Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили қанчага кўпаяди?

Одамлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Photo RUSTAM SHAGAEV

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг сони 32 миллион 511 минг кишидан ортган.

Бундан бир йил олдин статистика қўмитаси Ўзбекистон аҳолиси 32 миллионга етгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Бу Ўзбекистон аҳолиси бир йилда ярим миллионга кўпаяётганини англатади.

Қўмитанинг 1 октябргача тўпланган маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг сони 32511900 кишини ташкил этган.

2017 йил бошидан 1 октябргача аҳоли сони 391400 га кўпайган.

Давлат Статистика қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси 2 миллион 400 мингни, Тошкент вилояти аҳолиси 2 миллион 800 мингни, Самарқанд вилояти аҳолиси 3 миллион 700 мингни, Фарғона вилояти 3 миллион 600 мингни, Қашқадарё 3,1 миллион, Андижон 2,9 миллион, Наманган 2,6 миллион, Сурхондарё 2,5 миллион, Бухоро 1,8 миллион, Қорақалпоғистон 1,8 миллион, Хоразм 1,7 миллион, Жиззах 1,3 миллион, Навоий 900 минг, Сирдарё вилояти аҳолиси 800 минг кишини ташкил этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library

Қўмитага кўра, Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида истиқомат қиладиган аҳолисининг сони 16 миллион 600 минг, шаҳарликлар эса 16 миллион 451900 кишини ташкил қилган.

Ўтган йил Статистика қўмитаси 1 октябрда Ўзбекистон аҳолисининг сони 31 миллион 977 минг кишига етгани ҳақида маълум қилган эди.

2016 йилнинг 9 ойида аҳоли сони 401800 кишига кўпайган.

2017 йилнинг 9 ойи мобайнида 523600 чақалоқ туғилган.

Маълумотлар очиқлиги

Фото муаллифлик ҳуқуқи Stat.uz
Image caption Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси маълумотлари

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда яқин-яқингача ҳам энг оддий маълумотлар оммага ошкор этилмаган, шу сабабдан ҳам мамлакат аҳолисининг сони ҳақида турли даврларда турли маълумот эълон қилинган эди.

Ўзбекистоннинг халқаро ҳисоботлардаги чиройли кўрсаткичларини "бузиб қўймаслик" мақсадида туғилиш ва ўлим рақамлари ҳам яшириб келинган.

Охирги йилларда эса Давлат Статистика қўмитаси туғилиш ва ўлим, миграцияга оид рақамларни ҳам мунтазам эълон қилиб келаётгани олқишланарлидир.

Қўмитага кўра, Ўзбекистонда 2017 йилнинг 9 ойи мобайнида 116900 ўлим ҳолати қайд этилган.

Агар статистика қўмитаси маълумотларига таянилса, Ўзбекистонда инсонлар энг кўп қон айланиш тизими касалликлари туфайли оламдан ўтишган.

Бу кўрсаткич 116 минг ўлим ҳолатининг 60,5 фоизини ташкил этган.

Жами ўлимларнинг 11,9 фоизига бошқа сабаблар, 9,2 фоизи саратон, 6,2 фоизи бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар туфайли экани англашилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ