Туркияда иш излаган ўзбек аёлнинг бошидан кечирганлари

Image caption Истанбулда минглаб ўзбекистонлик аёллар ишлайди.

Туркияда ишлаётган ўзбекистонлик аёлнинг YouTube порталига жойлаган видео мурожаати ижтимоий тармоқларда баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда. Исмини очиқлмаган муаллиф ўз видеосида Туркияда ишлаётган аёлларнинг аксарияти ҳалол йўл билан пул топаётганини айтади ва "янгийўллик имом"нинг Туркиядаги аёлларни гўёки фоҳишабозликда айблаганини қоралайди.

Туркияда визасиз сафар ва иш рухсатномаси олиш нисбатан осонлиги сабаб минглаб ўзбекистонлик қиз-жувонлар ишлаб келишмоқда. Улар қариялар ва болаларга энага, уй хизматкори, ошпаз, официант, сартарош ва бошқа паст маошли ишларда машғуллар.

Би-би-си билан суҳбатлашган бошқа ўзбекистонлик аёл видео муаллифининг фикрига тўла қўшилишини айтади. Унинг ҳикоясини сизга тақдим этамиз.

"Туркияга келганимга кўп вақт бўлгани йўқ. Олий маълумотли ўқитувчиман, ёшим 50дан ошган. Кўплаб танишларимнинг тавсияси билан Туркияга пул топиш учун яқинда келдим. Турмуш ўртоғимнинг рухсати билан, албатта. Аммо, бу ерга келгач, асл вазият қандай эканини ўз кўзим билан кўрдим ва кўп аёллар бошидан кечирган ҳикояларни эшитдим.

Истанбулга келган вақтимда менга иш топилмади. Қарияларга қараш бўйича иш қидиргандим. Менга айтишларича, ёшим 40дан юқори бўлгани учун иш топиш мушкул бўлар экан.

Охири бошқа шаҳар - Измирдаги бир озарий аёлнинг ширкатидан иш чиқди. Измирга учиб бордим. У мендан паспортимни сўради. Паспортини олдириб қўйган аёллар ҳақида аввал эшитганим учун, паспортимни бермадим. Копиясини бердим, шу кифоя бўлди.

У менга Измирда бадавлат чол-кампир борлиги, чолини қарашга кампир қийналаётгани ва менинг ишим шу ишда кампирга ёрдам бериш бўлишини тушунтирди. Ойлигим 550 доллар бўлиши, ҳар икки ҳафтада менга 1 кун дам олиш куни берилишини тушунтирди.

Измирдаги гўзал уч қаватли виллага етиб келдик. Кекса жуфтликнинг бир ўғли ҳам уйда бор экан. У Истанбулда кардиолог шифокор бўлиб ишлашини айтди. Отаси ҳозирда шифохонада экани, яқин кунларда келиб қолишини билдирди.

Афтидан ҳаммаси жойида эди. Аммо, уй эгаси бўлмиш онахон бир дақиқа ортимдан қолмасди. Турклар ўзбекларни энг қолоқ, учинчи дунёдан келган қашшоқлар деб билишар экан. Онахон бир зум мени тинч қўймай, менга ошхона ва ҳаммомни қандай ишлатишни ўргатишга уринарди.

Таҳорат учун ваннахонага кирмоқчи бўлсам, эшикдаги калитни олиб қўйди. Ортимдан кириб, туалетга қандай ўтиришни менга намойиш қилди.

Душни ёқиб, иссиқ сувни ишлатаман десам, йўл қўймасди. "Ўзбекистонда душ борми?" дейди.

"Албатта, бор. Мен Африкадан келганим йўқ", дедим.

Иссиқ сувга барибир рухсат бермади. Совуқ сувда чўмилишим керак экан. У эса қараб турар экан. Норозилигимни кўриб, ҳали ҳам нимагадир Истанбулдаги ишига қайтиб кетмаётган ўғлини чорлади.

"Бизда Туркияда ҳамма совуқ сувда таҳорат қилади", деди ўғли можаромизга аралашиб.

Икки кун шу аснода ўтди. Кампир ҳар бир ҳаракатимга, жумладан сочимга ҳам гап топди.

"Сочинг узун экан. Меникидай калта қилиб кестирамиз. Ҳозир сени сартарошимга олиб бораман деди". Рози бўлмадим.

Image caption "Бегона юрт"

Ниҳоят бобони касалхонадан олиб келишди. Турк ҳамширалари баҳайбат қарияни тез ёрдам машинасидан ногиронлар курсисига кўчиришга уринар эканлар, қария тўхтамай ҳамшираларга осиларди. Ўпаман, ўпай, дерди. Ҳамшира бечора охири ўптирди.

Менга эса бой хола "Қара, ўрган, курсини торт," деб ғувилларди.

Энди билсам, Альцгеймер билан оғриган чол аслида руҳий шифохонада бўлган экан. Менинг ишим эса унинг памперсларигача алмаштириб, туни билан у билан бир хонада ухлаш экан.

Бу ишнинг менга оғир келиши ва аҳлоқ жиҳатдан умуман тўғри келмаслигини уларга тушунтиришга уриндим. Аммо, кампир кўп норози бўлди. Нега олдиндан айтмадинг, дейди. Аслида тажрибасизлигим сабаб, олдиндан ўзим бу шароитларни сўрамаган эканман.

Уйдан шу асно чиқиб кетдим, ва иш берувчи озарий аёлга ҳам айтмай, Истанбулга қайтиб учиб келдим.

Ҳозирда ёш оилада бир гўдакка энагалик қиляпман.

Менга бошқа ўзбекистонлик энага аёлларнинг айтишларича, қарияларга қараш энг оғир ишлардан экан. Уларни каравотдан кўтариб, ваннада чўмилтириш, кийинтириш, остини тозалаш ўта қийин иш. Ҳатто бир 57 ёшли ватандошимиз ўзи қараган бемор кампирни кўтараман деб юрак хуружидан вафот этибди. Синглиси сарсон бўлиб жасадини Ўзбекистонга олиб кетибди.

Бошқа тошкентлик аёлнинг ҳикоясига кўра, бемор саналган 77 яшар чол ойига қўшимча 100 долларга унга машъуқа бўлишни ҳам таклиф қилибди.

Бу каби ҳикоялар кўп. Бу ерда қанча кўп ўзбек аёл бўлса, шунча ҳикоя кўп."

Ўзбекистон Ҳаво Йўллари: чиптангиз бўлса, нега учолмайсиз?

Туркия-Ўзбекистон: Хотин-қизларга тегажоқлик шу даражадами?

Бу мавзуда батафсилроқ