Нью-Йоркдаги ҳужум АҚШ-Ўзбекистон муносабатларида қандай аксланади?

Сурат манбаси, facebook
"Бу нарса ҳозир энг аввало бу икки давлатнинг айни масала юзасидан қанчалик тил топишишларига боғлиқ", - дейди Вашингтондан "Америка овози" радиоси мухбири Навбаҳор Имомова.
31 октябрь куни Нью-Йоркда содир этилган ва унга алоқадорликда асли ўзбекистонлик 29 ёшли Сайфулло Саипов гумон этилаётган ҳужумдан саноқли соатлар ўтиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев америкалик ҳамкасбига расман ҳамдардлик билдирган.
Президент Мирзиёев Дональд Трампга ҳамдардлик мактубида ҳужумни тергов қилишда "барча куч ва воситалар" билан кўмак беришга тайёр эканликларини маълум қилган.
Ўзбек расмийлари эса, "ҳужумчи"нинг шахси ё-да фуқаролигини ҳалича тасдиқлашгани йўқ.
Шу соатларда Ўзбекистон раҳбарининг бу таклифига расмий Вашингтоннинг муносабати ҳам имконли эмас.
"Буни Оқ Уй ва АҚШ Давлат департаменти албатта олқишлашади. Энди ҳамма нарса томонларнинг бу борада қанчалик тил топишиб, ишлаб кетишига боғлиқ", - дейди бу суҳбатдошимиз.
Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан 9 ой ўтиб, Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида АҚШ га шу йилнинг сентябрь ойида ташриф буюрган.
Президент БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида қатнашган, Ўзбекистон-Америка бизнес форумида иштирок этган ва айнан Нью-Йоркда АҚШда бўлган айрим ўзбекистонликлар билан ҳам учрашган.
Уларнинг орасида олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар борлиги хабар берилган.
Мирзиёев, "Ватандан йироқда, мусофирчиликда ўз ўрнини топиш ва ҳақли эътироф қозониш нақадар машаққатли эканини барча яхши англаши"ни айтган.
Улар билан "очиқ мулоқот қилиб, яқиндан танишиш", Ўзбекистон "олдида турган катта-катта вазифаларни амалга ошириш борасида фикр ва мулоҳазалари, таклифлари билан ўртоқлашишни ғоят муҳим, деб ҳисоблаши"ни таъкидлаган.
Ташриф ортидан Ўзбекистон раҳбарининг расмий веб саҳифасида унинг ўз рафиқасию АҚШ Президенти Дональд Трамп ва биринчи хоними билан бирга тушган сурати ҳам чоп этилган. Тўрттовлон фотосуратда жуда хушнуд қиёфада кўринишган.
Ўзбекистон, АҚШ ва Трамп
Американинг янги республикачи президенти эса, сайловолди кампанияси давомида ўзининг айнан мусулмонлар ва муҳожирларга қарши кескин мавқеи, чиқишлари ва баёнотлари билан танилган.
Ҳукумат мусулмонларнинг Америкага нисбатан муносабатларини "тўлиқ аниқлаб олмагунча" уларга ўз мамлакати эшикларини буткул ёпишга чақирган.
Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.
Худди шу ўринда, "Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?", - деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетган.
Аммо АҚШ президенти этиб расман қасамёд келтиришидан беш ой ўтиб, Дональд Трамп Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини Рамазон Ҳайити билан табриклаб, мактуб ҳам юборганди.
Америка ва Ўзбеклар
Агар, Вашингтондан "Америка овози" радиоси мухбири Навбаҳор Имомованинг тахминий ҳисоб-китобларига таянилса, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сонлари бугун қарийб чорак миллион кишига етади.
Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.
Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, сўнгги икки-уч йил ичида Америкада камида етти нафар ўзбек терроризмда айбланиб, судга тортилган. Ҳозиргача суд иши якунланганларнинг ҳаммаси узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилишган.
"Худди шу боис ҳам, ўтган йилларда Америкада Ўзбекистон ва ўзбекистонлик муҳожирлар, деган сўзлар янгиликлардан тушгани йўқ ва мазкур омил туфайли ҳам, ўтган йили сайловчилар билан учрашганда, Дональд Трамп Ўзбекистоннинг номини тилга олган. Лекин ҳозир Ўзбекистонни янги Оқ уй диққат-марказидаги мамлакатлардан бири демаган бўлардим", - деганди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан сўнгги суҳбатларидан бирида журналист.
Суҳбатдошимизга кўра, "ана шу қарийб чорак миллион ўзбек, ўзбекистонлик орасида ҳужжатсиз юрганлар, ноқонуний ишлаб юрганлар, анча пайтдан бери Америкадан чиқмаганлар, қолаверса, ҳуқуқ-тартибот органлари билан ўзига хос муаммоларга эга бўлганлари анчагинани ташкил этади".
Марҳум президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқ давом этган бошқаруви даврида расмий Тошкент глобал сиёсатда "қудратларга" нисбатан ўзининг беқарор ташқи сиёсати билан танилиб улгурган.
Ҳали муваққат президент экан, Ўзбекистоннинг жорий раҳбари Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат масаласида "марҳум президент Ислом Каримов концепциясига содиқ қолишлари"ни баён қилган.
Расман ҳам Россия ва ҳам АҚШ билан ҳар томонлама манфаатли ҳамкорлик - ўз ташқи сиёсатларида муҳим аҳамият касб этиб қолишини алоҳида тилга олиб ўтган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002