"Мирзиёевга шикоят қилаётганим учун босимга учрадим"

Дилшода Тонготарова Мирзиёевга мурожаат қилган эди Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova
Image caption Дилшода Тонготарова Мирзиёевга мурожаат қилган эди

Навоийдаги куч тизимлари устидан Мирзиёевга шикоят қилган аёл босим ўтказилганини айтмоқда. Дилшода Тонготарованинг Би-би-сига маълум қилишича, номаълум кимсалар машинаси ғилдиракларини ўткир тиғли темир билан қирқиб кетган.

"9 ноябр куни суд ҳукмидан норози бўлиб митинг ўтказилди. Инобат опа пикет қилишимизни олдиндан 102 га телефон қилиб огоҳлантирганди. Аммо ўша куни милиция нотаниш аёлларга намойиш қилганларни дўппослаттирди. Қўлимдаги неварам қўрқиб кетмасин, деб мен узоқроқдан кузатиб турдим", - дейди Дилшода Тонготарова.

Дилшода Тонготарова билан суҳбатни BBC O'zbek хизматининг YouTube даги каналида тингланг.

Қийноққа тутилгани айтилаётган Санъат Салимовнинг онаси Дилшода Тонготарова суд олдидаги намойишдан бир кун ўтиб тонгда машинаси ғилдаклари қирқилганига гувоҳ бўлган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
"Навоийдаги куч тизимларига Мирзиёевнинг кучи етмайдими?"

"Бу аниқ ички ишларнинг иши. Мен бу маҳаллада 26 йилдан бери ҳеч бир муаммосиз яшаб келаман. Маҳалламиз тинч бўлганидан оёқ кийимларимизни подъездга ечиб кирамиз. Бу безориларнинг иши эмас. Мирзиёев олдига борамиз, деганимиз учун бизга ўтказилаётган босим бўлиши мумкин", - дейди у.

Навоийда Россияда ишлаб келган бир гуруҳ йигитлар терроризм ва Суриядаги ИШИД гуруҳига одам ёллашда айбланиб турли муддатларга ҳукм қилинган.

Уларнинг ота-оналари тергов вақтида фарзандларига "даҳшатли қийноқлар" қўлланилганини ва кўрсатмалар қийноқ ва таҳдидлар асосида олинганини айтишади.

9 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича маҳкамада олдинги ҳукм ўз кучида қолдирилган.

Ҳукмдан норози ота-оналар норозилик намойиши ўтказишга ҳаракат қилган.

Бироқ уларнинг айтишича, олдиндан тайёрлаб қўйилган нотаниш аёллар пикетчиларни дўппослаган. Ўнлаб милиция ходимлари ушбу дўппослашларга томошабин бўлиб турган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Тергов давомида майиб қилинган фарзанднинг онаси Мирзиёевга мурожаат қилди

Дилшода Тонготарова олдинроқ Шавкат Мирзиёевга видео мурожаат қилиб, Навоийдаги куч тизимларидаги ноҳақликларга барҳам беришни сўраган эди.

Терговчи Мақсуд Фармонов "додангни (Мирзиёев) формага кучи етмайди, деган. Ким улар? Навоий алоҳида республиками", - дейди Дилшода Тонготарова.

Навоийдан Дилшода Тонготарованинг фарзанди Санъат Салимов 2015 йил ушланган ва 2016 йил апрел ойида суд уни 7 йилга ҳукм қилган. Дилшода Тонготарованинг айтишича, унинг ўғлини қийнаш орқали яна бошқаларга қарши кўрсатма беришга мажбурлашган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02