Дональд Трамп: ‘Соиповга ўлим жазоси берилиши керак’

Дональд Трамп Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Сайфулло Соиповга қарши расман айбловлар илгари сурилиши ортидан, АҚШ президенти худди шу мазмунда твит қилган.

Ундан бир кун олдин эса, Дональд Трамп уни Гуантанамодаги қамоқхоналарига юборишга чақирганди.

Америка раҳбарининг кеча - 1 ноябрь куни айтишича, "жараён узоқроққа чўзилиши боис", бу фикридан қайтган.

29 ёшли Ўзбекистон фуқароси 31 октябрь куни Нью-Йоркда амалга оширилган "теракт" ижрочиси сифатида гумон қилиниб, қорнидан яраланган ҳолда қўлга олинган.

Сайфулло Соипов расман "террорчилик" ва ИШИД гуруҳига моддий дастак кўрсатишда айбланган.

Ўзбекистон: 'Сайфулло Соипов АҚШда радикал гуруҳлар таъсирига тушган'

Нуқтаи назар: АҚШдаги ўзбекистонликлар радикаллашмоқдами?

Касалхонада жарроҳлик амалиёти ўтказган Сайфулло Соипов ҳужумдан 24 соат ўтиб, кеча маҳкама қаршисида ҳозир бўлган.

Хабарларга кўра, ногиронлар аравачасида маҳкамага келтирилган ўзбекистонлик "асосий гумондор" "қилган ишидан "мамнун экани", "пушаймон эмаслиги"ни айтган.

Хэллоун байрами чоғида "имкон қадар кўп кишини ўлдириш" истагида бўлган.

Сайфулло Соипов терговчиларга бу ҳужумга бир йил тайёргарлик кўргани, "ИШИД гуруҳидан илҳомлангани"ни айтган.

Нью-Йоркда юк машинаси воситасида уюштирилган ҳужумда саккиз инсон қурбон бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бугунга келиб, яраланганлар сони 12 кишига чиққан, улардан икки нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Америкалик прокурорларга кўра, Сайфулло Соипов ўзлари билан эмин-эркин гаплашган.

Ўзига қарши гувоҳлик бериш ҳуқуқидан фойдаланишдан бош тортган.

Нью-Йорк полиция бошқармаси комиссари ўринбосари Жон Миллер гумондор ИШИДнинг бунга ўхшаш ҳужумларни қандай қилиб амалга оширишга оид йўриқномаси асосида иш тутгандек кўринган.

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси айни жиноий иш доирасида яна бир ўзбекни сўроқ қилиш истагида эканини билдирган.

Бюрога кўра, 32 ёшли Муҳаммадзоир Қодировнинг манзилини аниқлашга муваффақ бўлишган.

Аммо унинг қай бир давлат фуқароси экани, АҚШда қандай мавқеъда бўлгани, Сайфулло Соипов билан муносабати ва нега Нью-Йоркдаги ҳужумга алоқадорликда гумон этилаётгани тафсилотлари очиқланмаган.

Нью-Йоркда ўлим жазосига мораторий қўйилган.

Аммо, аён бўлишича, Сайфулло Соиповга қарши федерал айбловлар илгари сурилаётгани боис, АҚШ ҳукумати бу тақиқни четлаб ўтиши мумкин.

Хабарларга кўра, ўзбекистонлик "бош гумондор" ҳануз тиббий муолажа остида.

Америкалик шифокорларга кўра, у соғайиб кетади.

Президент Мирзиёев 1 ноябрь куни Дональд Трампга ҳамдардлик мактубида ҳужумни тергов қилишда "барча куч ва воситалар" билан кўмак беришга тайёр эканликларини маълум қилган.

Шу соатларда ҳам Ўзбекистон раҳбарининг бу таклифига расмий Вашингтоннинг муносабати имконли эмас.

Федерал маҳкама протоколида битилишича:

  • Нью-Йоркдаги ҳужум бундан икки ой бурун режаланган ва ўтган ой ижарага олинган юк машинаси воситасида амалга оширилган.
  • Ҳужумчи кўчада одам кўп бўлишини билиб, атайдан Хэллоун байрамини танлаган.
  • Бундан ташқари, "Бруклин кўприги"ни ҳам нишонга олмоқчи бўлган.
  • Ҳужумдан аввал юк машинасига ИШИД байроғини илмоқчи бўлган. Аммо ўзига эътиборни тортмаслик учун бу режасидан қайтган.
  • Қўл телефонида ИШИДнинг зўравонликлари акс этган 90 та видео топилган.
  • Гумондор, айниқса, ИШИД лидери ал-Бағдодийнинг бир даъватидан кўп таъсирга тушганини айтган.
  • Бу даъватида ал-Бағдодий Ироқда берилаётган қурбонлар учун қасос олишга чақирган.

Сайфулло Соипов оиласи ҳақида нималар маълум?

Ғарб матбуотида пайдо бўлаётган маълумотлар чекланганига қарамай, Сайфулло Соиповнинг ҳаёти ва оиласи ҳақида баъзи тафсилотлар ошкор бўлмоқда.

У 2013 йилда АҚШда истиқомат қилаётган Нозима Одиловага уйлангани, уч фарзанднинг отаси экани ҳақидаги норасмий хабарлар бир неча нашрларда бўй кўрсатмоқда.

New York times газетасининг ёзишича, Америка ҳуқуқ-тартибот ходимлари Соиповнинг турмуш ўртоғи Нозима Одиловани сўроқ қилишмоқда. Уларга кўра, Нозима Одилова ўз эрининг иши бўйича терговда ҳамкорлик қилаётир.

The Guardian газетасидаги мақолада Нозима Одилова Сайфулло Соипов билан турмуш қурганида 19 ёшда бўлган.

Икковлон таваллуд топган жойларини Тошкент шаҳри деб кўрсатишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар