"Мирзиёев эрта тургани учун" масжидларда азонлар баланд чақирилади

масжид Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Akhmedova

Ўзбек имомлари Каримов даврида азон чақириш учун масжидлардан олиб ташланган овоз кучайтиргичларни қайтармоқчи. Azon.uz сайтининг хабар беришича, Тошкент шаҳридаги "Кўкча" масжидида йиғилган имом-хатиблар масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар ёрдамида чақиришни қайтаришга келишиб олган.

"Москванинг Кремлида ҳам азон айтиляпти. Ёки бўлмаса христиан динига эътиқод қилувчилар қўнғироқларини чалишяпти. Ҳеч кимнинг уйқуси бузилётгани йўқ", дея имом-хатиблар йиғилишидан иқтибос келтирган azon.uz.

Йиғилишда янги Президент Шавкат Мирзиёевнинг тонг саҳарда туриши азонларнинг баланд чақирилишига сабаблардан бири сифатида келтирилган.

"Қолаверса, Президентимизнинг доимо ҳаракатчан эканлиги, тонг саҳарда туриши, тонгда қилинган иш эса баракали бўлишлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, юртимизда ҳам, жумладан Тошкент шаҳрида ҳам христиан динига эътиқод қилувчилар тарафидан чалинётган қўнғироқларга хоҳ у эрталаб бўлсин, хоҳ кечқурун, ҳеч ким томонидан эътироз бўлмаётганлиги алоҳида таъкидланди", - дейилади хабарда.

Ушбу хабарни интернетдаги ўзбекистонликлар илиқ қарши олган.

Уларнинг айримлари баланд азон учун Мирзиёевни дуо қилган.

"Роббим! Бисмиллоҳ деб хайрли ишларни бошлаган Шавкат Мирзиёевни ўз паноҳингда асра! Ўзбекистон халқини олдида юзини ёруғ, мартабасини улуғ қилгин", дея иқтибос келтирган azon.uz.

Хабарда Ўзбекистонда нима сабабдан азонлар овоз кучайтиргич билан чақириш тақиқлангани борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Facebook да фикр билрувчиларнинг баъзилари Ўзбекистонда азонга нисбатан расмий тақиқ бўлмаганини ёзди.

"Билишимча, Ўзбекистонда ҳеч қачон азонга қарши расмий тақиқ бўлган эмас. Бундай тақиқлар ҳар доим оғзаки буйруқ билан амалга оширилган. Кимларнингдир наздида «азонни овоз кучайтиргичда айтиш» тақиқда бўлган даврда ҳам, азон овози жаранглаб турган масжидларни кўрганмиз", - деб ёзади Индамасхўжа Камгапхўжа Ўғли.

Фикр билдирувчилар бу каби оғзаки тақиқлар Ўзбекистондаги мусулмонлар учун ҳамон амал қилиб турганини айтишган.

Унга балоғатга етган қизларнинг рўмол ўрашдаги тақиқлар ёки ёшларнинг масжидлардан тўсилиши мисол тариқасида келтирилган.

Индамасхўжа Камгапхўжа Ўғли Ўзбекистонда дин ишларига давлат томонидан кучли аралашув борлиги ва имомлар бу каби қарорларни олишда мустақил эмаслигига ишора қилган.

"Хабарда эътиборимни тортган жиҳат: Бу норасмий тақиқ абсурдлигини имомлар энди тушуниб қолган эмиш. 10 йиллар олдин "Микрофонсиз азон айтасан" деган топшириқ бўлганда

қаерда эдингиз, дегим келади. Таклиф имомлар томонидан бир овозда маъқулланган эмиш. Имомлар кураторларининг ижозатисиз шундай ташаббус қилишга журъат қилишибди. Яна азонга президентнинг тонг саҳарда туришини рўкач қилиш энг бўлмағур аргумент бўлибди", - деб ёзади у.

Ўзбекистонда норасмий қўйилган тақиқлардан бири аёлларнинг масжиддан тўсилишидир. Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонда аёллар ҳам масжидларга бемалол келишган ва илм олган.

Бироқ кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистонда Ислом Каримов бошчилигида мусулмонларга нисбатан кўрсатилган тақиқлар ва таъқиблар натижасида аёллар масжиддан тўсилган.

Мусулмонлар диний идораси бу каби тақиқларга доимо диндан фатво топиб беришга ҳаракат қилгани айтилади.

Аёллар масжиддан тўсилиши, Ҳанафий мазҳаби билан изоҳланган.

Бироқ шу йил қуриб битказилган Зоминдаги Мирзиёев масжиди деб ном чиқарган жомеъ масжидида аёллар учун алоҳида хона ажратилган.

У ерда аёллар жума куни жамоат билан намоз ўқиётгани ҳақида Би-би-си хабар берган эди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар Турсунов у ерга келадиган аёллар меҳмон бўлгани учун масжидда намоз ўқишга рухсат берилганини айтганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02