Россияда андижонлик қочқин Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи oila
Image caption Андижонлик қочқин

1 ноябрь куни Москвада андижонлик муҳожир Хавасбек Алижонов номаълум шахслар томонидан қўлга олинган. У Россияда қочқинлик мақомида бўлган.

"Уч киши қора кийимда, кепка кийганлар келиб, Ўзбекистон хужжатларини кўрсатишди. Улар "Евросеть" магазинидан "Сизлар телефон ютиб олдинглар!", деб бизни чақириб олди. Мен "Қўйинг, дадаси. Тузоқ бўлиши мумкин", десам, "Таваккал", деди. "Фрунзенский" метроси, Комсомолский проспект, 31 уйда, "Азбука вкуса" дўкони олдида ушлаб олишди, - дея матбуотга маълум қилган Алижоновнинг рафиқаси.

Россияда ўзбекистонликлар қандай ўғирланади?

Андрей Грозин: 'Мирзиёев Каримовнинг юмшоқроқ кўриниши'

Зулхумор Алижоновага кўра, ўзбек миллати бўлган бу уч шахс Ўзбекистон ҳавфсизлик хизмати ходимлари бўлиб, ватанида қидирувда бўлган эрини шу тариқа қўлга олишган.

Хавасбек Алижонов "Хамовники" полиция бўлимига олиб кетилган. Марказий маъмурий округ полиция бўлими Би-би-сига 1 ноябрь куни ўзбекистонлик қочқин полиция маҳкамасида ушлаб турилганини тасдиқлади.

- Алижонов Ўзбекистон талаби билан сақлаб турилибди. Агар Россиянинг бирор жиноий кодекси бўйича айбланганда ҳам айтишимиз мумкин эди, аммо у ҳақидаги барча маълумотлар маҳфий, - деди ИИБ навбатчиси.

Ўзбекистонлик қочқин полиция бўлимидан туман прокуратурасига олиб кетилган.

- Хавасбек ногирон, юрагидан бир неча бор операция бўлган. Унга доимий қаров керак. Бир неча кунлаб ушлаб туришларида у нобуд бўлади. Беш боласи етим қолади, - дейди Алижонов оиласини яқиндан билган йигит.

Фото муаллифлик ҳуқуқи oila
Image caption Россияда андижонлик қочқин Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган

"Гражданское содействие" ташкилоти фаоли Елена Буртина ва адвокат Роза Магомедова андижонлик қочқин оиласини ҳимояси билан шуғулланишмоқда.

- Қочқинлик мақомида бўлганларни ҳибсга олиш ёки олиб кетишнинг ўзи қонунга ҳилоф. Алижоновдаги вақтинчалик қочқинлик мақоми муҳлати тугаши билан янгисига рад жавоби берилган. Рад қилинганлиги устидан шикоят қилганмиз, - деди Елена Буртина.

Адвокат Роза Магомедова эса Би-би-бига Алижонов билан учрашганлигини айтди.

- Унинг иши текширувда, ҳеч нима дея олмаймиз. Суд қандай қарорга келишини ҳам билмаймиз. Айни пайтда СИЗОда ушлаб турилибди, умумий ҳолати ҳозирча яхши, - билдирди адвокат Магомедова.

Алижоновлар оиласи кўп йиллардан бери мураккаб вазиятда.

Маълумотларга кўра, Ҳавасбек Алижонов Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан қидирувга берилган. Ҳимоячисининг айтишича, у индорлиги боис қилинаётган таъқиблардан қутулиш учун Москвага келган. 2013 йилда эрининг ёнига келаётган Зулҳумор Алижонова ва унинг тўрт фарзанди Россияга киритилмай, бир неча кун Домодедово аэропорти транзит ҳудудида қолганлар. "Гражданское содействие" ташкилоти кўмагида уларнинг Москвага киришга рухсат берилган.

2016 йилнинг октябрида Россияда оиласи билан қочқинликда юрган Алижоновнинг Андижонда яшаётган ота-онаси уйини қуролланган "қора ниқобли"лар босган.

Алижонов 2016 йилда Москвада юрагида жарроҳлик амалиётини ўтказган, 5-фарзанди ҳам шу ерда туғилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02