Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раиси Москвада кимлар билан учрашди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Россиядаги ўзбекистонлик талабалар

Москвада Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг ўзбекистонлик талабалар билан бўлиб ўтган учрашувида меҳнат муҳожирлари иштирок этмади.

Учрашув лаҳзалари BBC UZBEK YouTube каналида

Бевосита мулоқот кўринишида ўтказилган мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ташқи ишлар вазирлиги вакили Зафар Нурматов, Президент ҳузуридаги ҳавфсизлик кенгаши масъул ходими Исмоил Нурметов ва бошқа расмийлар қатнашиб, талабаларнинг саволларига жавоб беришди.

-Талабалар расмийларга "дипломимизни Ўзбекистонда нострификация қилишда, пул алмаштиришда қийналаяпмиз" каби муаммоларини айтдилар. Аниқ жавоб ўрнига, савол берувчининг шахсини сўраб ёзиб олишди, - дейди тошкентлик талаба Жаҳонгир.

"Соқол сенга нимага керак?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Қаҳрамон Қуронбоев

Йиғилишда қатнашган ўзбекистонлик ҳуқуқшуноснинг айтишича, Ёшлар Иттифоқи раиси ўқиш ҳақида сўраган талабанинг ташқи кўриниши учун омма ичида изза қилган.

""Шу соқол сенга нима керак? деб йигитни роса койиди", - дейди ҳуқуқшунос.

Учрашувда расмийлар орасида диний қўмита вакили ҳам бўлган ва раиснинг соқол борасидаги эътирозларини индамай эшитган.

Россияда энг кўп сонли ўзбекистонликлар ҳисобланган меҳнат муҳожирлари маросимга таклиф этилмади.

- Умуман, муҳожирлик ҳақидаги саволлар уларни энсасини қотирди, тайинли жавоб бермай гапни айлантириб юбораверишди. Юрист Шерматов мигрантлар муаммоларини айтаётганда, ҳеч қайси эшитмади ҳам. Ўзаро гаплашиб бир-бири билан хайрлашиб биттаси чиқиб кетди, - дейди андижонлик Жасур.

Ёшлар иттифоқи раисининг Россияга сафарини кузатган мутахассислар Қаҳрамон Қуронбоев муҳожирлик қонун қоидалари борасида ўз ваколати доирасига кирмайдиган вазифаларни ҳам ваъда берганини таъкидлашади.

-Паспорт йўқотган муҳожирларни Ўзбекистонга қайтаришга ёрдам берамиз, деб ваъда қилди. Агар хужжатсиз қайтаришга уринса, ташкилот чегара қонунини бузишни уюштирган ҳисобланади. Паспорт йўқолган ҳолда ўзбекистонликлар фақатгина элчихонадан бериладиган Ватанга қайтиш сертификати билан кета оладилар. Бу хужжатни элчихона ва ИИВ беришга ҳақли, дея изоҳ берди эксперт.

Собянин: патент тўловини яна ошириш керак

Россиядан Ўзбекистонга 192 миллион доллар кўп пул юборилган

Умри муҳожирликда ўтаётган ўзбеклар

"Ҳам ўқиб ҳам ишлаш мумкин эмас", дейди Қуронбоев. Миграция қонунчилигида эса Россияда талабалар рухсатнома расмийлаштириб ишлашлари мумкин".

Талабалардан бири қийналиб қолганлигини айтиб, "Ёшлар иттифоқи ташкилоти моддий ёрдам бера оладими?" - дея сўраган.

Қуронбоев унинг саволини очиқ қолдирилган.

Муаммолар борасидаги мурожаатларни эса Ёшлар иттифоқи раиси элчихонага йўналтирган.

Учрашувда раиснинг сўзларини йиғилганлар давомли қарсаклар билан олқишлашган. "Ёшлар Иттифоқининг раиси ёшлардан қочиб юрса, телефонини бермаса, у Ёшлар иттифоқини раиси бўлиб ишлашга ҳаққи йўқ", - деди Қуронбоев.

Савол берувчи йигит раис билан қандай боғланиш мумкинлигини сўраганида, "Муродилла деган йигитдан оласизлар", - деб жавоб берган.

Талабалар "Муродилла"даги телефон рақамида мобил оператор кодисиз ёзилганлигини билдиришди.

"Бу учрашувлар "хўжакўрсинга", улар бирон бир муаммони ҳал қилишига ишонмаймиз. Яқиндагина Россияда ишлаётган муҳожирларни ёмонлаб юрган Ёшлар Иттифоқи раиси янги Президентга "мана, бориб келдим" деган ҳисобот топшириш учун юрибди", - дейди ўзбекистонлик тадбиркор.

Москвадаги талабалар билан учрашув элчихонада тор доирада давом этди.

У ерда ўзбекистонлик санъаткорлар иштирокида концерт ўтказилди.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг Фейсбукдаги саҳифасида турли учрашувлардан фотосуратлар жойлаштириб борилмоқда.

8 ноябрь куни эса, Россия ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик Меморандумини имзолаганини ёзиб қолдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02