Теримчиларга пахта гулли пиёлада чой, ширмой нон ва ош

Сурат манбаси, Instagram
Ўзбек шоу-бизнес вакиллари билан пахта териш "бахти"га муяссар бўлган айрим теримчилар бир кун ана шундай сийланди. Хонандаларнинг айримлари фан клуби билан тушгача 50 кило пахта терди, баъзилари теримчиларга қўшиқ айтиб берди.
Хонанда Шаҳзода 10 дан ортиқ фан клуби билан тушгача 50 килодан ортиқроқ пахта терган бўлса, Шерали Жўраев дала четига оппоқ дастурхонлар ёзиб, пахта гулли пиёлалар билан безатилган давра ўртасида қўшиқ куйлади.
Якшанба куни ўзбекзабон Instagram тармоғи шоу бизнес вакилларининг пахта далаларидан тайёрлаган фото сессияси билан тўлиб тошди.
Сурат манбаси, Instagram
Санъаткорлар далада фотосессия уюштирган
Суратларда этак тақиб пахта тераётган хонандалардан тортиб, нозу неъматлар билан тўлдирилган дастурхон бошида палов еяётган қўшиқчи ва актёрларни кўриш мумкин.
Эстрада хонандаси Шаҳзода Instagram даги саҳифасида санъаткорларнинг пахта даласига ҳашарга чиққанини маълум қилган.
Сурат манбаси, Instagram
Санъаткорлар учун тўкин дастурхон ёзилган
Шаҳзода бир суратда бошига рўмол ўраб олган Юлдуз Усмонова билан тушган.
Яна бир ҳолатда 11 ёш йигит-қиз даврасида суратга тушган Шаҳзода икки этак пахтани кўз-кўз қилган.
Хонанда "шу вақтгача биз 52 кило пахта тердик", деган ва менинг фан клубим зўр, деб ёзган.
Фан клубини мақтаган Шаҳзода бошқалардан кўп пахта терганини назарда тутганми ёки бошқа нарсани, очиқламаган.
Ҳисоб китоб қилинса 12 кишининг ҳар бири 4 килою 300 грамдан пахта терган.
Эслатиб ўтамиз, пахтада эркинликда юрган теримчилар ҳар бири кунига ўртача 80 кило пахта териши керак.
Маҳбуслар 100 кило пахта теришга мажбурланади.
Суратларда машҳур қўшиқчилардан Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Шаҳзода, Абдулла Қурбонов ва Илҳом Фармоновларни кўриш мумкин.
Санъаткорлар нозу неъматларга тўла ва узундан узун дастурхон бошида ўтирибди.
Эстрада юлдузи, "Ёшлар" телеканали продюсери ҳамда Маданият вазири ўроинбосари Озодбек Назарбеков бошқа хонандалардан фарқли равишда далада костюм-шим ва галстукда ўтирганини кўриш мумкин.
Дастурхон ва тушгача 12 киши томонидан терилган 52 кило пахта фермерга қанчага тушган бўлиши мумкин, деган савол пайдо қилган.
Яна бир суратда яқинда "Истиқлол" санъат саройида қўшиқ айтишга рухсат теккан халқ ҳофизи Шерали Жўраевни кўриш мумкин.
Сурат манбаси, Instagram
Далада пахта гулли пиёла ва ширмой нонлар
Шерали жўраев пахта даласи четида ташкил қилинган саҳнада қўшиқ куйлаган.
Суратларда халқ суйган ҳофизни оппоқ дастурхон билан безатилган стол-стулларда ўтирган пахтакорлар даврасида кўриш мумкин.
Теримчилар дастурхонида пахта гулли пиёла, ширмой нон ва яна бошқа егуликлар бор.
Пахта даласида бу каби дастурхонларнинг ёйилиши ғайритабиий ҳол.
Изоҳ қолдирган ушбу ҳолатларга икки хил муносабат билдирган.
Айримлар ушбу ташаббусни қўллаб қувватлаган бўлса, бошқа томон бунинг ҳаммаси кўзбўямачилик учун ташкил қилинганини айтган.
"Эшовидан тушови қимматга тушибди, деб шунга айтишади", деб ёзади фикр қолдирувчилардан бири.
Ўзбекистонда пахта йиғим терими ихтиёрий-мажбурий равишда амалга оширалаётгани ҳақида кўплаб хабарлар чиқмоқда.
Пахта даласида бериладиган овқатлар ҳам санъаткорлар суратларида кўринганидек ош ва пахта гулли пиёладаги чойлар эмас, балки макарон эканлиги айтилади.
Теримчиларга санъаткорлар иштирокида концерт ташкиллаштириш Совет Ўзбекистони даврида анъанага айланган.
Пахта далалари четидаги шийпонларда ташкил қилинган саҳналарда ўша даврнинг машҳур санъаткорлари гастролларда бўлиб қўшиқ куйлаган.
Ҳозиргидан фарқли равишда ўша вақтлари пахтанинг салмоқли қисми комбайнларда териб олинган.
Бироқ Ўзбекистон мустақил бўлгач пахта терим машиналари кескин камайди. Пахтани қўлда териш урфга кирди.
Ўзбекистон бу йил ишлаб чиққан 550 та пахта териш машиналарининг 500 тасини қўшни Туркманистонга сотган.
Пахта режасини биринчи бўлиб бажарган Хоразмда вилоятида машиналар ёрдамида умумий ҳосилнинг ярим фоизи ҳам териб олинмаган.
Ўзбекистонда фермер хўжаликлари ташкил қилинган бўлса-да улар ўз ерига нима экиб, кимга сотиш борасида мустақил эмас.
Тепадан келган буйруқ орқали белгиланган маҳсулотни экиб, ҳукуматга арзимаган пулга сотадиган Ўзбекистондаги 80 мингга яқин фермернинг барчаси давлатдан қарздор эканлиги айтилади.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02