Грин-карта бекор қилинса, ўзбекистонликлар нима қилишади?

Суҳроб Исмоилов Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Дональд Трамп грин-картани бекор қилишга чақирди. Нью-Йоркдан асли ўзбекистонлик эксперт Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, бу хабар ўзбекистонликлар томонидан салбий қарши олинган.

"Ўзбекистон ичида ҳам, АҚШнинг ўзидаги ўзбекистонликлар жамоаси орасида ҳам кенг муҳокама қилинаётган ва салбий қарши олинаётган хабар", - дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, бу "ҳозирги мавсумда ҳам умид билан ҳужжат топшираётган минглаб-минглаб ўзбекистонликларнинг умидларини чиппакка чиқариши мумкин".

"Ҳозир Америка жуда ҳам иммигрантларга, муҳожирларга тўйинган бир давлатга айланганлиги, ўша асосий муаммолар: ирқчилик, терроризм, тўқнашувлар, хуружлар иммигрантлар томонидан содир қилинаётганини иддао қилиб, бошқа ҳеч бир қанақанги фактлар келтирмасдан, шунақа чақириқларни айта бошлашганига анча бўлган. Шунинг учун ҳам, мен бу таҳдидда жон бор, деб ўйлайман".

"Лекин бу дастурнинг айнан ўзбекистонликлар учун, якка тартибда шу давлатнинг фуқаролари учун бекор қилинади, шунгача етиб боради, деб мен ишонмайман", - дейди бу эксперт суҳбатдошимиз.

Видеони BBC O'zbekнинг YouTube каналида томоша қилинг

АҚШ президентининг мазкур даъвати 31 октябрь куни Нью-Йоркда содир этилган ҳужумдан кун ўтиб янграган.

"Теракт"да Америкага грин-карта билан боргани ишонилаётган Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соипов асосий гумондор сифатида кўрилмоқда.

"Мен бугун турфа лотереялар дастурига чек қўйиш жараёнини бошлайман. Бу дастурдан воз кечилиши учун конгрессдан зудлик билан ишга киришишини сўрайман", - дея баён қилган АҚШ президенти.

Дональд Трамп бундан аввал ҳам бу хусусда бир неча бор твитлар қилган, грин-карта дастурини эҳтимолий иммигрантларнинг шахсий характеристикаларига асосланган тизим билан алмаштириш кераклигини айтганди.

Бошқа томондан, америкалик масъуллар 29 ёшли Сайфулло Соиповнинг АҚШга айнан грин-карта билан келганини ҳалича расман тасдиқлашмаган.

Нью-Йоркдаги ҳужум АҚШ-Ўзбекистон муносабатларида қандай аксланади?

Нуқтаи назар: АҚШдаги ўзбекистонликлар радикаллашмоқдами?

Грин-карта...

Грин-карта лотерея дастурига 1990 йилда асос солинган.

Айни дастур доирасида ҳар йил 50 мингга яқин иммигрант Америка Қўшма Штатларида доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Собиқ Шўро давлатлари эса, бу дастурда 1995 йилдан бошлаб иштирок этиб келишади.

Вашингтонда жойлашган Катона Институти маълумотларига кўра, 2010 йилда ўзбекистонлик иммигрантларнинг 69 фоизи АҚШ да доимий яшаш ҳуқуқини айнан грин-карта дастури орқали қўлга киритишган. 2017 йилда бу рақамлар 58 фоизни ташкил этган.

Бу дастурда иштирок этишингиз учун ўрта маълумотли бўлишингизнинг ўзи ҳам кифоя қилади.

Жорий йилда грин-картани қўлга киритганларнинг сони бўйича Ўзбекистон Россия, Эрон, Конго Демократик Республикаси ва Эфиопиядан кейин бешинчи ўринни эгаллагани айтилади.

Сешанба куни шаҳарнинг Қуйи Манҳэттен қисмида юк машинаси воситасида амалга оширилган ҳужум 8 кишининг умрига зомин бўлган, ўндан ортиғини яралаганди.

Президент Трамп орада Сайфулло Соиповга "ўлим жазоси берилиши кераклиги"ни твит қилишга ҳам улгурган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002