GM-Ўзбекистон Альянси: бозордаги вазият ўзгарадими?

машина Фото муаллифлик ҳуқуқи Novosti Uzbekistana

Шу кунларда Ўзбекистоннинг автомобиль саноати учун жавобгар бўлган "Ўзавтосаноат" концерни ва американинг General Motors ширкати ҳамкорлик шаклини қўшма корхонадан альянс платформасига (шаклига) ўзгартириши ҳақида хабар чиқди. Бироқ мутахассислар эркин рақобат бўлмаган бозорда ушбу ўзгаришлар истеъмолчи учун ҳеч нарса англатмаслигини айтмоқда.

Томонлар тарқатган хабарга кўра, GM-Ўзбекистон Альянси "ўзбек автосаноатини мустақил равишда фаолият юритишига катта ҳисса қўшади".

Тафсилотлар

Битимга кўра, альянс доирасида томонлар Ўзбекистонда автомобиллар ва двигателларини ишлаб чиқариш, ҳамда ички ва ташқи бозорда Chevrolet ва Ravon брендлари остида автомобиль савдоси бўйича ҳамкорликни давом эттиради.

Шунингдек, томонлар янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича тасдиқланган лойиҳалар устида ишлашда давом этади. GM-Ўзбекистон Альянси доирасида томонлар шунингдек МДҲ ва янги бозорларда экспортни кенгайтириш масалаларини ўрганишади.

Альянс шунингдек GM компаниясининг автомобиль технологиялари ва ноу-хауларидан фойдаланишни таъминлайди.

Альянс доирасида "Ўзавтосаноат" АЖ автомобил ва двигателларни ишлаб чиқариш бўйича операцион фаолият, шу жумладан ташқи бозорда GM маҳсулотлари учун Ravon брендини дунёга танитиш бўйича назоратни тўлиқ ўз зиммасига олади. "Ўзавтосаноат" АЖ ҳамкорликдаги фаолият фундаменти бўладиган Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқариш ва мамлакат ички бозорида сотишни давом этади, Ravon брендини ташқи бозорга етказиб бериш эса кенгайтирилади.

Икки томон Альянсга ўтиш бандлик даражасига ёки автомобиль ва двигателлар ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилмаслигини тасдиқлайди. GM компанияси Ўзбекистонда автомобиль ва двигателлар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларни етказиб беришни, ҳамда Ўзбекистон автосаноатини консультатив ҳамда техник кўмак беришга йўналтирилган янги ташкил топаётган GM Advisory Services компанияси орқали қўллаб-қувватлашда давом этади.

Альянсми, қуруқ гап?

Биз юқоридаги маълумотлар ортида оддий харидорлар учун нималар ўзгариши билан қизиқдик. Одатда альянс деганда йирик, бир бирига мавқеи ёки технологиялари жиҳатидан тенг бўлган ишлаб чиқарувчи ёки йирик ширкатлар, банкларнинг ўзаро узоқ муддатга мўлжалланган ҳамкорлиги тушунилади.

Масалан, япониянинг машҳур Nissan ширкати франциянинг Renault автоконцерни билан альянс тузган. Бу орқали томонлар бир бирларининг технология ва ноу-хауларидан фойдаланади, бир платформада турли бозорлар учун автомобиллар ишлаб чиқаради, бир бирларининг брендларини ўз бозорларида илгари суришга кўмаклашади.

Хўш, GM-Ўзбекистон Альянси оддий харидорларга нима бериши мумкин? Ҳозирча буларнинг бари қоронғулигича қолмоқда.

Бозорда нима гаплар?

Айни пайтда бу хабар чиқишидан бир оз олдин иккиламчи автомобиль бозорида нархлар яна деярли ўртача 20-30 фоизга қимматлашган.

Хусусан, Тошкентдаги мамлакатдаги энг йирик Сирғали машина бозорида ҳайдалган автомашиналарнинг нархи ўртача 1-2 минг долларга ошган.

Масалан, бир ой олдин техник ҳолати ва юрган масофасидан келиб чиқиб, 5-5,5 минг доллар турган ўртача 50 минг км йўл юрган Chevrolet Spark модели ҳозирда 6,5-7 минг долларга баҳоланмоқда. Бошқа моделлар нархлари ҳам тахминан шу даражада ошган.

Бунга асосий сабаб - GM-Uzbekistan автосалонларида нархларнинг кескин кўтарилиши бўлган. Шу билан бирга, янги машинага пули етмаганларнинг бари ўзини иккиламчи бозорга урган.

Маълумки, сентябр бошида валютани эркин алмаштиришга ўтиш муносабати билан GM-Uzbekistan машиналар сўмда сотишни бошлагач, автомобиллар баҳолари кескин ошган, ҳатто қатор моделлар бўйича ҳатто 40 фоизгача кўтарилган эди. Қизиғи, ҳатто шу ҳолда ҳам автосалонларда баъзи турдаги машиналар йўқ.

Масалан, пойтахтдаги қатор автосалонларга кириб кўрганимизда бу ерда асосан талаб катта бўлган автомат тезлик узатиш қутисига эга бўлган автомобилларнинг сотувда йўқлиги, шунингдек, Captiva, Malibu 2, Orlando (ҳатто нархи ўта қимматлигига қарамасдан) моделларининг умуман сотувда йўқлиги, Lachetti модели камдан атига бир икки жойда сотувда борлиги маълум бўлди. Салон ходимларининг сўзларига кўра, қолган моделларни шартнома олиб пулини тўлаган заҳоти олиб чиқиб кетиш имконияти мавжуд.

Ўзбекистонлик автохаридорлар учун яна бир оғриқли масала - автокредитларнинг йўқлигидир. Шу йил майида очилган автокредитлар бир ҳафта ўтиб номаълум сабабларга кўра тезлик билан ёпилган.

Нархларга келсак, улар жуда қиммат. Масалан, автосалонда энг арзон Matiz 42,5 млн. сўм (жорий курс бўйича 5312 доллар), энг арзон Spark модели 61,5 млн. сўм (7691 долл.) туради, Nеxia 3 нархлари 70,6 млн. сўмдан бошланади (9,2 минг долл.).

Cobalt седанининг баҳоси 79, млн. сўмдан бошланади. Класси юқорироқ бўлган Lachetti седанининг баҳоси энг ками 102 (!) млн. сўмдан бошлаб сотилмоқда. Шу сабабли ҳам автосалонлар ходимлари ҳозир "пашша қўриб" ўтиришибди: салонларда харидор кам...

Нархларнинг ўта қимматлигига асосий сабаб - ўзбек автомобиль бозорининг ўта юқори божлар билан ёпилганлигидир. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун шундай йўл тутилган.

Тўғри, ўзбек автосаноатининг маҳсулотларини сотиб олишни истамаган кишилар чет элдан машина сотиб олишлари мумкин. Бироқ, бу ўта қимматга тушади. Чет элдан олиб келинган янги машина учун ўртача унинг қийматининг 130% тенг келадиган божлар тўлаш зарур.

Яъни, хориждан 20 минг долларлик авто сотиб олиб келсангиз, уни Ўзбекистонда ҳайдаб юриш учун тахминан 23 минг долларга тенг божлар ва йиғимлар тўлаш зарур. Демак унинг нархи 43 минг долларга айланади.

Токи бу ҳолат ўзгармас экан GM-Uzbekistan автомобилларига маҳаллий бозорда ҳар қандай нарх қўйиб сота олади. Чунки унинг рақобатчиси йўқ. Мутлақо! Олсанг ҳам шу, олмасанг ҳам!

Яна бир қизиқ иқтисодий парадокс. Маълумки бутун дунёда уй-жой қиммат туради. Одатда мамлакат пойтахтидаги икки хонали уйнинг пулига чет элларда ўртача камида 4-5 та янги (!) автомобиль (седан) сотиб олиш мумкин.

Тошкентда эса аксинча, иккита янги автомобилнинг пулига битта икки хонали квартира сотиб (20 минг доллар атрофида) олиш мумкин. Бунинг нимаси ёмон, уйлар арзон эканки, дерсиз. Йўқ, уйлар арзон эмас, балки машиналар қиммат.

Яна бир қизиқ ҳолат. Ўзбекистонда қиммат баҳоларда сотилаётган GM-Uzbekistan машиналари МДҲ мамлакатлари бозорларида бир неча боробар арзон. Автомобиллар ўзи ишлаб чиқарилган жойда энг арзон бўлиши керак эмасми? Чунки Асакадаги завод биринчи навбатда ўзбек халқининг оғирини енгил қилиш учун қурилганку!

Нархлар него ошди?

Биз мурожаат қилган таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Асакадаги автомобиль заводи кейинги йилларда дунё ва МДҲдаги иқтисодий таназзул сабаб экспортни кескин қисқартирди. Бир вақтлар йилига 125 минг дона авто экспорт қилган ширкат бугунда бунинг ўндан бирини ҳам сота олмаяпти.

Натижада чет элдан валюта келиши кескин камайди. Вазиятни ички бозорда долларга машина сотиш амалиёти бир оз ўнглаб турган бўлсада, у ҳам сентябр бошида бекор қилинди. Бу шароитда завод ички бозорда нархларни кескин кўтаришга мажбур қолган.

Чунки бутловчи қисмларнинг катта қисми хориждан валюта ҳисобига келтирилади.

Экспертларнинг фикрига кўра, токи автомобиллар импорти учун божхона режимлари юмшатилмас экан, GM-Uzbekistan машиналари аҳолига қимматга сотилишда давом этади. Чунки харидорларда танлаш имконияти йўқ. Буни америкалик ҳамкорлар жуда яхши билишади.

Иккинчидан, улар нарх наво сиёсатига аралашишмайди. Мижозларнинг нима деб ўйлашлари уларга бир тийинлик аҳамияти йўқ. Чунки фойда келиб турибди. Шу сабабли ҳам GM-Uzbekistan ўзбекларга маънан ва техник жиҳатдан эскирган моделларни (Nеxia 2 (ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқилган Opel Cadet модели асосида яратилган, Nеxia 3 - аввалги Chevrolet Aveo, Cobalt - кўп мамлакатларда ишлаб чиқаришдан олиб ташланган) янги модель сифатида сотишда давом этади.

Яъни қўшма корхона ўрнига тузилган альянс - харидорлар учун ҳеч нимани англатмайди. Халқона айтганда "Эски ҳаммом - эски тос"! Чунки рақобат бўлмаган жойда ривожланиш бўлмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар