саноатда бу кўрсаткич бир оз юқори.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи миқдори 235 долларни (бозор курсида) ташкил этган. Бу юқоридаги расмий маълумотларга деярли мос келади.

Anna Pavelko исмли фойдаланувчининг ёзишича, "бизда 300 минглик ойликлар ҳам кўп, агар маош ойига 800 минг бўлса, киши бу иш жойига қаттиқроқ боғланади".

Аксарият ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрига кўра, кичкина бир оиланинг кун кўриши учун камида 3 млн. сўм зарур. Бу ҳолда маош коммунал хизматларга ҳақ тўлаш, юриш-туриш, овқатланиш ва болаларнинг ўқиши учун етади.

Ксения Казахова исмли фойдланувчи, 3 млн ҳам камлик қилиши, бу ҳолда "қора кунга" бирон сўм йиғиб қўйиш имкони бўлмаслигига эътибор қаратади.

Lenurochka Gafarova номли тармоқ аъзоси "ундан кўра, 1 млн.га 5 кишилик оила қандай қилиб яшаши мумкинлигини гапириб беринглар", - деб ёзади.

Яна бир фойдаланувчи ўзи ишлайдиган завод ҳақида ёзар экан, корхона директори 5 млн. олиши, унинг ўринбосарлари 4 млн.дан, ишчилар эса ўртача 500 мингдан маош олишини мисол қилиб келтиради.

Sobir Akbarov номли пенсионер "бир йил олдин мен пенсиямга ҳозиргидан кўра кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотлари олиши" мумкинлиги ҳақида куюниб гапиради.

Ильгиза Раджабова исмли тармоқ фойдаланувчиси 3 млн ойлик бир оилага фақат "касал бўлмаса, таътилга чиқмаса, болаларни сийламаса, ойлик чипта билан жамоат транспортида юрса, оилавий байрамларни нишонламаса" етишини айтиб ўтади.

Jahongir Ergashev эса депутатлар минимал истеъмол корзинаси ҳақида қонунни қабул қилишлари зарурлигини айтади.

Яна бир тармоқ фойдаланувчиси Фарғонадаги колхоз ишчилари даладаги энг қийин иш учун атига 480 минг сўм олишларини айтиб, айнан уларга катта ойлик тўлаш зарурлигига урғу беради.

Шунингдек, фойдаланувчилар ойлик маошларининг асосий қисмини озиқ-овқат ҳарид қилишга сарфлашларини ҳам айтиб ўтганлар.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш зарурки, мамлакатдаги расмий энг кам иш ҳақи миқдори - 149775 сўм ҳатто бир кишининг ҳам энг минимал эҳтиёжларини қоплашга ҳам етмайди. Мисол учун 1 кило мол гўшти шу кунларда бозорларда ўртача 29-30 минг сўмга тенг. Кўчада бир марта овқатланиш ўртача 10 минг сўм (фақат бир таом олинганда).

Жамоат транспортига бир марта чиқиш 1200 сўм, битта тандир нони 1000 сўм, бир кило шакар 5000 сўм, 1 литр сут 2500 сўм, бир кило гуруч 4000 сўм туради. Шундан келиб чиқиб, расмий энг кам иш ҳақи миқдорининг қанчага етиши мумкинлигини ҳисоблай чиқаверинг. Бу пула коммунал тўловларни тўлаш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

2017 йилнинг бошида маҳаллий нашрларда жорий йил охиригача Ўзбекистонда илк маротаба "Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳақида хабар қилинган эди. Хабарда ушбу қонун қабул қилиниши билан аҳоли эҳтиёжи ва барча ижтимоий тўловлар ҳажмини қайта ҳисоблаб чиқиш имкони пайдо бўлиши, қонунда асосий эътибор инсоннинг таълим, тиббий ва тураржой учун сарф-харажатларига қаратилиши ҳақида айтилган эди. Аммо йил охирлаётганига қарамасдан юқоридаги қонун лойиҳасидан ҳалигача ҳеч қандай дарак йўқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар