Жоанна Лиллис: Мирзиёев Ўзбекистон имиджини яхшилашни истайди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қасамёд қабул қилган пайти Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Бундан роппа-роса 1 йил олдин - 2016 йил 4 декабрида Ўзбекистондаги президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди.

Бугун Ўзбекистондаги Шавкат Мирзиёев президентлигининг 1 йиллиги сарҳисоб қилинганда, аксар таҳлилчилар Ўзбекистонда барча соҳаларда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бергани ҳолда мамлакат раҳбарияти эълон қилган ҳамма ислоҳотлар ҳам кўнгилдагидек бормаётганига эътибор қаратишади.

Би-би-си Британияда чиқадиган дунёнинг энг нуфузли журналларидан бири бўлмиш Economist мухбири, Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллисга, Президент Мирзиёев бошқарувининг бир йиллик ички сиёсатини қандай баҳолайсиз, деган савол билан мурожаат қилди.

Жоанна Лиллис: Албатта, Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти бўлган 1 йил давомида биз Ўзбекистонда катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдик. Президент Мирзиёев жуда кўп нарсаларни ўзгартирди. У оммавий ахборот воситаларига кўпроқ эркинлик берди. Биз жамиятда ҳали ҳам айрим чекловлар сақланиб қолаётганини кўрсак-да, Президент Мирзиёев Ўзбекистонда мавжуд бўлган муаммоларни очиқ муҳокама қилишга йўл очиб берди. Биз яхши эслаймиз, илгари Ўзбекистонда айрим муаммоларнинг борлиги ҳақида матбуотда гапириб бўлмас эди. Ҳозирга келиб биз буни ўзбекистонликлар ижобий қабул қилаётганларини кўрмоқдамиз. Оддий одамларнинг ўзлари муаммоларни кўтариб чиқмоқдалар. Бугунга келиб Интернет социал тармоқлари ва бошқа жойларда муаммолар муҳокама қилинаётганини кўриш мумкин. Иқтисодиёт соҳасида ҳам Шавкат Мирзиёев кўп ўзгаришларга қўл урди. Мисол учун, валютанинг "қора бозор"ини йўқ қилиш мақсадида қарор қабул қилди. Ҳозир ўзбеклар банкдан нақд валютани сотиб ололмасалар-да, валюта бозори олдингига нисбатан эркин фаолият юритаяпти. Президент Мирзиёев иқтисодий соҳани жуда фаол ислоҳ қилаяпти. Бироқ сиёсий ислоҳотларга эҳтиёткорлик билан ёндашяпти.

Би-би-си: Сиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатини қандай баҳолайсиз?

Жоанна Лиллис: Бу йўналишда ҳам биз жуда кўп ўзгаришларни кўрдик. Мен ўйлайманки, бутун Марказий Осиёдаги инсонлар Ўзбекистон янги раҳбариятининг ташқи сиёсатини ижобий баҳоламоқдалар. Чунки жуда кўп ижобий ўзгаришлар юз берди. Хабаримиз бор, олдинги президент Ислом Каримовнинг ташқи сиёсатида қўшнилари билан муаммолари кўп эди. Шу боис Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабати яхши эмас эди. Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин ташқи сиёсат соҳасида ҳам ҳамма нарсани ўзгартирди. У қўшнилар билан мулоқот йўлларини излаш ва муносабатларни яхшилашга ҳам фаол киришди. Бундан олдин ёпиқ бўлган чегаралардан ўтиш-қайтиш пунктлари очилди. Хусусан, Фарғона водийсидаги Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасидаги нуқталар яна фаолият юрита бошлади. Шавкат Мирзиёев ўз президентлигининг бошидаёқ ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан муносабатлар устувор бўлиши ҳақида эълон қилганди. Бунинг ортидан Ўзбекистоннинг қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлиги ҳам кучаяётганини кўриш мумкин.

Би-би-си: Айни пайтда Президент Мирзиёев сиёсатига икки хил баҳо берилаётганини кўриш мумкин. Яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтган Би-би-си мухбири маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолининг шундай фикридан иқтибос келтирди: "кўпчилик бўлаётган ушбу эркинлаштиришлар косметик характерга эга ҳамда сармоялар ва кредитларни қўлга киритиш, чекловларни олиб ташлаш эвазига демократия кўринишини ясаш учун қилинмоқда деган хавотирда". Биз суҳбатлашган бошқа бир сиёсий таҳлилчи фикрича, Президент Мирзиёев ҳокимиятга келар экан, вазиятнинг инқирозли эканини жуда яхши билган ва Ўзбекистон ўз халқининг потенциалини ишга солиб мамлакат ривожланиш рельсига ўтиб олмаса эртами-кечми аниқ ижтимоий-сиёсий портлаш рўй беришини яхши англаган. У демократик ислоҳотларни чин дилдан истайди, бироқ жамиятдаги ўзгаришларни хоҳламайдиган консерваторлар Президент Мирзиёев ислоҳотларига тўсқинлик қилмоқдалар. Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Жоанна Лиллис: Биринчидан, шуни айтиш лозимки, чиндан ҳам Ўзбекистондаги ҳозирги ислоҳотлар декоратив характерга эга, деган фикрлар мавжуд ва қайсидир маънода бу тўғри ҳам. Мен Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имиджини яхшилаб сармояларни жалб қилишни хоҳлайди, деган фикрдаман. Шунинг учун ҳам у Ўзбекистоннинг халқаро имиджини яхшилаш чора-тадбирларини кўраяпти. Бунинг ортидан қайсидир соҳаларда яхшиланиш юз бераяпти. Шундай бўлса ҳам Мирзиёев ислоҳотлар борасида қайсидир нуқтадан нарига ўтишни хоҳламаслиги мумкин. Мисол учун, сиёсий ислоҳотлар борасида. У сиёсий тузумни буткул ислоҳ қилишни истамаслиги мумкин. Биз Ўзбекистонда ҳозир чин мухолиф партиялар йўқлигини яхши биламиз. Ҳозирча Ўзбекистонда ҳақиқий эркин сайловлар бўлгани йўқ. Бундай вазият яқин орада ўзгаради, деб ўйламайман. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистондаги ҳозирги ўзгаришлар декоратив характерга эга, деган гапда жон бор. Декоратив бўлса ҳам одамларнинг реал ҳаётларида ўзгаришлар бўлаётгани кузатилаяпти. Мирзиёевнинг ислоҳотларига қаршилик бўлаяптими, деган саволга келсак, мен ҳам қаршилик бор, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда статус-кво аҳволи сақланиб қолишидан манфаатдор бўлган кучлар мавжуд. Мисол сифатида Миллий Хавфсизлик хизматини тилга олиш мумкин. Мирзиёевнинг ислоҳотларига тўсқинлик қилаётган бошқа кучлар ҳам бор. Лекин ўзи истаган мақсадига эришиши йўлида, ўзига бўлаётган бу қаршиликларни енгиб ўтишда Президент Шавкат Мирзиёев нақадар кучли? Ҳозирча биз у ўз сиёсатини давом эттиришга муваффақ бўлаётганини, ўзига қаршилик қилаётган бўлсалар ҳам бошлаган ислоҳотларини давом эттираверишга ўзида куч топа олаётганини кўрмоқдамиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ