Ноҳақ ҳукмдан норози ота-оналар дўппосланди

Навоий вилоят суди олдидаги норозилик намойиши Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'zbek

Қийноқларга тутилган фарзандлари яна айбдор деб топилганидан норози ота-оналар Навоий вилоят суди биноси олдида 9 ноябрь куни норозилик намойиши уюштирди.

Ота-оналарнинг Би-би-сига айтишларича, кўп сонли милиция ходимларининг ҳозирлигида номаълум аёллар норозилик намойиши ташкилотчиларига ҳужум қилганлар, плакатларини йиртиб ташлаганлар.

Видеони BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

Ота-оналар сўзларига кўра, ноҳақ ҳукмдан норози инсонларга ташланганлар енгил табиат аёллар бўлган.

Пикет ташкилотчилари дўппосланишини Навоий шаҳри милицияси ходимлари бефарқ кузатиб туришган, фуқаро кийимидаги ходимлар эса Навоий вилояти суди олдида бўлаётган тартибсизликни видео тасвирга туширишда давом этаверган.

Норозилик амалиёти иштирокчилари ҳам ўзларига нисбатан бўлаётган қонунга зид ҳаракатларни мобиль телефонларида тасвирга туширган.

Милиция ходимлари айрим мобиль телефондаги видеоларни ўчириб ташлашга мажбур қилган.

Тасвирга олаётган бошқа пикет иштирокчиларига эса "бундан кейин Навоийда юришингни ўйла!" деган огоҳлантириш-таҳдидлар ҳам янграган.

Ота-оналарнинг ҳамда адвокатларнинг маҳкамани бошқа вилоятда ўтказиш талабларига қарамасдан, 9 ноябрь куни Навоий вилоят судида диний экстремизм ва терроризмда айбланган 4 йигитнинг аппеляция суди бўлиб ўтган.

Айбланувчилар дастлабки тергов мобайнида шафқатсиз қийноқларга тутилганлари ва қийноқлар остида айбига иқрорлик кўрсатмаларига имзо чекишга мажбурланганлари ҳақида гапириб берган.

Шунингдек, маҳкумлар қариндошларининг Президент Шавкат Мирзиёевга, Республика Бош прокурорига ва оммавий ахборот воситаларига шикоятларидан кейин ўзларига жисмоний ва руҳий тазйиқлар бўлгани ҳақида аппеляция судига сўзлаган. Уларнинг эътирозларини судя инобатга олмаган.

Эрталабки соат 10 да бошланган ва кечки соат 19 да тугаган маҳкама дастлабки суд қарорини ўзгартиришсиз қолдирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ