Москвада Каримов ҳайкалига қарши намойиш ўтди

пикет Фото муаллифлик ҳуқуқи Rodina.ru

Москвада Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкалининг ўрнатилиши борасидаги Москва ҳукумати қарорига қарши норозилик намойиши бўлди. Намойишида "Родина" партияси, "Ватан йўлбарслари" ёшлар қаноти Москва бўлими ва "Россия миллий-ватанпарварлари" жамоатчилик ташкилоти фаоллари иштирок этди.

Каримов ҳайкалининг Москвада ўрнатилишига қарши норозиликлар ижтимоий тармоқларда бошланган эди. Айни пайтда бу норозиликлар сиёсий тус олиб бормоқда.

Россия Президенти Владимир Путинга йўналтирилган Change.org. петициясига беш кун ичида 5700 дан зиёд киши имзо чекди. Ва бу рақам тобора ортиб бораяпти.

Юзлаб кишилар эса Ўзбекистоннинг собиқ президентига нисбатан изоҳларда, блогларда ва ўз саҳифаларида салбий муносабатларини билдиришмоқда. Россияликлар марҳум президентнинг ҳайкали ўрнатилишига қарши эканликларини ошкора ёзишмоқда.

Петиция муаллифи ЛДРП аъзоси, сиёсатчи Георгий Городецкий Ўзбекистоннинг биринчи президентини русофобликда ва ҳукуматни ноқонуний эгаллаб турганликда айбламоқда.

Городецкийга кўра, "Ўзбекистон Президенти Каримов ҳеч қачон на Россиянинг, на унинг кўпмиллатли ҳалқининг дўсти бўлган эмас, Москва олдида, москваликлар олдида ҳеч қандай хизмат кўрсатган эмас".

"Ислом Каримов президентлик даврида Ўзбекистонда шу мамлакатнинг русийзабон аҳолисига нисбатан тажовузкорона ҳаракатлар жазосиз равишда содир этилди" , - дейилади 29 октябрь куни эълон қилинган Change.org. петициясида.

Image caption Москвада ўзбек шоири Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилган

Москва ҳукумати 2016 йил декабрда пойтахт марказига Каримов ҳайкалини ўрнатиш масаласини кўтарган эди. Эҳтимолий жой сифатида Большая Полянка ва Казачий переулок кўчалари бурчагидаги майдон танланган. Ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси яқинида жойлашган бу кичик ҳиёбонга Ўзбекистоннинг биринчи президенти номи берилган эди.

Ўша вақтдаёқ, лойиҳани молиялаштириш икки томонлама бўлиниши эълон қилинган: ҳайкалнинг меъморий қисми ҳаражатларини ўзбек томони, қурилиш ва ўрнатилиш ишлари Москва ҳукумати томонидан амалга оширилиши келишилган.

27 октябрь куни пойтахт мэри Сергей Собянин президент Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадидаги ҳайкалнинг 2019 йил 31 декабрига қадар ўрнатилиши тўғрисидаги қарорни имзолади. Унда барча ҳаражатлар, жумладан лойиҳалаштириш, ҳайкални ясатиш ва ўрнатиш, жойлаштириш Каримов номидаги жамоатчилик ҳайрия жамғармаси томонидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Image caption Насриддин Афанди ва эшагига ўрнатилган ҳайкал норозилик келтирмаганди

Петицияда «мэр имзо чеккан хужжатга кўра, ҳайкалнинг ўрнатилиш ҳаражатларини Москва марказий маъмурий округи таъминлаши лозим» дейилади. Шу тариқа ҳайкал ҳаражатларининг бир қисми москваликларнинг ҳамёнидан тўланишига урғу берилади.

Ислом Каримов ҳайкалининг Москвада ўрнатилиши нотўғрилигига бир қатор асосли сабаблар бор, дея ҳисоблайди «Рус фуқаролик жамияти» Алексей Живов.

Унга кўра, Каримов сиёсати оқибатида рус аҳолиси, татар, чечан, еврей, арман ва бошқа миллатлар Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлишган.

Москвада Ўзбекистонга алоқадор бир неча ҳайкаллар бўлиб, бунга қадар уларнинг биронтаси маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмаган. Жумладан, 2002 йил пойтахт марказида Алишер Навоий ҳайкали қад ростлаган.

2006 йил 1 апрелда эса Ярцевская кўчасига Хўжа Насриддин Афанди ва унинг эшаги тасвиридаги ҳайкал ўрнатилган. Ташкилотчилар Москва ҳукумати ва Москва шаҳар Думасига Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкалининг Москвага ўрнатилиши юзасидан чиқарилган қарордан норози эканликларини билдирган мурожаатномасини йўлладилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар