Сурия-Чеченистон: ‘Ўзбекистонликлар Грознийда’

Путин ва Қодиров Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Бу ҳақда Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ўзининг 'Instagram'даги шахсий аккаунтида хабар берган.

Чечен раҳбари Суриядан ортга қайтарилган хотин-қиз ва болаларни Грозний аэропортида кутиб олиш лаҳзалар акс этган видеони ҳам ўз хабарига илова қилган.

Видеони BBC O'zbekнинг YouTube каналида томоша қилинг

Президент Қодировнинг маҳаллий вақт билан кеча тунга яқин ёзишича, самолёт бортида жаъми 41 киши бўлган.

Улардан 34 нафари Россия, қолган еттитаси эса, Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларидир.

Чечен раҳбарининг айтишича, бу аёллар ва болалар оталари ҳамда эрларининг "жиноий бемулоҳазалиги" сабаб, жанг жабҳасига тушиб қолишган.

Мазкур хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Суриядан ортга қайтарилганлар Грозний аэропортида ўз қариндошлари ва яқинлари билан кўришишга имконли бўлишган.

Аммо уларнинг орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси экани айтилаётган "йўловчи"ни ҳам қарши олишга келганлар бор-йўқлиги маълум эмас.

Яқин Шарқ: Ўзбекистонлик '1500 ИШИДчи' жангарига нима бўлди?

ИШИДчилар Марказий Осиёга қайтадими?

Президент Қодиров келтирган рақамларга таянилса, бу - ўзлари Яқин Шарқдаги "оловли нуқталар"дан олиб чиқишга муваффақ бўлган иккинчи гуруҳ одамлар бўлишади.

Унинг айтишича, бундан аввал Сурия ва Ироқдан элликка яқин хотин-қиз ва болани қутқаришга муваффақ бўлишган.

Чеченистон раҳбарига кўра, бу ишларнинг барчаси Россия Президенти Владимир Путиннинг топшириғи асосида амалга оширилган.

Президент Путин суриялик ҳамкасби Башар ал-Ассад билан Москвадаги сўнгги учрашуви чоғида минглаб собиқ Шўро давлатлари фуқароларининг Яқин Шарқда жанг қилишаётганидан ўз хавотирларини изҳор этган.

Бу омилни Суриядаги ҳаво амалиётларига бош қўшишларининг асосий сабабларидан бири сифатида ҳам тилга олганди.

Яқинда эълон қилинган халқаро ҳисоботга таянилса, Сурия ва Ироқда 1500 нафар Ўзбекистон фуқароси ИШИД сафларида жанг қилишган.

Аммо, Америка "Soufan" тадқиқот марказининг эътироф этишича, ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқ.

Бу - собиқ Шўро давлатлари назарда тутилганда, Россиядан кейин қайд этилган иккинчи йирик рақам бўлганди.

Сўнгги янгиликка ҳозирча Ўзбекистон томонининг расмий муносабати имконли эмас.

Бошқа томондан, Рамзан Қодировнинг хабарида Грознийга келтирилган ўзбекистонликларнинг бундан кейинги тақдирлари нима бўлиши ҳам очиқланмаган.

Россия томонининг сўнгги саъй-ҳаракатлари ИШИД гуруҳи Яқин Шарқда йирик мағлубиятга учрагани ва гуруҳ асос солган исломий халифалик парчаланганига оид хабарлар манзарасида кузатилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02