Ўзбекистонда қизларга тегажоқлик қилиш кўпайганми?

қизлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"- Кечирасиз, соатингиз неча бўлди?" - Авваллари йигит қиз билан танишиш учун шу жумла билан гап бошлар эди. Бугунги кўриниш эса тамоман бошқача. Йигитлар қиз билан гап қўшиш учун мавзуни узоқдан олиб келмайдилар.

Дангал танишишга ўтаверадилар. Ўз навбатида кўпгина қизлар ҳам йигитларнинг гапидан қизариб, ҳижолат бўлмайди. Вақти келса баъзи нозик жинс вакиллари ҳам йигитларга гап отишдан толмайди.

Тошкентдаги талаба қизларнинг фикрлари билан танишинг

10 йил аввал Тошкент маҳаллаларида калта юбка билан юриш қийин эди, йигитлар "гап отиб" тинч қўймасди ёки қўлига тош олиб очиқ кийинган қизни қувлаб қолар эди.

Калта юбка ёки тор шим кийган қизлар йигитларнинг нафратига сабаб бўларди. Бугунги манзаралар тамомила бошқача. Тошкент йигит ва эркакларининг кўзлари калта юбкалару, ярим очиқ кўкракларга ўрганиб бўлди.

Кўча-куйда ҳижобли ва очиқ-сочиқ кийинган аёлларни бирдай кўп учратиш мумкин.

Бугун Тошкентда очиқ кийинган аёл хотиржам кўчада, жамоат транспортида юра олади. Унга йигитлар томонидан илиқ гаплар янграйди. У ҳам бўлса кўп ҳолларда "қоғозга ўралган" даражада.

Агар, аёлнинг кўриниши қанчалар очиқ бўлса унга қаратилган хушомад даражаси ҳам шунчалар очиқ бўлади. Бироқ, бу "гап отиш"дан нарига ўтилмайди.

Тошкентда кундуз куни кўчада эркак ёки йигитларнинг аёлларга очиқ тегажоқлик қилиши деярли кузатилмайди.

Аниқроғи, бу борада сўроқ қилинган 30 кишининг бари бирон марта йигитларни қизларга кўчада очиқ тажовуз қилганини кўрмаганликларини айтишди.

Бироқ, сўровномамизда қатнашган 30 нафар аёлнинг 24 нафари ёлғиз таксига чиқишдан хавфсирашларини айтишди. Улар киракаш эркакларнинг телефон рақамини сўрашлари, ортиқча мулозаматлардан безор бўлишларини айтдилар.

Шилқимлик қилиш тегажоқликларни тунги ресторанларда учратиш мумкин.

Хусусан, спиртли ичимлик сотиладиган ресторанларнинг официант қизлари ҳам мижозларнинг шилқимлигидан норози бўладилар.

Аммо, тунги ресторандаги официант аёллар ўзларига бундай муносабат бўлишини билган ҳолда, шуни кўтара олганликлари учун ҳам бу ишга борадилар. Очиқ кийиниб ўзига ўта жалб қиладиган даражада кийинган аёл кўпроқ ёши катталарнинг даккисига сабаб бўлиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар