Истанбул: ‘Самарқанддан янги авиақатнов айни муддао, аммо нархлар арзонлашиши керак... ’

Самолёт Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

"Бизга қолса, билетини арзонлаштиришса ва ҳафтада уч марта йўлга қўйишса Самарқанд-Истанбул-Самарқанд рейсларини", - дейди сўнгги янгиликка муносабат билдирган Истанбулдаги ўзбекистонликлардан бири.

BBC O'zbekning YouTube каналида тингланг.

Кеча - 30 октябрь куни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авикампанияси илк бор ушбу йўналиш бўйича мунтазам ҳаво қатновини бошлаган.

Шу пайтгача Ўзбекистондан Истанбулга парвозлар фақат пойтахт Тошкент шаҳридан амалга ошириб келинган.

Тошкент-Истанбул-Тошкент авиақатновлари ҳафтасида 15 маротабани ташкил этган.

Аммо, бир кунда Истанбулга иккитадан самолёт учаётган эса-да, айниқса, ёзги мавсумда чипта топиш муаммога айланиши айтилган.

Билет топилган тақдирда ҳам, унинг қиймати (бориш-келиш: 600-700 АҚШ доллари атрофида), йилларки, аксарият ўзбекистонликларнинг шикоятларига сабаб бўлиб келган.

Улар, дейлик, шундоққина қўшни Қирғизистон пойтахти Бишкекдан Истанбулга билетларнинг баҳоси (бориш-келиш) 270-280 АҚШ доллари атрофида бўлган пайтда, нега ўзларида нархларнинг бунчалик қиммат эканидан таажжубларини изҳор этишган.

"Кўпинча мана шу ватандошларимиз арзонроққа мамлакатимга борай, болаларимдан хабар олай, деб ҳаракат қилишади. Рейсларни алмаштириб учиш йўлини танлашади. Лекин йўлларда жудаям кўп қийинчиликларга дуч келишади. Бир кунлаб, икки кунлаб Олма-ота, Ашхобод ёки Бишкекда сарсон бўлишади", - дейди Истанбулдан бу суҳбатдошимиз.

"Туркияда юрган ўзбекистонлик ватандошларимизнинг тўғридан-тўғри, муаммосиз учишлари соғликлари учун ҳам - ҳар томонлама айни муддао бўларди, деб ўйлайман".

Америкалик сайёҳ: "Ўзбекистонда нотанишларни намозга чақирсанг қамалишинг мумкин"

Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокимини ишдан олди

Умидлар

Унинг айтишича, худди шу боис ҳам, Самарқанддан Истанбулга тўғридан-тўғри рейснинг йўлга қўйилиши Туркиядаги ўзбекистонликлар қолиб, ҳатто, турк фуқаролари томонидан ҳам хушнудлик билан қарши олинган.

Суҳбатдошимизга кўра, Туркия фуқаролари орасида Самарқанд бўладими, Бухоро ва ёки Хива, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларини бир зиёрат қилиш истагида бўлганларининг сони озмунча эмас.

Унинг наздида, агар, янги йўналиш бўйича рейсларнинг сони кўпайтирилиб, билетлари нархи арзонлаштирилса, бу - келажакда ҳар томонлама ривожланиш учун айни муддао бўлади.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, жорий пайтда ушбу йўналиш бўйича билет нархлари (бориш-келиш) 550 АҚШ долларидан бошланади.

Расмий хабарларда айтилишича, "Самарқанд - Истанбул - Самарқанд" йўналиши бўйича мунтазам ҳаво қатновлари ҳозирча ҳафтанинг душанба кунлари амалга оширилади.

Шу йил 16 ноябрдан пайшанба кунлари ҳам қатновлар бошланади.

2018 йил ёзидан бошлаб эса, қатновларнинг ҳафтасига тўрт маротаба амалга оширилиши айтилади.

Ўзбекистонлик масъулларга кўра, у Тошкент-Истанбул парвозлари сонига таъсир қилмайди.

Янги йўналиш икки мамлакат фуқароларига қулайлик яратиш баробарида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Бундан ташқари, сайёҳлик салоҳиятини оширишга замин яратади.

Туркия

Ўзбекистон мустақиллиги билан кечган ўтган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Туркия катта сондаги ўзбекистонликлар учун асосий тижорат ва зиёрат марказларидан бирига айланган давлат бўлади.

Айрим манбаларда турли юмуш, иш ва таҳсил билан ҳозир Туркияда бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони бир неча юз мингтага нисбат берилади.

Самарқанд-Истанбул-Самарқанд йўналиши бўйича янги авиқатновлар масаласи, ҳатто, яқинда Ўзбекистон ва Туркия президентларининг Анқарада бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида ҳам алоҳида эътибор қаратилган асосий мавзулардан бири бўлган.

Бу - Ўзбекистон президентининг 20 йил, деганда Туркияга илк давлат ташрифи бўлган.

Туркия раҳбариятини бунинг аҳамиятини алоҳида ва ошкора урғулаган.

Бу каби эътирофлар манзарасида Ўзбекистоннинг янги президенти Туркия билан икки ўртада виза бўлмаслиги кераклигини айтган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзларининг "бунга ҳаракат қилишлари"ни ҳам билдирган.

Давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон Туркия фуқаролари учун виза жараёнини соддалаштиришга қарор қилган.

Анқарада эса, Ўзбекистон президенти бу - шу йўлдаги "катта ишларининг бошланиши" эканлигини баён қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар