Қорни тўқ теримчиларни излаган Сардор Раҳимхон пахта теришга даъват қилди
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Қорни тўқ" теримчиларга юзланган Сардор Раҳимхон ҳаммани пахта теришга даъват қилди

Ўтган шанба куни Самарқанднинг Пайариқ тумани пахта даласида бўлган хонанда Сардор Раҳимхон одамларни пахта теришга даъват қилди. Бир неча видео жойлаган қўшиқчи теримчиларнинг оч қолмаётгани ва қорни тўқ эканлигини қайта-қайта такрорлаган.

Тошкентдан борган эстрада хонандаси теримчилар оч-наҳор пахта теришга мажбурланаяпти, деган тасаввурни қаердан олгани ҳақида изоҳ бермаган.

Видеони BBC Uzbek нинг YouTube даги каналида томоша қилинг

"Сизларга қарашвоттими, пулиларни ўз вақтида беришвоттими, ростини этийлар мана", деб камерага ишора қилади қўшиқчи.

"Ош-овқатийлардан хабар олишвоттими, фақат тўғрисини айтинглар", деб қўшимча қилади у.

Йиғилганларданг ҳаммаси зўр, деган жавобни эшитган хонанда, "так что азизлар, пахта даласига чиқинглар, бу ҳақиқатдан ҳам халқимизнинг бойлиги. Бу йил ўқитувчи, шифокор ва талабалар пахта чиқарилмаяпти. Хоҳласак хоҳламасак йиғиб олишимиз керак. Ўшани учун ким бўш бўлса чиқинглар. Пули берилвотти, ош-овқати берилвотти, санъаткорлар кевотти. Пахтани ёғингарчилик бошланмасдан териб олиш керак. Ҳақиқий маънода бойлигимиз азиз дўстлар", дейди у.

Instagram саҳифасига пахта даласидан бир нечта видео жойлаган Сардор Раҳимхон уларнинг остида изоҳ қолдириш функциясини ўчириб қўйган.

"Ош, Овқат, Турар жой ётоқ ҳаммаси жойида. Ким вақти булса, ким ўзини шу юртнинг фидоий фарзанди деб билса пахтага марҳамат", деб изоҳ қолдирган у ўз видеоси остига.

Яна бир қисқа видеода теримчиларнинг палов еётгани акс этган. Унда қўшиқчи Сардор Раҳимхон Тошкентдаги наҳорги ошлардаги имом-домлалар каби маъруза қилаётганини эшитиш мумкин.

"Бу видеони атайин қўйдим, кўрсин гапларимга ишонмаган фитначилар. Дастурхонда Худога шукур ҳаммаси етарли, ҳеч ким оч қомаяпти, ҳаммаси зўр", деб изоҳ қолдирган у.

Самарқанднинг Пайариқ тумани далада пахта терган қўшиқчи, қўли енгил келиб Нарпай туманида пахта плани бажарилганини айтган.

"Мана бизда қандай кайфият. Ҳа айтганча бугун қўлимиз енгил келиб Нарпай планни тўлиқ бажарди", дейди у.

Жойланган видеоларда хонанда фонограмма орқали қўшиқ куйлаб келганини кўриш мумкин.

Ўтган шанба куни "Ўзбекконцерт" бирлашмасидан лицензия олиб фаолият юритадиган кўпчилик хонандалар пахта далаларига сафарбар этилди.

Асосан Тошкент вилояти далаларига чиққан қўшиқчи актёрлар терган пахтаси ва еган ошлқари акс этган суратлар билан Instragram саҳифаларини тўлдирди.

Хонандалар борган далаларда ноодатий равишда стол-стуллар ташкиллаштирилган. Столларга тўшалган оппоқ дастурхонларда пахта гулли пиёлалар, ширмой нон ва писта-бодомларни кўриш мумкин.

Ушбу ҳолатлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг кескин кулгусига сабаб бўлган.

Изоҳ қолдирганлар хонандларнинг ҳаётдан узилиб қолгани ва теримчилар бошқа вақти бундай шароитларга эга бўлмаслигини айтишган.

"Агар гапларингизга ўзингиз ишонсангиз, сўзларингизга содиқ бўлсангиз марҳамат қилиб пахта терими бошланишидан то якунигача пахта майдонида бўлинг. Бир, икки ой қўшиқ ижод қилмасангиз мамлакат камбағаллашиб қолмайди. Шунинг учун йиғма кроватингизни олиб пахтага чиқинг, эл қатори овқатланинг, ҳар кунлик нормани бажаринг. Ана шунда бу баёнотларингиз хўжакўрсинга эмаслигини исботлайсиз жаноб", деб ёзади Фарҳод Абдураҳмон.

Кўпчилик фикр қолдирганлар артистларни далада томоша кўрсатгунча, халқнинг тўйларида оладиган пулларидан солиқ тўлаб фойдаси тегиши керак, деган фикрларни қолдирган.

"Сиз ўзингизни артист деб ўйлаяпсизми? Менимча, бир пайтлар кайсидир тепадаги "акахонлари"дан олган хизмат кўрсатган унвонини шу йўл билан отработка қиляпти. Шунчалик қайғурасан экан, борадиган тўйларингдан солиқ тўлаш ҳақида гапириб чиқ. Давлатимиз бюджетига тушади ўша пул ҳам", дейди Avaz Uzakov.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар