Кун.уз: "Аксар фермерлар зарар кўриб ишламоқда"

фермер Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Кун.уз сайти Халқаро Пресс клуб томонидан фермерлар ҳаётига бағишланган кўрсатувни "эртак"ка тенглаштирди. Таҳририятга олиб борган тадқиқотлардан Ўзбекистондаги аксар фермерлар зарар кўриб ишлаётгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликлари самарадорлигини оширишга қаратилган фармони ижроси юзасидан Халқаро Пресс клубда 19 октябр куни кўрсатув бўлиб ўтди.

"Қайд этиш керакки, меҳмон спикерлар, унда қатнашган фермерлар шунчалик ёниб, ўзлари эришаётган натижаларни сўзлаб беришдики, гўёки Президент фармонида қайд этилган ушбу соҳадаги қатор камчиликлар ёлғондек таассурот уйғотади", деб ёзади кун.уз.

Таҳририятнинг ёзишича, кўрсатув иштирокчилари фармонда кўтарилган муаммоларни четлаб ўтган ва фермерларга яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирган.

Муаллиф Толиб Раҳматовнинг ёзишича, Халқаро Пресс Клуб сессиясида қатнашувчи спикерларнинг ОАВ вакилларига ахборот тақдим этиш мақсадида ташкил этилгани айтилса-да, сессиянинг жонли эфирда узатилаётган қисмида журналистларга савол бериш учун имкон берилмаган.

Таҳририят сабзавотчилик-боғдорчиликка ихтисослашган туманда истиқомат қиладиган фермер билан боғланиб, 10 гектар жой мисолида ундан қандай фойдаланиш мумкинлиги билан қизиққан.

10 гектар ернинг 8 гектари давлат топшириғи асосида буғдой экилади.

Маълум бўлишича, 10 гектар ернинг 8 гектарига ғалла эккан, уни парваришлаб, йиғиб ва омборга олиб бориб тўккан фермер 556 минг сўм даромад қилади.

"Яна бир томони юқорида кўрсатилган жадвалда ишчи ҳақи ҳисобланмаган. Ишчи учун иш ҳақи ҳам фермер ҳисобидан бўлиши эътиборга олинса, камида 5 ойга ишчи ёлланилса, фермер ўз-ўзидан зарарга ўтиши ойдинлашади", - дейилади мақолада.

Муаллифга кўра, Россияда меҳнат муҳожири бўлишни танлаганлар ойига 100 АҚШ доллари юборган тақдирда ҳам 8 гектарга буғдой эккан фермердан кўра, яхшироқ даромад қилиши кундек равшан. 9 ойда 100 доллардан 900 доллар расмий курс бўйича 7 млн 200 минг атрофида даромад кўриши мумкин.

"Буғдой уруғини сепиш учун айрим жойларда такрорий экинлар етилишига оз вақтда ҳайдаб юборилган ҳолатлар ҳам бўлганини рад этиб бўлмайди".

Кун.уз Халқаро Пресс клубда иштирок этган сенаторлар томонидан янграган фермерларнинг миллионлаб даромад кўриши ҳақидаги гаплар қаердан олинган дея савол ташлаган.

Таҳририят миллионлаб даромад кўраётган фермерлар қандай қилаётгани ҳақида қизиққан. Муаллифнинг ҳокимият органларида таниш-билиши йўқ "оддий" фермерларга таяниб ёзишича, таниши бор фермерлар алоҳида имтиёзларга эга бўлади.

"Жумладан, шундай таниши борлар аввало белгиланган талаб бўйича мавжуд ер майдонларининг 80 фоизига буғдой экмайди, ёхуд экса ҳам режани бажаришни ўйламайди, аксинча, ҳосилнинг кўп қисмини ўз омборига тўкдиради, ё бўлмаса, уларда фермернинг расмий ҳужжатида қайд этилмаган ортиқча ерлари бўлади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бу иддаоларни раҳбарлар, мутасадди мулозимлар инкор этиши мумкин. Бироқ кўпчилик "зарар кўриб ишлаётган" фермерлар шундай фикрни билдиришмоқда" - дейилади мақолада.

2014 йили Би-би-си Ўзбекистондаги деярли барча фермерлар давлатдан қарздор эканлигини ўрганган эди.

Ўзбекистон фермерлар кенгашидан исмини оммага ошкор қилишни истамаган мулозимлардан бири Ўзбекистондаги фаолият юритаётган 73 минг ва тугатилиш арафасида турган яна 7 минг фермер хўжалиги қарзга ботганини айтганди.

Яъни рўйхатдан ўтган 80 минг фермер хўжалигининг барчаси давлатдан қарздор. Би-би-си билан гаплашган масъул уларнинг нима сабабдан қарзга ботгани ҳақида телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди. Унга кўра бошқа ташкилотлар каби фермерларнинг ҳам қарзга ботиши нормал ҳолат.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар