Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистондаги ислоҳотлардан мамнун

валюта жамғармаси Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Халқаро валюта жамғармасининг Алберт Егер бошчилигидаги ҳайъати 7 дан 16 ноябаргача Тошкентда бўлди. Ташкилот вакиллари Ўзбекистон расмий идоралари билан иқтисодиётдаги кейинги ислоҳотлар ва макроиқтисодий кўрсатгичларни аниқлаб олиш борасида муҳокамалар ўтказган.

"Ҳайъат Ўзбекистон ҳукуматини янада самаралироқ бўлган макроиқтисодий барқарорлик асосларига ўтиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ишлаб чиқилган иқтисодиётда сармоядорлик иқлимини яхшилаш ишларини ижобий баҳолайди", - дейилади халқаро жамғарма чиқарган хабарда.

Унда айтилишича, Ўзбекистонга ташриф буюрган делегация шу йилнинг сентябр ойида валюта бозорини либераллаштириш қадамини ижобий баҳолаган.

Ўзбекистон ҳукумати Халқаро валюта жамғармасига пул айирбошлаш курсларидаги фарқ йўқ бўлганидан сўнг кўп маҳсулотлардаги баҳоларни либераллаштириш, давлат ташкилотларини қайта структуралаш, халқаро савдо ривожи ҳамда хориж инвестициясини тўғридан тўғри жалб қилиш йўлидаги бошқа тўсиқларни бартараф этишини таъкидлаган.

Делегация ислоҳотларнинг кейинги қадамлар инвестицион иқлимни яхшилаш ва аҳолининг заиф қатламини ҳимоя қилишни таъминлаш бўлиши кераклигини урғулаган.

Халқаро ташкилот вакиллари ҳукуматнинг инфляцияни ушлаб туриш учун қилаётган уринишларини олқишлаган.

"Инфляцияни янада самарали назорат қилиш учун Ўзбекистон Марказий банки ўзининг пул-кредит сиёсати асосини қайта кўриб чиқмоқда ҳамда операциялар имкониятини кенгайтирмоқда", деб ёзилади хабарда.

Делегация иқтисодий маълумотларнинг сифатини мукаммаллаштиришга ва уларнинг шаффофлигини ошириш йўлида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинаётган ишларни эътироф этган.

Маълум бўлишича, 2018 йилнинг феврал ойидан инфляция даражаси истеъмолчилар нархи индекси кўрсатгичлари асосида баҳоланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар