ИШИД: "Салибчиларни ўлдирган Соипов бизнинг аскар"

сОЙИПОВ Фото муаллифлик ҳуқуқи ST CHARLES COUNTY POLICE DEPT

ИШИД 31 октябр куни Нью Йоркдаги машина билан бўлган босқинни ўз зиммасига олди. Исломий давлат гуруҳи одамлар устига юк машинаси ҳайдаган ўзбекистонлик Сайфулло Соиповни ИШИДнинг аскарларидан бири эканлигини айтган.

"Исломий давлатнинг АҚШдаги аскарларимиздан бири сешанба куни Нью йорк кўчаларида 2009 йил 11 сентябрда ҳалок бўлганлар хотирасига қўйилган ёдгорлик ёнида юрган бир гуруҳ салибчиларга ҳужум қилди", дейилади хабарда.

ИШИД Соиповнинг бу гуруҳга аъзолиги ҳақида ҳеч қандай далил келтирмаган.

Сешанба куни Нью-Йоркнинг қуйи Манхэттен мавзеъсида юк машинасини пиёдалар ва велосипедчилар устига ҳайдаган ҳужумчи 8 кишини ўлдирган.

11 киши турли даражадаги жароҳатлар олгани хабар қилинади.

Ҳужум қурбонлари орасида беш нафар аргентиналик ҳам бўлган.

Полиция ўзбекистонлик муҳожир экани айтилган 29 яшар ҳужумчини отиб, яралаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 31 октябрь куни Нью-Йоркда террорчилик амалини содир этган ҳужумчи ўзбек фуқароси эканини тасдиқлаган.

"Жаҳон" ахборот агентлиги тарқатган хабарда ҳужумчининг таржимаи ҳолига оид маълумотлар берилган.

Унда айтилишича, Соипов Сайфулло Ҳабибуллаевич 1988 йилнинг 8 февралида Тошкентда туғилган.

Тошкентдаги касб-ҳунар коллежи ва Молия институтини тамомлаган.

Ўқишни битириб, Тошкентдаги "Саёҳат" меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган.

2010 йилда грин-карта ютиб, АҚШга кетгунига қадар ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборига тушмаган.

Расмий хабарда Соиповнинг АҚШга кетганидан буён бирон марта ҳам яқинларини кўриш учун Тошкентга бормагани ва АҚШда вақтинча яшаб келган ўзбекистонлик аёл билан фуқаровий никоҳда яшагани айтилади.

Аммо Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, қўшнилари Соиповга ижобий тавфсиф беришган.

"У ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган, бошқалар билан муомалада ҳаммам вақт ўзини босиқ ва дўстона тутган", дейилади хабарда.

Шунингдек, расмийларга кўра, Соиповнинг ота-онаси анъанавий Исломга амал қилишади ва ҳеч қандай экстремистик оқимларга алоқаси йўқ.

Ўзбек томони Соиповнинг АҚШга кўчиб борганидан кейин радикаллашганини айтган.

"АҚШга кўчиб боргач, Сайфулла Соипов одамови бўлиб қолган, радикал гуруҳлар таъсирига тушган", дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар