Хуршид Даврон Нуруллo Отахоновнинг "Бу кунлар" романи ҳақида фикр билдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи vatandosh
Image caption Хуршид Даврон Нурулло Отахонов оқланишига чақирмоқда.

Ўзбекистон халқ шоири ва тарихчи Хуршид Даврон бир ой аввал Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) қаламига мансуб "Бу кунлар" китоби ҳақида ўз фикрини билдирди.

Хуршид Даврон ўз Фейсбук саҳифасида ёзишича, "махсус ташкилотлар, хусусан мамлакат матбуот агентлиги" томонидан "Бу кунлар" асаридан айб топиш иши шиддатли тарзда давом этмоқда.

Унга кўра, Нурилла Отахоновни ҳимоя қилиш ишини унинг тарафдорлари "то оқлов ҳукми бўлмагунча давом эттириши" керак.

"Бу кунлар" китобининг экспертизасида қатнашаётган мутахассисларга қаратилган мурожаат қилар экан, Хуршид Даврон "бу асардан асосий мақсад танқид эмас. Мақсад - халқимиз, ватанимиз, давлатимиз қайғусидир", - деб ёзади.

Нурилла Отахоновга Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилиш бўйича жиноий иш очилган. У Тоштурмада бир неча кун ушлаб турилиши ортидан озод қилинган бўлса-да, тергов давом этаётгани айтилади.

Хуршид Давроннинг ёзишича, ҳар бир ижодкор давлат сиёсатини муҳокама қилишга ҳақлидир.

"Энг аввало, таъкидлашим лозимки, ёзувчи асарини "роман" деб атаган. Адабиёт одами сифатида айтсам, бу асар ҳужжатли-публицистик йўналишда ёзилган, жанр талабидан келиб чиқиб, бадиий усуллар билан бойитилган, ҳужжатларга ҳам анча эркин-ижодий ёндашилган.

Ёзувчи бу асарни бир сиёсатчи сифатида эмас, бир зиёли, бир адабиётчи сифатида ёзганинни асло унутмаслик керак. Зеро, адабиёт ҳаётнинг турли соҳаларини қамраб олганидек, эркин жамиятда яшаётган ҳар қандай ижодкор давлат сиёсати ҳақида ҳам ёзишга ҳақли эканиниям унутмайлик. Демак, "Бу кунлар"га баҳо беришда мен диққатни қаратган айни шу жиҳатларни алоҳида ҳисобга олиш лозим бўлади.

Асар қаҳрамонлари реал шахслардир, воқеалар ҳам теварак-атрофимизда бўлиб турган, ҳаммамиз ичида яшаб келаётган ҳаётдан олинган", - деб ёзади Хуршид Даврон ўз Фейсбук мурожаатида.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита "Бу кунлар" таркибида экстремистик ғоялар бор дея хулоса қилган.

Аммо, Хуршид Давронга кўра, асарда муаллиф фақат давлатни эмас, балки диндорларни ҳам танқид қилади.

"Асарнинг икки бобида диққат диний ҳаётга қаратилган. Зеро, муаллиф узоқ муддат айнан диний соҳа ичида бўлган, шу соҳада катта ўрин тутган матбуот ва ноширлик соҳасида фаолият юритган. Муаллиф яқин кечмишимизда динга муносабатдаги айрим ҳаддан ошишларни танқид қилар экан, бунинг сабабини кўрсатишда фақат давлатни айбламайди, балки диндорларнинг ўзлари ҳам шундай кескин сиёсат юритилишига сабабчи бўлганларини таъкидлайди", - деб ёзади адиб.

"Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" асарининг экспертизаси билан шуғуллаётган мутахассислар асар ҳақида ҳукм чиқаришдан олдин, бу китоб орқасида бир ижодкор ва унинг тақдири турганини асло унутмасинлар", - дея хулоса қилади Хуршид Даврон.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон озодликка чиқди

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тоштурмага олиб кетилди

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тошкент аэропортида ҳибсга олинди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар