Нуқтаи назар: АҚШдаги ўзбекистонликлар радикаллашмоқдами?

Баҳодир Файз Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида содир этилган, камида 8 киши қурбон бўлиб, ўндан ортиғини яралаган "террорчилик амали" ортидан айни шу мазмундаги саволлар ҳам ўртага чиқа бошлаган.

Маҳаллий полиция юк машинаси воситасида уюштирилган бу ҳужумнинг асосий ижрочиси сифатида асли ўзбекистонлик, аммо АҚШда қонуний яшаш ҳуқуқига эга бўлган 29 ёшли Сайфулло Саиповни кўрмоқда.

Видеони BBC O'zbekнинг YouTube каналида томоша қилинг

"Террорчилик амали" ортидан кечган бир неча соат ичида Саиповнинг ИШИД гуруҳига алоқаси борлигига оид даъволар ҳам ўртага чиққан, аммо айни мазмундаги иддаолар ҳалича ўзининг расмий изоҳини топмаган.

Бошқа томондан, сўнгги ҳужум Нью-Йорк суди Ўзбекистон фуқароси Абдурасул Жўрабоевни "ИШИД жангари гуруҳини қўллаб-қувватлаш ва ташкилотга аъзо бўлиш ниятида бўлганлик"да айбдор деб топиб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этишидан 3 кун ўтиб кузатилган.

Сўнгги йилларда Америка Қўшма Штатларида террор ҳаракатларига оид айбловлар билан ҳибсга олиниб, ҳукм этилаётган ўзбекистонликларнинг сони ортиб бораётгани кузатилади.

Мирзиёев: 'Тергов ишларида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз'

АҚШ расмийлари: Нью-Йорк ҳужумчиси ўзбекистонлик

Ўтган йил бошида Айдахо штати маҳкамаси 33 ёшли Фазлиддин Қурбоновни 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Маҳкама уни "Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига моддий дастак беришга тил бириктириш ва бу ишга уринишда айбдор", деб топганди.

2011 йил ёзида эса, 22 яшар Улуғбек Қодиров ўша пайтда АҚШ Президенти бўлган Барак Обамани ўлдиришга қасд қилиш айби билан қўлга олинган ва кейинчалик узоқ йилга озодликдан маҳрум этган.

Орадан йил ўтиб эса, жиззахлик Жамшид Мухторов ҳам террорчи гуруҳларга кўмак кўрсатишга оид айблари билан ҳибсга олинганди.

Бу каби хабарлар ўтган йил ҳали АҚШ президентлигига номзод экан, Дональд Трампнинг ўз сайловолди кампанияларидан бирида Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтишига ҳам сабаб бўлган.

Трамп Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни "террорчилар", деб ҳам атаганди.

Алал-оқибат ўтган йилнинг 8 ноябр кунги президент сайловида ғолиб чиққан республикачи номзоднинг 4 август куни Портланд шаҳрида янграган бу сўзлари турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига олиб келганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу каби воқеалар хусусида Америкадан асли ўзбекистонлик социолог Баҳодир Файзнинг фикрлари билан қизиқди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002