Яқин Шарқ: Ўзбекистонлик ‘1500 ИШИДчи’ жангарига нима бўлди?

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Америка "Soufan" тадқиқот марказининг эътироф этишича, ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқ.

Аммо, марказнинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, ИШИД сафларида 1500 нафар ўзбекистонлик жангари бор.

Марказ бу ҳақда ўзининг янги рўйхатида эълон қилган.

Янги рўйхатда Ўзбекистон "1500 нафар жангариси" билан 8-ўринни эгаллаган.

3500 нафар жангариси билан Россия пешқадамлик қилган рўйхатда Ўзбекистон ягона Марказий Осиё давлати бўлган.

Бошқа томондан, Россия ва Ўзбекистон марказнинг янги рўйхатидан жой олган бор-йўғи иккита собиқ Шўро давлатига айланишган.

Саудия Арабистони ва Иордания эса, ИШИД сафларида жанг қилаётган фуқароларининг сони бўйича рўйхатда юқори учликка кирган қолган икки давлат бўлишган.

Улардан кейинги ўринларни эса, Тунис, Франция ва Туркия эгаллашган.

Германия ва Буюк Британия эса, юқори ўнликни тўлдиришган.

ИШИД сафларидаги фуқароларининг сони бўйича Европада Франция илғорлик қилган.

Икки мингга яқин Франция фуқаросининг ИШИДга қўшилгани маълум бўлган.

Марказнинг хосан урғулашича, рўйхатда тилга олинган рақамларнинг аксарияти 2016 йилнинг март ойидан 2017 йилнинг август ойигача бўлган давр оралиғини қамраб олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

ИШИДчилар Марказий Осиёга қайтадими?

Қайтаётган ИШИДчилар қанчалар хавфли?

Тарихча ўрнида

Бошқа томондан, янги ҳисобот ва рўйхат Яқин Шарқда ИШИД жангари гуруҳи мавҳ этилганига оид хабарлардан саноқли ойлар ўтиб эълон қилинган.

ИШИД сафларидаги Ўзбекистон жангариларига оид рақамлар эса, илк бор 2015 йилда эълон қилинган.

ICSR (Радикаллашиш ва Сиёсий Зўравонликни тадқиқ этиш халқаро маркази) ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизмати ИШИД сафида камида 500 нафар ўзбек жангариси борлигини маълум қилганди.

Ўшанда ҳам дунёнинг 13 давлати киритилган ушбу рўйхатдан собиқ Шўро Республикалари орасидан фақат Россия ва Ўзбекистон жой олганди.

Бу - "Исломий Давлат" сафида жанг қилаётган ўзбекистонлик жангариларнинг сонига оид илк бор расман эълон қилинган маълумот бўлганди.

Бундан сал аввал Халқаро Инқироз Гуруҳи икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилишаётганини айтиб чиққан.

Аммо бу халқаро ташкилот ҳам бу жангариларнинг энг катта сондагиси этник ўзбеклардир, деган.

Агар, орада кечган бир неча йил ичида Яқин Шарқдан олинган хабарларга таянилса, ўзбекистонлик жангарилар ҳам Ироқ ва ҳам Суриянинг қатор шаҳарларида жанг қилишган.

Шу пайтгача Сурия ва Ироқ ҳудудида фаолият олиб бораётган ўзбек жангариларининг учта гуруҳи маълум бўлган.

Булар эса, "Имом Бухорий" катибаси, "Тавҳид ва Жиҳод" ва ИШИДнинг "Хуросон" қаноти дея кўрилган.

"Soufan" маркази ҳисоботида яна нималар дейилади?

Марказнинг янги ҳисоботида айтилишича, ИШИД Ироқ ва Сурияда мағлубиятга учраб бораркан, камида 5600 нафар жангари ортга - ўз мамлакатларига қайтишган.

Марказга кўра, ўтган икки йил ичида 33 давлат ИШИД сафларида бўлган фуқароларининг ватанга қайтишганини маълум қилишган.

Буюк британиялик ИШИД жангарилари сони эса 850 нафар экани қайд қилинган.

Ҳисоботда айтилишича, ватанга қайтаётган жангарилар барқарорликка таҳдид бўлиб қолаверади.

ИШИД 2014 йил халифалик эълон этган ҳудудларнинг аксариятини бой берган.

ИШИД сафига дунё бўйлаб, хусусан Марказий Осиёдан ҳам минглаб жангарилар қўшилгани маълум.

Ўтган ҳафта ИШИД қароргоҳидан бири бўлган Раққа АҚШ дастагидаги суриялик курдлар томонидан ишғол этилганди.

"Soufan" маркази ҳисоботига кўра, 2015 йилдан бери ИШИД сафига келиб қўшилаётган жангарилар оқими сезиларли равишда озайган.

Бунга ташкилотнинг кетма-кет мағлубиятлари ва давлатлар ўз фуқароларининг минтақага сафар қилишини қийинлаштириб қўйгани сабаб бўлгани айтилади.

Хавотирлар

Бошқа мамлакатларга оид рақамлар номаълум эканини инобатга олиб Soufan маркази, қатор мамлакатларнинг хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари катта мушкулликларга рўпара келмоқдалар, дея хулоса қилади.

"Soufan" маркази ўз ҳисоботида собиқ ИШИДчиларнинг айримлари "зўравон жиҳод" ғоясига содиқ қоладилар, деб ҳисоблайди.

"Ўз ватанига, тинч ҳаётга қайтишга қарор қилганлар эса уларни тармоққа ёллаган одамлар ёки бошқа қуролдошларнинг ёрдам сўраб қиладиган мурожаатлари олдида ноилож қолишлари мумкин", дея огоҳлантиради "Soufan".

"Давлатларнинг ватанига қайтган аёллар ва болаларни қандай қилиб жамиятга қайта интеграция қилиш борасида боши қотиб қолгани боис хотин-қизлар ва болалар йирик муаммонинг таркибий бир қисми бўлиши мумкин.

"Soufan" маркази қайд этишича, Тунис ҳукумати ИШИД сафига бориб қўшилган фуқаролари ҳақидаги рақамларни қайта кўриб чиққан.

2015 йили Тунис ҳукумати Ироқ ва Сурияга ўзларининг 6000 фуқароси кетганини эълон қилган эди. Ҳозирга келиб бу рақамни 2920 га туширган.

Бу дегани, Россия ИШИДга фуқаролари энг кўп қўшилган мамлакат ҳисобланади.

Британиянинг MI5 Хавфсизлик хизматининг Би-би-сига айтишича, ИШИДга бориб қўшилган 800 Британия фуқаросининг кутилганидан кам сондагиси ватанига қайтган, уларнинг камида 130 таси ўлдирилган.

Ҳамон Сурия ёки Ироқ ҳудудида қолаётганлар эса ҳибсга олинишлари мумкинлигини яхши англайдилар, шу сабаб бундан кейин Ироқ ёки Сурия ҳудудини ташлаб чиқишга ҳаракат қилишлари мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02