Ёшлар иттифоқи: "Россияда паспортини йўқотган мигрантлар ортга қайтарилади"

Қаҳрамон Қуронбоев мигрантларнинг шароити билан танишяпти Фото муаллифлик ҳуқуқи @kuranbaev.k
Image caption Қаҳрамон Қуронбоев мигрантларнинг шароити билан танишяпти

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги делегация Санкт-Петербургда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳаёти билан яқиндан танишган. Facebook га қўйган суратларидан Қуранбоевнинг абгор шароитларда ишлаётган мигрантлар билан учрашганини кўриш мумкин.

Мигрантлар орасида паспортларини йўқотиб, Ўзбекистонга қайтолмаётганлар ҳам борлиги айтилган.

Бу масала бўйича делегация аъзоси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиев мигрантлар билан суҳбат қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи @kuranbaev.k
Image caption Мигрантлар орасида паспортини йўқотиб ортга қайтолмаётганларга амалий ёрдам берилади.

"Суҳбат давомида меҳнат муҳожирларига амалий ёрдам бериш ва уларни Ватанга қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб борилиши таъкидланди", дейилади хабарда.

4 кун Россиянинг Новосибирск шаҳрида меҳнат қилиб яшаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашган делегация айни дамда Санкт-Петербургда бўлиб турибди.

Ўзбекистонликлар энг кўп яшайдиган деб кўриладиган Санкт-Петербургда Қаҳрамон Қуранбоев шаҳарда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳам губернатор Георгий Полтавченко билан учрашган.

Санкт-Петербургда "Народный" супермаркетида ишлаётган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари заҳарланиб шифохонага тушгани ҳақида хабар чиқиши билан, иттифоқ раиси Қаҳрамон Қуранбоев дастурига ўзгартириш киритиб шифохонадаги 33 беморни кўришга борган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи @kuranbaev.k
Image caption Каримов мигрантларни "дангаса" дерди

"Уларнинг фақатгина 2 нафари Ўзбекистон фуқароси эканлиги маълум бўлди. Шоҳжаҳон Ибрагимов ўзини яхши ҳис қилаётгани учун шифохонадан рухсат берилди. Наргиза Қаршиеванинг ҳаётига ҳеч нарса раҳна солаётгани йўқ, у ҳам тез кунларда шифохонадан чиқади", - дейилади Қуранбоевнинг Facebook даги саҳифасида.

Ёшлар иттифоқи Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан "Камолот" ижтимоий ҳаракати ўрнига ташкил топган.

Иттифоқ Марказий Кенгаши раиси Президентнинг давлат маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади.

Президент Мирзиёев ташкилотга кўпроқ ваколатлар беришини ёшлар иттифоқи маҳаллий ҳокимиятларнинг югурдаги бўлиб қолмаслигини таъкидлаган.

Кузатувчилар ёшларга оид ташкилотнинг илк маротаба хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг ҳолидан хабар олишига эътибор қаратишган.

Марҳум Президент Ислом Каримов Россиядаги мигрантларни кўча супурувчи "дангасалар", ўз юртидаги топган тутганига қаноат қилмайдиган ношукрларга тенглаштирган.

Бироқ янги Президент Шавкат Мирзиёев мигрантлар ҳам "фарзандларимиз" деган ва улар Россияга тўқчиликдан кетмаётганини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02