“Ўлигимиздан тиригимиз маъқул яқинларимизга...”

Саратов вилояти Маркс тумани Фото муаллифлик ҳуқуқи marksadm.ru
Image caption Ўзбекистонлик муҳожирлар Саратов вилояти Маркс туманида ўз ихтиёрларига қарши равишда ушлаб турилганларини айтадилар.

Россиянинг Саратов вилоятида 5 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири қулликка тушиб қолганликларини иддао қилмоқдалар.

Меҳнат муҳожири билан суҳбатни YouTubeда тингланг

Шу йилнинг март ойида 26 ёшдан 52 ёшгача бўлган 5 нафар ургутлик таниш орқали Саратов вилоятига ишлашга келган. Иш берувчи самарқандлик ишчиларнинг йўлкира ва ҳужжат харажатларини ўз зиммасига олган. Келишувга кўра, бу маблағ муҳожирларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши лозим бўлган.

Пул муҳимми, жон?

Нега Россиядан ўзбекларнинг ўлиги келмоқда?

Россия: Ўзбекистон фуқароларини тупроқ босиб қолди

Ўзбекистонлик ишчилар 14 минг рублга фермада ишлашга рози бўлишган. Россияга келиб иш бошлашгач, ҳар ой йўлкира ва патент пули босиб қолинган. Натижада ишчиларнинг қўлига ваъда қилинган 14 минг ўрнига 7-8 минг рубль пул берилган. Шунга қарамай, самарқандлик ишчилар иш берувчининг қарзидан ҳамон қутила олмаётганини айтишмоқда.

- Келган пайтимиз 3 ой уйга пул юборганмиз, 4 ойдан бери пулсиз юрибмиз. Энди Ўзбекистонга қайтиб кетамиз. Кетишга пулимиз йўқ, ноқулай бўлса ҳам иложимиз йўқ, уйдан пул чақиртирамиз. - дейди Россияда омади юришмаган муҳожирлар.

"Отамиз-энамиз, ака-укамиз бор. Бизни ўлигимиздан тиригимиз маъқул уларга. Пенсия оладиганлар пенсияни тўплайди-да, жўнатади".

Би-би-си ўзбекистонлик муҳожирларнинг иш берувчиси, Маркс туманидаги Осиновский посёлкасида жойлашган чорвачилик хусусий фермаси раҳбари билан боғланди. Иш берувчининг айтишича, илк ойларда шароитни тушуниб, ўзбекистонлик ишчиларга сарфланган йўлкира ва ҳужжат харажатлари ҳали тўланмай туриб, уларнинг уйларига пул юбориб турилган. Аммо ишчиларга ферма иши маъқул бўлмагани сабабли қарзни тўламасдан кетиш ҳаракатига тушганлар.

- Ишчиларнинг паспортлари уларга ҳужжат қилинган пайтда олинган, кадрлар бўлимида турибди. Агар берсак, қарзларни тўламасдан қочиб кетишади. Мен ҳар бирларига анча пул ёнимдан сарфлаганман, - дейди раҳбар.

Ургутлик ишчилар ёзда қочиб ҳам кетишган, аммо Саратовда бошқа иш топа олмай яна фермага қайтишга мажбур бўлишган.

"Аммо турар жойимиз, шароитларимиз яхши", дейди муҳожирлар.

Айни пайтда улар иш берувчидан паспортларини олиш учун ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ