Тошкент метроси йўлкира нархлари янгича тўловда арзонлади

метро Фото муаллифлик ҳуқуқи Asiaterra.info

Тошкент метрополитени синов тариқасида йўлкира тўлашнинг янгича услубини жорий қилди. Карточка орқали бир марта метрога тушиш 820 сўмга тушади. Айни дамда йўлкира 1200 сўмни ташкил қилади. Метрополитен янги йилгача йўл ҳақини кўтармасликка ваъда бермоқда.

Anhor.uz сайтининг "Тошкент метрополитени" унитар корхонаси бош муҳандиси Бахтиёр Содиқовга иқтибос келтириб ёзишича, айни дамда имтиёзли йўл карточкалари жорий қилинган.

"Агар айни дамда йўлкира 1200 сўмни ташкил қилса, карточка орқали тўламоқчи бўлган йўловчилар 820 сўмдан беради", дейди у.

Маълум бўлишича, автоматлаштирилган тўлов тизими синов тариқасида 2 ой амал қилади. Агар лойиҳа мувафаққиятли чиқса уни кенг кўламда жорий қилиш йўлга қўйилади.

Айни дамда ушбу имтиёзли тўлов карталарини кимлар ишлатаётгани борасида маълумот берилмаган.

Тошкент метроси давлатдан кўмак олиш эвазига ишлайди.

Йил бошида ҳукумат метрога бир қатор солиқ ва божхона бўйича имтиёзлар берган.

Ҳукумат метрода йўловчилар сонини кўпайтириш учун бир неча чора-тадбирлар кўрмоқда.

Бироқ шунга қарамасдан расмий рақамларда Тошкент метроси йўловчилари йилдан йилга камайиб кетаётганини кўриш мумкин.

Кузатувчилар метродан фойдаланувчиларнинг камайиб кетаётганига бир нечта сабабларни келтиришади.

Шулардан бири Тошкентдаги қатъий ўрнатилган прописка тизими ҳамда ҳар бир бекатга кираверишда йўловчиларнинг милиция томонидан диққат билан текширилиши айтилади.

Ҳукумат 4 йилнинг ичида узунлиги 52 чақирим келадиган ер усти метроси қуришни режалаштирган.

Метрочи Президент

Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгач, Юнусободда 2000 йиллар бошида тўхтаб қолган метро қурилишига қайта жон кирган, Сергелида эса ер усти метроси қурилиши бошланган эди.

2017 йил октябри бошида Тошкент автомобиль ҳалқа йўлининг бир қисми бўлмиш Оҳангарон шоссесида тушунарсиз қурилиш ишлари бошланди. 6 октябрь куни "Тошкент жамоат транспорти" форумида бу метронинг янги йўналиши қурилиши экани айтилди.

"Ҳозирда Оҳангарон шоссесида юз бераётган ишлар бўйича ишонса бўладиган манбалардан нисбатан аниқроқ ахборот олдим. У ерда метронинг "Ўзбекистон" йўли давоми, "Дўстлик" (собиқ "Чкалов")дан Роҳатгача давом этадиган бўлаги қурилмоқда. Эски трамвай йўли бўйлаб, худди Сергелидагидек қурилади", дейди форумнинг rolly нуфусли фойдаланувчиси.

Ўзбек интернет-нашрлари бу қурилиш, транспорт форумларидаги гап-сўзларга 8 октябрь куни эътибор қаратди. Ўзбекистон ҳукумати эса жараён ҳақида ахборот беришни номаълум сабабларга кўра яна бир ҳафта кутди.

Ҳукуматнинг бошланиб бўлган қурилиш ҳақида сўнгги лаҳзага қадар сукут сақлагани баъзи интернет-фойдаланувчиларнинг "беш ойда шунчалик ўзгарган бу бир неча юз млн долларлик лойиҳа тўрт йилда яна саноқсиз марта ўзгартирилади ва ҳеч ким ҳисобот ҳам бермаса керак" деган эътирозларига сабаб бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар