Ўзбекистон: 'Сайфулло Соипов АҚШда радикал гуруҳлар таъсирига тушган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 31 октябрь куни Нью-Йоркда террорчилик амалини содир этган ҳужумчи ўзбек фуқароси эканини тасдиқлаган.

"Жаҳон" ахборот агентлиги тарқатган хабарда ҳужумчининг таржимаи ҳолига оид маълумотлар берилган.

Унда айтилишича, Соипов Сайфулло Ҳабибуллаевич 1988 йилнинг 8 февралида Тошкентда туғилган.

Тошкентдаги касб-ҳунар коллежи ва Молия институтини тамомлаган.

Ўқишни битириб, Тошкентдаги "Саёҳат" меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган.

2010 йилда грин-карта ютиб, АҚШга кетгунига қадар ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборига тушмаган.

Расмий хабарда Соиповнинг АҚШга кетганидан буён бирон марта ҳам яқинларини кўриш учун Тошкентга бормагани ва АҚШда вақтинча яшаб келган ўзбекистонлик аёл билан фуқаровий никоҳда яшагани айтилади.

Аммо Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, қўшнилари Соиповга ижобий тавфсиф беришган.

"У ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган, бошқалар билан муомалада ҳаммам вақт ўзини босиқ ва дўстона тутган", дейилади хабарда.

Шунингдек, расмийларга кўра, Соиповнинг ота-онаси анъанавий Исломга амал қилишади ва ҳеч қандай экстремистик оқимларга алоқаси йўқ.

Ўзбек томони Соиповнинг АҚШга кўчиб борганидан кейин радикаллашганини айтган.

"АҚШга кўчиб боргач, Сайфулла Соипов одамови бўлиб қолган, радикал гуруҳлар таъсирига тушган", дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.

Ҳалокатли ҳужум

Сешанба куни Нью-Йоркнинг қуйи Манхэттен мавзеъсида юк машинасини пиёдалар ва велосипедчилар устига ҳайдаган ҳужумчи 8 кишини ўлдирган.

11 киши турли даражадаги жароҳатлар олгани хабар қилинади.

Ҳужум қурбонлари орасида беш нафар аргентиналик ҳам бўлган.

Полиция ўзбекистонлик муҳожир экани айтилган 29 яшар ҳужумчини отиб, яралаган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Ички хавфсизлик департаментига хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳақида буйруқ берган.

Матбуот томонидан Сайфулло Соипов деб номланган гумондор, хабарларга кўра, юк машинасини ташлаб қочаркан, "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқирган.

АҚШ матбуотининг ҳуқуқ-тартибот идораларига иқтибосан ёзишича, юк машинасининг ичидан "Исломий давлат" гуруҳига ишора қилувчи ёзув топилган.

Расмийлар ҳужумни 11 сентябрь воқеаларидан кейинги энг ҳалокатли террорчилик амали, деб аташмоқда.

Ҳужумчи ким?

Нью-Йорк полициясининг билдиришича, ҳужумчининг ёши 29 да.

АҚШ матбуоти уни Сайфулло Соипов деб атаган.

Хабарларга кўра, гумондор Флорида штатининг Тампа шаҳрида яшаб келган.

Соиповнинг АҚШга 2010 йилда Ўзбекистондан келгани ва Қўшма Штатларда қонуний яшаб келгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ST CHARLES COUNTY POLICE DEPT
Image caption Ҳужумчининг ўзбекистонлик 29 яшар Сайфулло Соипов экани айтилмоқда

Uber ширкати Соиповнинг ҳайдовчи бўлиб ишлаб келганини тасдиқлаган.

New York Times рўзномасининг уч нафар расмийдан иқтибос келтиришича, Соипов муқаддам сўнгги ҳодисага алоқаси бўлмаган шаклда полициянинг эътиборига тушган.

Полициянинг қайдларига кўра, у ўтган йили Миссурида йўл ҳаракати қоидаси билан боғлиқ жарима туфайли ҳибсга олинган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Дональд Трампга ҳамдардлик мактубида ҳужумни тергов қилишда "барча куч ва воситалар" билан кўмак беришга тайёр эканликларини изҳор қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PRESIDENT.UZ
Image caption Мирзиёев Президент Трампга ҳамдардлик билдирган

Ўзбек расмийлари ҳужумчининг шахси ё-да фуқаролигини тасдиқлашганича йўқ.

Ҳужум қандай содир бўлди?

Нью-Йорк полициясининг комиссари Жеймс O'Нилнинг ҳисоботидан қуйидагилар англашилади:

  • Маҳаллий вақт билан соат 15:00 дан сал ўтгач, Home Depot ширкатидан ижрага олинган оқ пикап Вест-Хаустон кўчаси бўйлаб велосипедчи ва пиёдаларни босиб кета бошлайди.
  • Машина бир неча мавзеълардан ўтгач, мактаб автобусига урилади. Икки бола ва икки катта киши яраланади.
  • Ҳайдовчи машинадан қўлида тўппончага ўхшаган иккита нарсани ушлаган ҳолда чиқиб келади ва полициянинг айтишича, "террорчилик амалига мос" баёнот қилади.
  • Полиция ҳужумчига ўқ отиб, қорин соҳасидан яралайди.
  • Ҳодиса жойидан пейнтбол тўппончаси ва пневматик тўппонча топилади.
  • Машина ҳаракатланган йўл бўйлаб кўплаб пачоқланган велосипедлар қолган.
  • Ҳужум Хэллоуин байрами чоғида юз берган.

Муҳаррирдан:

Ўзбекистонликлар? Нима учун?

Ислом Каримовнинг ўлимига қадар Ўзбекистон дунёнинг энг репрессив мамлакатларидан бири эди.

Ишсизлик, коррупция ва куч ишлатар тизимларининг шафқатсиз бедодлиги миллионлаб ўзбекистонликларни ҳижрат қилишга мажбур қилди.

Аксарият ўзини ва оиласини боқиш учун Россияга йўл олди.

Ўзбекистон ҳукумати Каримов даврида ҳеч қачон расман ўзининг миллионлаб ватандошлари Россияда мардикорлик қилаётганини тан олмади.

Қайтанга Ислом Каримов Россиядаги меҳнат муҳожирларини "дангаса" дея, улардан жирканишини айтган эди.

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари эса уларга "ношукрлар" деб таъриф берарди.

Ўзбекистон ҳукумати Ислом динини доим ўзига хавф ўлароқ кўриб келган.

Ҳар қандай диний фаолият ҳукуматнинг том назорати остида эди.

Масжидларда бошқачароқ ибодат учун ҳам ҳибсга олиниш хавфи мавжуд эди.

Бугунги кунда турфа жиҳодий гуруҳлар ичида юзлаб ўзбекистонликлар бўлишига қарамай, уларнинг аксарияти элементар диний билимга эга эмас.

Чунки бу билим Ўзбекистонда тақиқланган эди.

Хорижда эса вазият бошқачароқ.

Жиҳодий гуруҳлар учун бу каби ёш, билимсиз ва содда ўзбекистонликлар айни муддао.

Афтидан зўравон, сохта ва атайдан бузилган "жиҳодий ғоялар" юраклари ва ақлларини ишғол қилган ўзбекистонлик ва ё Марказий осиёликлар учун эса қаерда бўлишларининг аҳамияти йўқ - Москвадами, Ню Йорк ва ё Истанбулда...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар