МХХ Бобомурод Абдуллаевни адвокатларига кўрсатмаяпти

Абдуллаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Усмон Ҳақназаров номи остида ёзган журналист Бобомурод Абдуллаев 1 ойдан бери оиласи томонидан ёлланган адвокат билан кўриша олмаяпти. Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи чиқарган хабарда айтилишича, адвокат Муножот Парпиеванинг журналистни ҳимоя қилиш учун МХХдан ордер олишга қилган барча қонуний ҳаракатлари самара бермаяпти.

Ташкилот раҳбари Сурат Икромов чиқарган хабарномадан маълум бўлишича, Муножот Парпиева октябр ойи бошидан буён МХХ тергов бошқармаси катта терговчиси Нодир Тўрақуловга журналист Бобомурод Абдуллаевни ҳимоя қилиш учун ордер беришни сўраб бир неча маротаба мурожаат қилган.

Бироқ уларга жавоб ололмаган. Навбатдаги мурожаатдан сўнг адвокатга терговчи Александр Веселов боғланган ва 31 октябр куни тергов жараёнига киришга изн беришни ваъда қилган. Лекин адвокат терговга қўйилмаган ва ҳимоясидаги шахс билан учраштирилмаган.

Шундан сўнг адвокат Ўзбекистон Бош прокурорига Ўзбекистон МХХ (СНБ) терговчиларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан шикоят қилишга мажбур бўлган. 2 ноябр куни Бош Прокурор ўринбосари Алишер Мирасилов адвокат билан учрашган ва шикоятига 10-15 куннинг ичида ёзма равишда жавоб берилишини маълум қилган.

27 сенябр куни бедарак йўқолиб МХХ ҳибсхонасидан топилган журналист Бобомурод Абдуллаевни ҳимоя қилиш учун ордер сўраб яна бир адвокат Тўлқин Орифжонов ҳам 1 ноябр куни мурожаат қилган.

МХХ терговчиси Александр Веселов унга ҳам 3-4 куннинг ичида тергов жараёнига таклиф қилиш ваъдасини берган.

Сурат Икромовнинг айтишича, мустақил адвокатлар журналист билан учраша олмаётган бир вақтда давлат томонидан тайинланган адвокат у билан кўришган ва тергов жараёнида иштирок этмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси чиқарган хабардан маълум бўлишича, журналист Бобомурод Абдуллаев иши юзасидан МХХ ходими ҳам ҳибсга олинган ва СНБ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Унга нисбатан "давлат сирини ошкор қилиш" айби қўйилмоқда.

Сурат Икромовнинг таъкидлашича, 1 йил олдин ҳибсга олинган 27 ёшли блоггер Акром Маликов ҳам Бобомурод Абдуллаевга нисбатан очилган тергов ишида гумондор сифатида иштирок этмоқда. У интернетда Абдуллоҳ Нусрат номи билан ёзиб тургани айтилмоқда.

"Эрк" партияси аъзоси ҳозир Туркияда истиқомат қилаётган Ислом Холбойга нисбатан ҳам конституцион тизимга тажовуз айби билан жиноий иш очилган.

"Ислом Холбой Бобомурод Абдуллаев билан таниш бўлган. Унинг Бухородаги синглисининг уйига СНБ ходими келиб Ислом Холбойга нисбатан жиноий иш очилганини маълум қилган. Афтидан СНБ Бобомурод Абдуллаев атрофидаги айбланувчилар доирасини кенгайтириб Муҳаммад Солиҳ устидан кўргазмали маҳкама ташкил қилмоқчига ўхшайди. Муҳаммад Солиҳнинг Усмон Ҳақназаровга алоқаси йўқ", деб ёзади Сурат Икромов.

Олдинроқ Би-би-си Усмон Ҳақназаров номи билан ёзган журналист Бобомурод Абдуллаевга маълумот етказишда айбланаётганларнинг бири боғбон, иккинчиси Тошкентдаги обрўли ресторанларнинг бирида бош менежер бўлиб ишлагани ҳақида хабар берган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар