АҚШлик тадқиқотчи: 'Ўзбеклар террорчи эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи ST CHARLES COUNTY POLICE DEPT
Image caption 'Сайфулло Соипов АҚШда радикаллашган'

АҚШ тарихида террорчилик ҳужумлари содир этган ўзбекларнинг умумий сони жуда кам.

Ҳозирча уларнинг сони уч киши.

Ўзбекистон: 'Сайфулло Соипов АҚШда радикал гуруҳлар таъсирига тушган'

АҚШдаги ўзбек ҳужумчи Сайфулло Соипов ким?

АҚШдаги ўзбекистонликлар радикаллашмоқдами?

Айрим ахборот воситалари қирғизистонлик ўзбекни ўзбекистонлик ўзбекка тенглаштириб, уларнинг сонини тўрт киши деб айтмоқда.

Уч киши дегани бу ҳали кенг миқёсдаги ўзбек террорчилик ҳаракати ё-да умуман қандайдир ўзбекларнинг террорчи ташкилотидан дарак бермайди.

АҚШда биз кўраётган ўзбек террорчилари дунёнинг бошқа бурчакларидаги ўзбек миллатига мансуб террорчилардан фарқ қилмайди.

Булар, одатда, террорчи ташкилотларнинг интернетдаги ташвиқотларига таъсирчан ва ёлғиз амал қиладиган ёшлар. ИШИД ёки Исломий Жиҳод Иттифоқи (ИЖИ) сингари ташкилотлар томонидан интернет орқали ўзбекларни ёллашга қаттиқ ҳаракатлар бўлган.

Улар айниқса, Ўзбекистон ташқарисидаги меҳнат муҳожирлари ёки хорижга бориб қолиб, ўз ўрнини топишга қийналган ва ё ўзга юртдаги ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлган ўзбекларни нишонга олишади.

Ҳозирча Соиповнинг қандай қилиб террорчига айланиб қолгани борасида бир нарса дейиш қийин.

Аммо аввалги ҳолатлар юқоридаги каби хулоса қилиш имконини беради.

Шуни таъкидлаш жоизки, АҚШда яшаётган ўзбекларнинг аксарият кўпчилигининг террорчиликка мутлақо алоқаси йўқ ва уларнинг террорчи ташкилотларга қизиқишлари ҳам йўқ.

Бошқа ҳар қандай миллат ҳақида ҳам шу гапни айтишимиз мумкин.

Айрим одамлар Ўзбекистон фақат мусулмон давлат бўлгани учунгина кулгили фаразларни илгари суришяпти.

Ваҳоланки, ўзлари Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

Кўриниб турибдики, Сайфулло АҚШда радикаллашган.

У 2010 йилдан буён АҚШда бўлган ва Қўшма Штатларга ҳали ИШИД пайдо бўлмасидан олдин келган.

Расмийлар ва матбуот фақат унинг Ўзбекистондаги илдизларига эътибор қаратиб қолмасдан, Америкада кечган етти йиллик ҳаётини яқиндан ўрганиши лозим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Сара Кендзор Ўзбекистонга оид қатор тадқиқотлар муаллифи

Сара Кендзор-АҚШлик журналист ва ёзувчи. Ўзбекистон ва Марказий Осиёга оид қатор тадқиқотлар, жумладан, Андижон қирғини, Ўзбекларнинг ўзлиги ва Ўзбекистондаги интернет сиёсатига доир мақола ва асарлар муаллифи.