Мирзиёев Жиззахда Шароф Рашидов ҳайкалини очди

Шароф Рашидов ҳайкали Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook.com/Mirziyoyev

Ўзбекистон Президенти Мирзиёев бошчилигида Жиззах шаҳрида давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов ҳайкали очилди. Президент ва меҳмонлар ташрифи муносабати билан шаҳардаги олийгоҳ талабаларига бир кунлик ўқиш бекор қилинган.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар Жиззах темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.

Шароф Рашидов ҳайкали адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан очилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач шўролар даврида номи қораланган Рашидов оқланган ва унинг 75 йиллик юбилейи 1992 йили мамлакат бўйлаб кенг нишонланган эди.

Охунов: "Рашидов менга уй ажратганди. Бугунги президент санъатга қизиқмайди"

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Мирзиёев

Кузатувчиларнинг айтишича, шундан сўнг Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳокимиятни ўз қўли остида мустаҳкамлаб олгач мамлакатда Рашидов шахси унутила бошланган.

Ҳаттоки бир вақтлар Сирдарё вилоятидаги Шароф Рашидов номи билан аталган туман, кейинчалик Сардобага ўзгартирилди.

Унинг туғилган кунлари давлат миқёсида эсланмади.

Асли жиззахлик бўлган Шароф Рашидов Жиззахдан чиққан иккинчи давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев даврида яна эслана бошлади.

Шавкат Мирзиёев Президентликка номзод бўлиб турган вақтидаёқ Жиззахга ташриф буюриб Рашидовнинг номи яна абадийлаштиришилиши борасида ваъдалар берди.

Илк бўлиб Жиззах тумани Шароф Рашидов номига ўзгартирилди.

Шу йилнинг 27 мартидаги имзоланган "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорда Жиззах шаҳрида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш белгиланди.

Рашидовнинг уй музейи қайтадан таъмирланди.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари доирасида музей биноси кенгайтирилди, атоқли давлат арбоби ва ёзувчининг ҳаёт йўли ва ижодига дахлдор 2 минг 700 дан ортиқ экспонат билан таъминланди.

Музейга кираверишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди», деган сўзлари битилган.

Бинонинг ички ва ташқи қисми миллий меъморчилик анъаналари асосида безатилиб, анжуманлар залида Шароф Рашидов фаолиятига доир фильмларни намойиш этиш йўлга қўйилган.

"Музей ёнига Шароф Рашидов давлат хизмати чоғида фойдаланган поезд вагони ўрнатилди. Ундаги шароит ва буюмлар асл ҳолича сақланган", деб хабар беради ЎзА агентлиги.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар